Рамазонда ҳам тўхтамаган қирғин, Европа режалаштираётган тинчлик режаси ва Пентагон раҳбарининг янги татуировкаси — кун дайжести
Ўтган кун давомида жаҳонда рўй берган энг асосий воқеалар ва янгиликлар шарҳи билан кундалик хабарномамизда таништирамиз.
Исроил Рамазонда ҳам қирғинни давом эттирмоқда
Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған Ғазода Исроил амалга ошираётган амалиётларни кескин қоралаб чиқди. Унинг сўзларига кўра, Ғарб давлатларининг сукути ортидан Исроил Рамазон ойида ҳам Ғазода ҳаво ҳужумларини кучайтирган.
«Сўнгги ёвуз ҳужумлар оқибатида 700 дан ортиқ фаластинлик, асосан болалар ва аёллар ҳалок бўлди», — деди Эрдўған Қуръон тиловати танловида.
Туркия раҳбари Ғазо ҳудудининг 80 фоизга яқини вайрон этилганини, шифохоналар ва тиббий муассасалар атайлаб нишонга олинаётганини таъкидлади.
«Фаластинлик биродарларимизни охиригача ёлғиз қолдирмаймиз. Инсонпарвар ёрдам, дипломатия ва принципиал сиёсат орқали уларни қўллаб-қувватлашда давом этамиз», — дея ваъда берди у.
Бу орада Ғазо секторида Туркия томонидан қуриб берилган, онкологик касалликларга чалинган беморларни давoлашга ихтисослашган турк-фаластин дўстлиги шифохонаси Исроил армияси томонидан вайрон қилингани ҳам маълум қилинди.
Европа режалаштираётган тинчлик режаси
Франция, Буюк Британия ва Германия делегациялари Киевга келиши кутилмоқда. Улар Украинада ўт очишни тўхтатиш бўйича аниқ режалар ишлаб чиқади.
Украина президенти Володимир Зеленскийнинг сўзларига кўра, Франция ва Британия раҳбарлари — Макрон ва Стармер — Европа номидан ҳаракат қилади. Бу Вашингтонга ҳам аниқ сигнал бўлиши лозим.
Кун тартибидаги асосий масала — Украинада Европа тинчликпарвар кучларини жойлаштириш. Франция Днипро дарёси бўйлаб, фронт чизиғидан узоқроқда тинчликпарвар кучларни жойлаштиришни таклиф қилмоқда.
Буюк Британия ва Франция бўлинмалари йирик шаҳарлар, портлар ва муҳим инфратузилма яқинида туриши кутиляпти. НАТО эса урушдан кейинги давр учун тайёргарлик кўрмоқда.
Бу орада Германия ташқи ишлар вазири Анналена Бербок оташкесимнинг Путин шартлари билан имзоланиши урушнинг якунланиши эмас, кейинги босқинга тайёргарлик кўрриш бўлишини айтди.
«Бизнинг Путин урушига қарши жавобимиз куч орқали тинчликка эришиш бўлиши керак. Европанинг бирдамлиги ва қатъияти орқали тинчлик», деган Бербок.
Зеленский: «Путин ўлади ва ҳаммаси тугайди»
Украина президенти Володимир Зеленский Россия раҳбари Владимир Путиннинг умри узоққа бормаслигига ишонч билдирди. Унинг сўзларига кўра, Путиннинг ўлими урушнинг тугашига олиб келади.
«У яқин орада ўлади, бу — факт. Ва барчаси тугайди», — деди Зеленский Eurovision News’га берган интервьюсида.
У яна бир бор Ғарб давлатларини Кремлга босимни кучайтиришга, санкциялар орқали Россиядаги вазиятни издан чиқаришга чақирди.
Зеленский Путинни «изоляциядан қўрқувчи инсон» деб атади ва Ғарбга «суперкуч эмас, ҳақиқий кучини» намоён этишни таклиф қилди.
Шунингдек, Зеленский Путин вақтдан ютишга уринаётгани, Россия қўшинлари эса Суми, Харкив ва Запорожжя областларига янги ҳужум уюштиришга тайёрланаётганини таъкидлади.
«Улар музокараларни чўзяпти ва АҚШни сохта «шартлар» билан охири йўқ, мазмунсиз баҳсларга тортишга уринмоқда. Шунда вақтдан ютиб, кейин яна кўпроқ ҳудудларни эгаллашга ҳаракат қилишади», — деди Украина етакчиси.
Путин Украинадаги оташкесим ҳақида
Россия президенти Владимир Путин Украинада оташкесимга эришиш масаласига тўхталар экан, айни пайтга келиб Луҳанск области ҳудудлари 99 фоизга, Донецк, Запорижжя ва Херсон областлари ҳудудлари эса тахминан 70 фоизга Россия қўшинлари томонидан назоратга олинганини қайд этди.
«Қўшинларимиз ҳар куни янги ҳудудларни озод қилмоқда», — деди у.
Путин Украинадаги тинчлик музокараларини фақат Россия манфаатларини ҳисобга олган ҳолда ўтказиш мумкинлигини таъкидлади.
Унга кўра, Володимир Зеленскийнинг «муддати аллақачон тугаган» ва у билан бирга Украинадаги барча расмий шахслар ҳам лавозимларида ноқонуний ўтиришибди. Шу боис Россия «ким билан музокара ўтказишни ҳам билмаяпти».
Путиннинг фикрича, ҳокимиятнинг нолегитимлиги шароитида ҳозирга келиб Украинада «Азов» сингари неонацист тузилмалар ҳукмронлик ўрната бошлаган. Шу сабабли Путин Зеленскийни ҳокимиятдан четлатиб, Украинани Папуа—Янги Гвинея, Шарқий Тимор сингари БМТ бошқаруви остида бошқариш таклифини ҳам ўртага ташлаган.
Европа санкцияларни юмшатишдан бош тортди
Париждаги Украина бўйича саммитда Европа етакчилари Россияга қарши санкцияларни бекор қилишнинг мавриди эмас, деган якдил тўхтамга келишди.
Британия бош вазири Кийр Стармер бу «санкцияларни ечиш фусати етмагани»ни билдирди. Унинг таъкидлашича, аксинча, АҚШ ташаббуси асосида Россияни музокаралар столига ўтказиш учун санкцияларни кучайтириш масаласи муҳокама қилинган.
«Токи Россия агрессияни давом эттирар экан, санкциялар юмшатилмайди», – деган Франция президенти Эммануэл Макрон ҳам.
Президент Володимир Зеленский ҳам бу қарорни қўллаб-қувватлаб, Россияга нисбатан босимни оширишни исташини айтди.
АҚШ ва Украина Саудия Арабистонида Қора денгиздаги сулҳ бўйича келишувга эришганди. Аммо Москва санкциялар ечилмас экан, бу келишувга риоя қилмаслигини билдирди. Хусусан, руслар «Росселхозбанк»ни SWIFT тизимига қайта улашни асосий талаб сифатида қўйишмоқда.
Бироқ SWIFT Европа Иттифоқи юрисдикциясида, европаликлар эса тинчлик музокараларига жалб этилмаган. Германия расмийлари санкцияларни қайта кўриб чиқиш ҳақида хабардор эмаслигини маълум қилди.
Қолаверса, Европа Иттифоқи токи Россия қўшинлари Украинадан бутунлай чиқиб кетмас экан, чекловларни олиб ташламаслигини аниқ билдирди.
Таҳлилчиларга кўра, Москванинг SWIFT'га оид шартлари амалга ошмаслиги олдиндан маълум. Бу Россияга келишув бузилишида Ғарбни айблаш учун имкон беради. Агар Европа Иттифоқи бу талабни рад этса, Кремл уларни тинчликни истамасликда айблайди. Агар АҚШ бу борада Европага босим ўтказса, Россия буни Европа устидан назоратга далил сифатида кўрсатиб, орани бузишга ҳаракат қилади.
Пентагон раҳбарининг янги татуировкаси
АҚШ мудофаа вазири Пит Ҳегсет ўнг қўлига араб ёзувида «кофир» — яъни «ишончсиз» ёки «динсиз» деган сўзни татуировка қилдирди. Бу ҳақда Америка оммавий ахборот воситалари хабар берди.
Маълумотларга кўра, бу тату Ҳегсет вазирлик лавозимига келгандан кейин пайдо бўлган — аввал бундай белгилар унинг қўлида пайқалмаган.
Тахминларга қараганда, у ушбу ёзув орқали ўз сиёсий ва дунёқараш позициясини намоён этмоқчи бўлган. «Кофир» ёзувли татуировкалар ғарб давлатларида ултраўнг исломофоблар орасида машҳур. Улар бу сўзни провокацион рамз сифатида ишлатишади.
Вазирнинг танасида салиб юрувчиларга хос «Қуддус хочи» иброний ёзувда «Исо» сўзи на XI асрдаги салибчиларнинг «Deus Vult» («Худонинг иродаси») ёзуви ҳам бор.
Аввалроқ Ҳегсет насроний сионизми тарафдори эканини яширмаган ва Исроилнинг Фаластинни оккупация қилишини мусулмонларга қарши илк салиб юришига қиёслаган.
1980 йилда туғилган Пентагон раҳбари Афғонистон ва Ироқда, шунингдек, Гуантанамо қамоқхонасида ҳарбий хизмат қилган.
Москва Арманистон олдига танлов қўйди
Россия Арманистон Европа Иттифоқига қўшилиш жараёнини бошласа, у билан барча иқтисодий муносабатларни қайта кўриб чиқишини билдирди. Бу ҳақда РФ бош вазири ўринбосари Алексей Оверчук арман парламенти қонунни қабул қилганидан сўнг таъкидлади.
Оверчукнинг сўзларига кўра, Арманистон Евросиё иқтисодий иттифоқи ёки Европа Иттифоқидан бирини танлаши шарт. «Бирйўла икки стулда ўтирадиган пайт тугади», деди у. Унинг айтишича, 2024 йилда Россия ва Арманистон ўртасидаги савдо ҳажми 12,7 млрд доллар бўлган, Европа Иттифоқи билан эса бу кўрсаткич атиги 2 млрд долларга етган.
Оверчук Евросиё иқтисодий иттифоқи савдо алоқалари фойдалироқ эканини таъкидлади. Кремл ҳам бу икки ташкилотда бир вақтда аъзо бўлиш мумкин эмаслигини эслатди.
Мавзуга оид

13:20 / 29.03.2025
Маянма ва Таиланддаги кучли зилзила, Исроилда қайтадан авж олган намойишлар ва Трампдан ўч олмоқчи бўлаётган иттифоқчилар — кун дайжести

14:08 / 27.03.2025
Нусайрат лагерига ташланган бомба, Ҳинд океанида куч тўплаётган АҚШ ва Истанбулнинг муваққат ҳокими — кун дайжести

13:05 / 26.03.2025
ҲАМАСга яна таҳдид қилган Исроил, Ар-Риёддаги музокаралар якуни ва еттинчи муддатига киришган Лукашенко — кун дайжести

14:07 / 25.03.2025