Жаҳон | 17:09 / 26.03.2025
1260
2 дақиқада ўқилади

Арманистон парламенти ЕИга қўшилишни бошлаш тўғрисидаги қонунни қабул қилди

Қонун лойиҳаси парламентга кирмаган тўртта партия ва бир қатор фуқаролик ташаббусларини бирлаштирган «Демократик кучлар платформаси» томонидан илгари сурилган.

Фото: Global Look Press

Арманистон парламенти 26 март куни иккинчи ўқишда «Арманистон Республикасининг Европа Иттифоқига қўшилиш жараёнини бошлаш тўғрисида»ги қонунни маъқуллади.

Қонун лойиҳаси парламентга кирмаган тўртта партия ва бир қатор фуқаролик ташаббусларини бирлаштирган «Демократик кучлар платформаси» томонидан илгари сурилган. Улар мазкур ташаббусни қўллаб-қувватлаган 50 мингдан ортиқ фуқаронинг имзосини тўплашга муваффақ бўлган.

2025 йил январида ушбу ҳужжат ҳукумат томонидан маъқулланган ва парламентга кўриб чиқиш учун юборилганди. Ўшанда Арманистон бош вазири Никол Пашинян қонун лойиҳаси «Арманистоннинг тўғридан тўғри Евроиттифоққа аъзолигини билдирмаслиги»ни маълум қилиб, бу масала бўйича қарор «фақат референдум орқали қабул қилиниши мумкин»лигини айтганди. «Қонун қабул қилинганидан кейин биз ЕИ билан улар ўзлари ва биз ўзимиз тасаввур қилган йўл харитасини муҳокама қилишимиз керак», — деган эди Пашинян.

Эслатиб ўтамиз, 2024 йил сентябр ойида Арманистон ва Европа Иттифоқи визасиз режим бўйича музокараларни бошлаган эди. ЕИга қисқа муддатли сафарлар учун Арманистон фуқароларига визасиз режим жорий этилишини мамлакат ҳукумати «муҳим соҳалардаги сезиларли ислоҳот» деб атаган.

Октябрда эса Европарламентда чиқиш қилган Никол Пашинян Европа Иттифоқини «сўнгги йилларда Арманистон ҳукуматининг туб ислоҳотларини қўллаб-қувватлаётган асосий шерик» деб атаб, мамлакат «ЕИга яқинлашишга тайёрлигини» билдирган.

Мавзуга оид