Ҳамас Исроил билан сулҳ бўйича янги таклифни қабул қилди
Исроил ва Ҳамас ўртасидаги ўт очишни тўхтатиш масаласи яна музокаралар столида.

Фото: AFP
Фаластиннинг Ҳамас гуруҳи воситачиларнинг Ғазо секторидаги оташкесимни тиклаш ва 50 кунлик сулҳ эвазига яна беш нафар исроилликни гаровдан озод қилиш бўйича таклифини қўллаб-қувватлашини маълум қилди.
Ҳамаснинг Ғазо секторидаги етакчиси Халил ал-Хайя шанба куни кечқурун гуруҳ Миср ва Қатар музокарачилари томонидан юборилган келишув лойиҳасини маъқуллаганини билдирди.
«Икки кун олдин Миср ва Қатар воситачиларидан таклиф олдик. Биз унга ижобий муносабатда бўлдик ва уни қабул қилдик», - деди Ҳамас гуруҳига ўт очишни тўхтатишни таъминлашга қаратилган музокараларда раҳбарлик қилаётган ал-Ҳайя ўз видеомурожаатида.
Хавфсизлик соҳасидаги манбалар пайшанба куни Reuters агентлигига хабар беришича, Миср Исроилдан ҳам янги таклиф бўйича ижобий сигналлар олган.
Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу идораси ҳам режа етиб келгани ва «воситачиларга Қўшма Штатлар билан тўлиқ мувофиқлаштирилган ҳолда жавоб таклифи» тақдим этилганини айтди.
Агар келишувга эришилса, бу Рамазон ҳайитига тўғри келиши мумкин.
Шанба куни Нетаняҳу идораси воситачиларнинг ўт очишни тўхтатиш таклифи бўйича маслаҳатлашувлар ўтказганини маълум қилганди. Бош вазир идораси Исроилнинг жавоб таклифи АҚШ билан келишилганини билдирган, бироқ қўшимча тафсилотлар келтирилмаган. АҚШ ҳозирча бу борада жамоатчиликка изоҳ бермади.
Томонлар ўртасида 19 январдан буён амалда бўлган сулҳнинг биринчи босқичи март ойи бошида тугаганди.
Томонлар шундан кейин келишувнинг иккинчи босқичи ҳақида келиша олмаганди.
Биринчи босқич давомида Ҳамас гаровдаги 33 кишисини озод қилди, улардан 25 нафари тирик ҳолда қайтарилди. Эрон томонидан қўллаб-қувватланаётган гуруҳ ҳали ҳам 59 кишини гаровда ушлаб тургани тахмин қилинмоқда (ва уларнинг ҳаммаси ҳам тирик эмас).
Аввалроқ Ҳамас Исроил қўшинларини Ғазодан тўлиқ олиб чиқиш ва урушни тўхтатиш эвазига гаровда қолаётганларнинг барчасини озод қилишни назарда тутувчи иккинчи босқич бўйича музокаралар бошланиши ҳақидаги дастлабки келишувга риоя қилишни талаб қилганди. Бироқ бундай музокаралар бошланмаётганди.
Бунинг ўрнига Исроил ва АҚШ сулҳнинг бир ой олдин тугаган биринчи босқичини уруш тугашига аниқ кафолат бермасдан узайтиришни таклиф қилди.
Исроил Ҳамасни муддатни узайтиришдан бош тортганликда айблади ва 18 март куни Ғазога ҳужумларни қайтадан бошлади.
Ҳамас назоратидаги Ғазо соғлиқни сақлаш вазирлиги ўтган вақт ичида Исроил ҳаво ҳужумлари оқибатида сектор бўйлаб 900 дан ортиқ одам ҳалок бўлганини хабар қилган.
Гаровда қолаётган исроилликларнинг қариндошлари Нетаняҳуни ўт очишни тўхтатиш режимини бузиб, уларнинг ҳаётини хавф остига қўйганликда айблади.
Гаровга олинганлардан бири Элкана Бохбот Ҳамас томонидан эълон қилинган янги видеода уни озод қилишларини сўраб илтимос қилгани акс этган.
Ҳамасга қарши уруш унинг аъзолари 2023 йил 7 октябрда Исроил жанубига ҳужум қилиб, 1200 га яқин одамни ўлдириши ва 251 кишини гаровга олиши ортидан бошланганди. Исроил бунга жавобан Ғазо секторига кенг кўламли босқин уюштирди, натижада 50 мингдан ортиқ фаластинлик ҳалок бўлган.
Мавзуга оид

07:48
«Бу ҳали якуний қарор эмас» – Ташқи ишлар вазирлиги БААда 3 нафар Ўзбекистон фуқароси ўлимга ҳукм қилинганини тасдиқлади

16:35 / 31.03.2025
БАА суди роҳиб қотиллигида гумон қилинган ўзбекистонликларни ўлимга ҳукм қилди – ОАВ

13:09 / 29.03.2025
Исроил Байрутдаги "Ҳизбуллоҳ" нишонларига ҳужум қилинганини билдирди

10:11 / 28.03.2025