Жаҳон | 15:36 / 27.03.2025
4995
6 дақиқада ўқилади

Ар-Риёддаги учрашувда нимага эришилган? Россия ва Украинанинг версиялари бир-биридан фарқ қилмоқда

25 март куни Саудия Арабистонида АҚШ Украина ва Россия билан алоҳида олиб борган музокаралар якунланди. Томонлар музокаралар якунлари бўйича расмий хабарларини эълон қилди, бир қарашда бу баёнотлар бир-бирига очиқчасига зид кўринмасди, аммо кўп ўтмай Москва ва Киев эришилган келишувларни бутунлай бошқача талқин қилаётгани маълум бўлди.

Денгиздаги сулҳ масаласи

Доналд Трамп маъмурияти томонидан эълон қилинган хабарда (Оқ уй бир вақтнинг ўзида иккита релиз эълон қилди – бири Украина делегацияси билан, иккинчиси Россия делегацияси билан учрашув ҳақида) айтилишича, учала томон ҳам Қора денгизда хавфсиз кема қатновини таъминлаш ва куч ишлатмасликка келишиб олган. АҚШ ҳеч қандай қўшимча шартлар ҳақида хабар бермади. Пресс-релизда алоҳида қайд этилишича, Вашингтон Россиянинг қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ва ўғит ишлаб чиқарувчилари жаҳон бозорларига киришини «тиклашга ёрдам беради».

Тахминан бир соат ўтгач, Кремл ўз пресс-релизини эълон қилди, унда томонлар Қора денгизда «кемалар қатнови хавфсизлигини таъминлаш ва куч ишлатмаслик» тўғрисида келишиб олгани ва АҚШ Россия қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини жаҳон бозорларига етказиб беришни тиклашга «кўмаклашиши» ҳақида ҳам хабар берилган. Бироқ, унда Америка версиясида келтирилмаган муҳим эслатма ҳам бор.

Эслатмада келишувлар Росселхозбанк ва «халқаро озиқ-овқат ва ўғит савдоси билан шуғулланувчи бошқа молиявий ташкилотлар», шунингдек, озиқ-овқат ва ўғит ишлаб чиқарувчилар ҳамда экспорт қилувчилар, Россиянинг маҳсулотларни ташувчи кемаларидан санкциялар олиб ташланганидан кейингина кучга кириши айтилган.

Украина президенти Володимир Зеленский кечки видеомурожаатида Россияни келишувларни манипуляция қилишда айблаб, «Кремл Қора денгиздаги оташкесим гўёки санкциялар масаласига боғлиқлиги ҳақида ёлғон гапирмоқда» деди. «Ҳозирнинг ўзидаёқ, бугуннинг ўзидаёқ, музокаралар кунидаёқ биз россияликлар аллақачон манипуляция қилишни бошлаганини кўряпмиз. Улар аллақачон келишувларни ўзгартиришга ва аслида бизнинг воситачиларимизни ҳам, бутун дунёни ҳам алдашга ҳаракат қилмоқда», – дейди Зеленский.

Кейинроқ бу борада Доналд Трамп ҳам фикр билдирди – унинг изоҳидан Кремл пресс-релизга қўшган «эслатма» чиндан ҳам АҚШ билан келишилмаган, деган хулосага келиш мумкин. Трампнинг айтишича, унинг маъмурияти денгизда сулҳ бошланиши учун Россия томонидан илгари сурилган «беш ёки олтита шарт»ни ўрганмоқда. Кейинроқ Трамп яна бир интервюсида Москва тинчлик шартномасини имзолашни пайсалга солаётгани ҳақида гапирди. «Ишончим комил эмас. Лекин барибир ўйлаяпманки, Россия ҳам бу тугашини хоҳлайди», – деди у.

Россия президенти матбуот котиби Дмитрий Песков Москвадагилар Қора денгизда сулҳ тузиш бўйича ҳали ҳеч қандай келишув йўқ деб ҳисоблашини амалда тан олди. Унинг сўзларига кўра, бу ташаббус фақат «бир қатор шартлар бажарилгандан кейин фаоллаштирилиши мумкин».

Энергия объектларига зарба беришни тўхтатиш масаласи

Оқ уй пресс-релизида энергетика иншоотларига зарбаларни зудлик билан тўхтатиш ҳақида гап йўқ – унда фақат томонлар Трамп 18 март куни Путин билан суҳбатда таклиф қилган ушбу режани «амалга ошириш бўйича чора-тадбирлар ишлаб чиқиш»га келишиб олгани ҳақида сўз борган.

Украина мудофаа вазирлиги раҳбари Рустем Умеровнинг Оқ уй матбуот хабари билан деярли бир вақтда эълон қилинган расмий хабарида шундай дейилган: «Барча томонлар Украина ва Россиянинг энергетика инфратузилмасига зарба беришни тўлиқ тақиқлаш бўйича келишувларни амалга оширишга келишиб олди». Кўп ўтмай, Володимир Зеленский вазиятга изоҳ берди: унинг сўзларига кўра, АҚШнинг позицияси энергетика тизимларига зарба беришни тақиқлаш дарҳол кучга киришини назарда тутади. У Украина келишувнинг ўзига тааллуқли қисмини бажаришига ваъда берди.

Кремлнинг музокаралар якунлари бўйича пресс-релизида Россия ва АҚШ 30 кунга зарбаларни тўхтатиш бўйича «келишувларни амалга ошириш чораларини ишлаб чиқишга келишиб олгани» ҳам айтилган, бироқ у ерда бу сулҳнинг амал қилиш санаси – 18 март деб кўрсатилган. Яъни, Москва версиясига кўра, энергетика объектларига ҳужумларни тўхтатиш режими бир ҳафтадан кўпроқ вақтдан бери амал қилмоқда. Кремл ўз баёнотида, шунингдек, агар томонлардан бири келишувни бузса, ундан чиқиш мумкинлигини қайд этади. Дмитрий Песков брифинг чоғида президент Путиннинг Украина энергетика объектларига зарба беришни тақиқлаш тўғрисидаги буйруғи амалда экани ва россиялик ҳарбийлар уни бажараётганига ишонтирди.

Шу билан бирга, томонлар бир-бирини зарбаларни давом эттиришда айбламоқда. Зеленскийнинг коммуникациялар бўйича маслаҳатчиси Дмитро Литвиннинг таъкидлашича, Россия ҳужумларни тўхтатганини эълон қилган 18 мартдан бери Украинанинг энергетика объектлари саккиз бор зарбага учраган. «Ҳар кеча ҳаво ҳужумидан мудофаа кучларимиз юзга яқин зарбдор дронларни уриб туширади – ва уларнинг кўпчилиги, катта эҳтимол билан, бошқа энергетик объектларини нишонга олган. Агар мудофаачиларимиз бўлмаганида, зарбалар анча кўп бўлиши мумкин эди», – дейди у. Россия мудофаа вазирлиги, ўз навбатида, 26 мартга ўтар кечаси – Зеленскийнинг келишувлар ҳақидаги баёнотларидан сўнг – Украина дронлари Брянск ва Курск областларидаги подстанцияларга ҳужум қилганини маълум қилди. Украина қуролли кучлари бош штаби бу ҳужумлар ҳақидаги баёнотларни ёлғон деб атади.

Мавзуга оид