Жаҳон | 22:42 / 27.03.2025
3676
2 дақиқада ўқилади

Савдо уруши фонида олтин нархи янги рекордга етди

АҚШ президенти Доналд Трамп томонидан импорт автомобилларига янги божлар жорий этилиши ҳақидаги баёнотдан сўнг, дунёдаги савдо кескинлашуви ва фонд бозорларида пасайиш ортидан сармоядорлар хавфсиз активлар — жумладан, олтин сотиб олишга ўтишди. Бу эса қимматбаҳо металл нархининг янада оширишга ва янги рекордга етишига хизмат қилди.

Фото: medium.com

Бир қатор давлатлар Вашингтоннинг ушбу ҳаракатларига қарши жавоб чоралари кўрилиши мумкинлигини маълум қилди.

Тошкент вақти билан 20:34 да спот бозорида олтин нархи 1,21 фоизга ўсиб, бир троя унцияси учун 3055,69 долларга етди. Савдо пайтида эса ун яна бир тарихий рекордни янгилаб, 3057,78 долларни ташкил этди. Бу — жорий йил бошидан бери олтин учун 17-маротаба рекорд даража қайд этилган ҳолат.

RJO Futures компанияси вакили Боб Ҳаберкорннинг таъкидлашича, яқин вақт ичида фючерс нархлари 3100 доллар чегарасига етиши мумкин. Бунинг асосий сабаби эса — сармоядорлар томонидан олтинни «панадаги актив» сифатида танланиши. Бу, ўз навбатида, Трампнинг тариф сиёсати атрофидаги ноаниқлик билан боғлиқ.

Шу билан бирга, инвесторлар жума куни АҚШда шахсий истеъмол харажатлари индекси (PCE) эълон қилиниши кутилаётганидан умидда. Бу индекс — АҚШ Марказий банки (ФЗТ) фоиз ставкаларига доир кейинги ҳаракатлар юзасидан маълум ишора бўлиши мумкин.

«Агар PCE кўрсаткичи кутилгандан яхши чиқса, бу олтин нархи учун янада ўсиш имконини беради. Чунки бу ҳолат ФЗТга ставкаларни тушириш учун кўпроқ имконият яратиб беради», — деди Ҳаберкорн.

Қимматбаҳо металлардан яна палладий нархи 0,99 фоизга ошиб, унцияси 977,71 долларни ташкил этди. Кумуш нархи эса 1,88 фоизга ўсиб, 34,34 долларга етди. Платина ҳам 1,12 фоизга қимматлаб, 985,55 долларни ташкил этди.

Мавзуга оид