Ўзбекистон | 15:58 / 29.03.2025
3229
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон ва Қозоғистон етакчиларининг норасмий учрашуви бўлиб ўтди

Мирзиёев ва Тўқаев иштирокида Ўзбекистон-Қозоғистон яхши қўшничилик, стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларини изчил мустаҳкамлаш масалалари атрофлича кўриб чиқилди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Президент Шавкат Мирзиёев ва Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев 29 март куни Олмаота шаҳрида норасмий учрашув ўтказди.

Қайд қилинишича, икки мамлакат делегациялари иштирокида Ўзбекистон-Қозоғистон яхши қўшничилик, стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларини изчил мустаҳкамлаш масалалари атрофлича кўриб чиқилди.

Суҳбат аввалида давлат раҳбарлари бир-бирини ҳамда қардош халқларни баҳор айёми Наврўз ва яқинлашиб келаётган Рамазон ҳайити билан самимий қутлади.

Ўзбекистон билан Қозоғистон ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорлик юксак даражага кўтарилгани алоҳида мамнуният билан қайд этилди. Барча даражаларда фаол мулоқотлар олиб борилмоқда. Товар айирбошлаш ҳажми йил бошидан буён 14 фоизга ошди, умумий қиймати 4 миллиард доллардан зиёд инвестиция лойиҳалари портфели шакллантирилди, яқин ҳудудлараро алоқалар ва маданий-гуманитар алмашинув ривожланмоқда.

Давлат раҳбарлари Ўзбекистон ва Қозоғистон Бош вазирлари ўринбосарларининг ўзаро савдони кўпайтириш, машинасозлик, электротехника, нефть-газ, тўқимачилик, қишлоқ хўжалиги ва бошқа устувор тармоқларда етакчи корхоналарнинг кооперация лойиҳаларини илгари суриш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар тўғрисидаги ҳисоботларини тинглади.

Президентлар саноат кооперацияси бўйича узоқ муддатли дастурни шакллантириш, минтақавий аҳамиятга эга инфратузилмавий лойиҳаларни жадаллаштириш юзасидан аниқ топшириқлар берди.

Жорий йилда Халқаро саноат кооперацияси марказини ишга тушириш бўйича амалий ишларни бошлаш, қўшма ташқи савдо компанияси фаолиятини кенгайтириш муҳимлиги қайд этилди.

Минтақавий кун тартиби, шу жумладан яқин ойларда Ўзбекистонда ўтказиладиган Марказий Осиё саммитларига тайёргарлик юзасидан фикр алмашилди.

Бўлажак икки ва кўп томонлама тадбирлар режаси ҳам кўриб чиқилди.

Мавзуга оид