Спорт | 11:51 / 26.03.2025
27253
9 дақиқада ўқилади

Аргентина Бразилияга 4 та гол урди. Месси ва жамоа титулни ҳимоя қилади

Муддатидан олдин йўлланмага эга чиққан амалдаги чемпионлар Рафиняни ўйиндан олдинги сўзлари учун мулзам қилишди.

Фото: Reuters

Жанубий Америкада ЖЧ-2026 саралаши доирасида 14-тур учрашувлари бўлиб ўтди, унинг якунларига кўра Аргентина якуний босқичга йўлланмани кафолатлади ва чемпионликни ҳимоя қиладиган бўлди.

Турли даражадаги жамоалар

Аргентина — Бразилия 4:1
Голлар:
Алварес (4), Фернандес (12), Мак Аллистер (37), Симеоне (71) — Куня (26). 
Аргентина — Мартинес, Молина, Ромеро, Отаменди, Таляфико (Медина, 76), Паредес (Паласиос, 82), Фернандес, Мак Аллистер (Пас, 76), Алмада (Симеоне, 68), де Паул, Алварес (Корреа, 82). 
Бразилия — Бенто, Уэсли, Маркинос, Мурилло (Ортиз, 46), Арана, Жоэлинтон (Гомес, 46), Андре (Эдерсон, 84), Рафиня, Родриго (Эндрик, 46), Винисиус, Куня (Савинио, 69). 
Огоҳлантиришлар: Мурилло (28), Рафиня (40), Таляфико (40), Алмада (41), Отаменди (70), Андре (71), Де Паул (75), Ортиз (79), Эндрик (87), Фернандес (90+1).

Жанубий Америкада Аргентина ва Бразилия ўйинлари узоқ вақт давомида Месси ва Неймар дуэли сифатида тақдим этилган. Ушбу сериал чўққиси – 2021 йилги Америка Кубоги финали бўлганди. Бу Леонинг миллий жамоаси билан дастлабки чемпионлиги бўлганди ва ўшанда у эски қадрдонини бағрига босиб юпатганди.

Бу сафар уларнинг иккиси ҳам саломатлигидаги муаммолар туфайли майдонга туша олишмасди. Натижада ўйин айни вақтда Испанияда «Барселона» ва «Атлетико» сафида ёрқин мавсум ўтказаётган Рафиня ва Ҳулиан Алварес қарама-қаршилигига айланиши кутилганди. Қолаверса, бразилиялик вингер ўйиндан олдин Ромариога берган интервюси вақтида оловга мой сепиб, аргентиналиклар манзилига ёмон сўзлар айтди. «Шубҳа йўқ, биз Аргентина билан ҳисоб-китоб қилмоқчимиз. Уларга гол ураманми? Ҳа. Жин урсин уларни», деди у афсонавий футболчининг сўзларини маъқуллаган ҳолда.

Натижада ижтимоий тармоқлар аргентиналик футболчиларнинг унга эътирозли жавоблари билан тўлди. Отаменди «тили узун» Рафинянинг юзига тирсаги билан зарба бергани акс этган фото мамлакатда кун фотосига айланди. Натижада Боливия ва Уругвай ўртасидаги дуранг туфайли Аргентина майдонга тушмасидан мундиал йўлланмасига эга чиққан бўлса-да, Бразилияга қарши ўйинга катта шашт билан тушди. Рафиня йиртқични уйғотиб юборганди.

Мезбонлар ўз мухлислари ҳайқириқлари остида илк дақиқадан катта куч билан олдинга ташланишди ва ашаддий рақибнинг кўзини очиришмади. Бразилия кучли прессинг туфайли ўз жарима майдони атрофидаёқ тўп олдириб қўя бошлади, дисквалификацияга учраган Габриэл Магалянс йўқлиги туфайли ҳимоя чизиғида катта бўшлиқлар юзага келди. Прагматик ва тизимли «Ноттингем»да яхши мавсум ўтказаётган 22 ёшли Мурилло миллий жамоада ишончни оқламади ва аввалига Алваресга тезкор гол совға қилди, кейин эса Энцо Фернандесга узатилган тўпни тўса олмади. Бундан ташқари, яримҳимоя маркази ҳам Жерсоннинг жароҳати ва Бруно Гимараешнинг ортиқча сариқ карточкаси туфайли ҳам сифатни йўқотганди.

Бразилия саралаш турнирларида 12-дақиқагача икки гол ўтказиб юбориши ҳали кузатилмаганди. Энг яқин натижа 2005 йилда, Аргентина майдонидаги ўйинда қайд этилган, ўшанда 18-дақиқа ичида Креспо ва Рикелме гол уришганди. Бўлим ўрталарида Матеус Куня Ромеронинг қўпол хатосидан кейин тўпга эга чиқиб, узоқ масофадан Мартинесни доғда қолдирди ва миллий жамоа сафидаги илк голини нишонлади, аммо бўлим давомида Мак Аллистер икки гол фарқини тиклади.

Ғалаба қозонишга, албатта гол уришга ва аргентиналиклар билан яна нимадир қилишга ваъда берган Рафиня эса ҳеч нарса қила олмади. Унинг жарима зарбасидан кейин тўп тўсинга борганида ҳам Эмилиано Мартинес вазиятни тўлиқ назорат қилиб турганди. Ҳужум чизиғидаги «Реал» футболчилари, Винисиус, Родриго ва иккинчи бўлимда унинг ўрнига тушган Эндрик ҳам вазиятга таъсир кўрсата олишмади.

Иккинчи бўлимда Жулиано Симеоне Бразилия мудофаасидаги аянчли ҳолатдан фойдаланиб, миллий жамоа сафидаги илк голини урди ва рақибни узил-кесил таслим этди. Бу ўйин ҳозирда ушбу жамоалар ўртасида катта фарқ мавжудлигини кўрсатиб қўйди. Пентакампионлар турнир ўйинларида 2014 йилги жаҳон чемпионати яримфиналида Германияга қарши ўтган ўйиндан (1:7) буён йирик ҳисобда ютқазмаганди. Аргентина ҳозир шунчаки бошқа даражадаги жамоа. Хоҳ Месси майдонда бўлсин, хоҳ усиз.

Энди у олтинчи бор жаҳон чемпионатида иштирок этиши мумкин ва бу рекорд натижа ҳисобланади. Агар Португалия турнирга йўлланма олса, Криштиану Роналдуда унинг натижасини такрорлаш имконияти бўлади.

Энсисонинг шедеври ва Рондоннинг муҳим голи

Колумбия — Парагвай 2:2
Голлар
: Диас (1), Дуран (13) — Алонсо (45+4), Энсисо (62). 
Колумбия — Варгас, Муньос, Куэста, Лукуми, Мохика, Риос, Лерма, Ариас (Мина, 62), Родригес (Кампаз, 62), Диас, Дуран. 
Парагвай — Фернандес, Касерес (Веласкес, 46), Балбуэна, Алдерете, Алонсо, Галарза (Вилясанти, 73), Гомес (Ромеро, 90+4), Кубас, Алмирон, Авалос (Санабриа, 62), Энсисо (Соса, 73). 
Огоҳлантиришлар: Галарза (50), Диас (81), Фернандес (85), Веласкес (86), Кампаз (90), Кубас (90+3). 

Таркиб жиҳатдан кучлироқ кўринишда бўлган ва ўз майдонида ўйнаган Колумбия биринчи ҳужумдаёқ Луис Диас ҳисобни очди ва саралаш цикли тўпурарлари пойгасида Мессига етиб олди (6 та гол), кўп ўтмай Дуранни голли пас билан таъминлади.

Аммо ўн учинчи дақиқага келиб 2 гол фарқи билан олдинга чиқиб олганига қарамай, колумбияликлар яққол устунликка эриша олмади. Парагвайликлар голли вазиятлар яратиш борасида биринчи бўлимда ҳам мезбонлардан қолишмади, аммо Алмирон ўта қулай имкониятларни кўкка совурди. Фақат биринчи бўлимга қўшиб берилган дақиқаларда қизил-оқлар ҳақли голни уришди, мезбонлар дарвозабони бурчакдан оширилган тўпга чиқишда хато қилди ва олис устун олдида бўш турган ҳимоячи Алонсо уни жазолади.

Парагвайликлар иккинчи голга ҳам ҳақли ўйин кўрсатишди ва иккинчи бўлимда бунга эришишди. Энсисо ҳақиқий шедевр гол урди, аммо бош ҳакам фақат монитор қаршисига борганидан кейингина голни инобатга олди. Бу вазиятда Энсисо рақи жарима майдони бурчаги яқинида тўпни эгаллади ва дарвозага параллел равишда ҳаракатлана бошлади. Тезланиш, пауза, финт ва тўққизликни аниқ нишонга олиш. Густаво Алфаро бош мураббий этиб тайинланганидан буён мағлубият нималигини билмай келаётган парагвайликрлар жаҳон чемпионати сари яна бир қадам ташлади. Икки гол устунлигини бой берган ва улардан бир очко фарқини ўзгартира олмасдан, олтинчи ўринда қолган Колумбия ҳам йўлланма учун яхши имкониятга эга.

Боливия — Уругвай 0:0
Боливия — Вискарра, Медина (Рока, 72), Акин, Моралес, Матеус (Паниагуа, 46), Вилламил, Куэляр (Чавез, 81), Сагредо (Фернандес, 46), Вака, Мигелито, Абрего (Алгараназ, 62). 
Уругвай — Рочет, Варела (Нандес, 62), Хименес, Касерес, Кристиан Оливера (Пеллистри, 46), Араухо, Бентанкур, Угарте, Матиас Оливера (Пикерес, 56), Агирре (Валверде, 46), Винас (Нунес, 46). 
Огоҳлантиришлар: Угарте (42), Бентанкур (54), Медина (61).

Венесуэла — Перу 1:0
Гол:
Рондон (41, пеналти). 
Венесуэла — Ромо, Гонсалес, Феррарерзи, Анхел, Арамбуру, Саварино (Мехиас, 83), Эррера (Кассерес, 78), Х.Мартинес (Ринкон, 78), Сотелдо, Ж.Мартинес (Сеговия, 52), Рондон (Кадис, 77). 
Перу — Галесе, Адвинкула, Самбрано, Гарсес, Лопес, Акино (Рамос, 62), Тапиа, Каррилло, Поло (Лападула, 83), Рейна (Кеведо, 62), Герреро.
Огоҳлантиришлар: Самбрано (13), Акино (19), Гонсалес (45), Ж.Мартинес (47), Эррера (77). 

Колумбияликларнинг еттинчи ўрин билан орадаги фарқи беш очкони ташкил этмоқда. Тур арафасида ушбу ўринда турган Боливия ўз майдонида Уругвайни енга олмаганидан кейин қитъалараро ўтиш ўйинларига олиб ўтувчи бу ўринни Венесуэлага бўшатиб берди. Бу тура перуликларга қарши ўйнаган Венесуэла Рондон пеналтидан урган гол эвазига минимал ҳисобдаги ғалабани расмийлаштирди. У саралаш турнирларида урилган голлар сони (14) бўйича Радамел Фалкао, Хамес, Роке Санта Крус ва чилилик Варгасни ортда қолдирди.

Шу билан бирга, Рондон Венесуэлага саралаш босқичида 2023 йил октябридан буён илк ғалабани тақдим этди, тўпланган 15 очкодан учдан бири айнан унинг аниқ зарбалари эвазига қўлга киритилган.

Чили — Эквадор 0:0
Чили — Кортес, Лойола, Марипан, Диас, Суазо, Видал (Кабрал, 66), Эчеверриа (Павес, 77), Пизарро (Арангис, 76), Осорио, Контрерас, Варгас (Зампедри, 76). 
Эквадор — Галиндес, Ордонез, Пачо, Инкапиэ, Эступинян (Торрес, 81), Франко, Кайседо, Педро, Гуагуа (Корозо, 60), Плата, Валенсия.
Огоҳлантириш: Лойола (85), Плата (86), Ордонез (90+5).

Мавзуга оид