Жаҳон | 11:29 / 25.03.2025
11630
8 дақиқада ўқилади

«Оқ уй мени ўз ҳарбий режалари билан таништирди». Журналистни тасодифан махфий ҳарбий чатга қўшиб қўйишди

Майкл Уолтц томонидан очилган чатда вице-президент Жей Ди Вэнс, мудофаа вазири Пит Ҳегсет, давлат котиби Марко Рубио каби юқори лавозимли расмийлар билан Ямандаги ҳужумлар муҳокама қилинган.

Майкл Уолтц, Пит Ҳегсет ва Жей Ди Вэнс / Фото: Andrew Harnik / Getty Images

АҚШ президенти Доналд Трамп маъмурияти тасодифан Atlantic нашри муҳарририни онлайн-чатга қўшиб, ҳарбий маълумотларнинг сизиб кетишига йўл қўйди. У ерда олий мартабали мулозимлар Ямандаги исёнчи ҳусийчиларга қарши махфий зарбалар режаларини муҳокама қилишган.

Аввалига бу воқеа ҳақида Atlantic муҳаррири Жэффри Голдбергнинг ўзи катта мақоласида маълум қилди, кейин эса маълумотни Оқ уйнинг ўзи ҳам тасдиқлади.

«Биз бегона рақам ёзишмаларга қандай қўшилганини ўрганмоқдамиз», – деди Миллий хавфсизлик кенгаши вакили Брайан Ҳюз.

«АҚШ миллий хавфсизлик раҳбарлари мени Ямандаги бўлажак ҳарбий зарбалар ҳақидаги гуруҳ чатига қўшишди. Бу ҳақиқат бўлиши мумкин деб ўйламагандим. Аммо кейин бомбалар туша бошлади», – деб ёзган Голдберг ўз мақоласида.

Хабар қилишларича, журналист 14 март куни Signal мессенжеридаги «Houthi PC small group» номли гуруҳга қўшилган. Бу гуруҳ, тахминий маълумотларга кўра, президентнинг миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчиси Майкл Уолтц томонидан яратилган. Унда юқори лавозимли расмийлар, жумладан, вице-президент Жей Ди Вэнс, мудофаа вазири Пит Ҳегсет, давлат котиби Марко Рубио, Марказий разведка бошқармаси директори Жон Рэтклифф, маслаҳатчи Стивен Миллер ва бошқалар – жами 18 киши иштирок этган.

Чатда Яманга зарба вақти ва кетма-кетлиги, қўлланадиган қурол турлари, эҳтимолий сиёсий оқибатлар, Европанинг реакцияси, операцияни кечиктириш тарафдорлари ва қарши фикрлар каби масалалар муҳокама қилинган.

15 март куни соат 11:44 да Пит Ҳегсет ҳужумнинг батафсил режасини юборади. Орадан икки соат ўтмасдан – 13:45 да – Яман пойтахти Санода кучли портлашлар рўй беради. Бу эса чатдаги ёзишмаларнинг ҳақиқийлигини тасдиқлайди.

Операция якунланганидан сўнг гуруҳда табриклар алмашилган, ҳужум натижалари муҳокама қилинган, ҳусийчилар етакчиларидан бири нобуд бўлган бўлиши мумкинлиги ва зарбанинг савдо алоқаларига таъсири кўриб чиқилган.

Журналист ушбу воқеалардан сўнг гуруҳни тарк этган ва ундан на изоҳ, на сўров олинган.

Миллий хавфсизлик кенгаши матбуот котиби ушбу ҳолатни қуйидагича шарҳлади:

«Бу ҳақиқий хабарлашув занжири бўлган. Журналистнинг қўшилиши тасодиф бўлган. Ямандаги операция муваффақиятли ўтди, ҳарбийлар учун хавф-хатар юзага келмаган».

Президент Доналд Трамп ҳаво ҳужумларининг «қатъий ва кучли» тўлқинини ўтказиш қарорини қуролли гуруҳнинг Қизил денгиздаги кемаларга ҳужумлари билан изоҳлади – бу дунёдаги энг муҳим нефт ва ёқилғи ташиш йўналишларидан бири.

Ҳусийчилар назорати остидаги соғлиқни сақлаш вазирлигининг маълум қилишича, 15 март кунги зарбалар оқибатида камида 31 киши ҳалок бўлган ва камида 101 киши жароҳатланган.

Тузоқми ёки ақл бовар қилмас хатоми?

Жеффри Голдбергнинг айтишича, 11 март, сешанба куни у фойдаланувчи Майкл Уолцдан Signal’га уланиш сўровини олган.

Signal – шифрланган хабар алмашиш хизмати бўлиб, журналистлар ва бошқа матнли хабар алмашиш хизматлари тақдим этиши мумкин бўлганидан кўра кўпроқ махфийликни талаб қиладиган бошқа шахслар орасида машҳур.

Аввалига Голдберг бу ҳақиқий Уолцдан сўров деб ўйламаган. У катта эҳтимол билан кимдир ўзини АҚШ миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчиси сифатида кўрсатиб, уни тузоққа туширмоқчи  деб ўйлаган.

«Бугунги кунда инсофсиз субъектлар журналистларни ўзларига қарши ишлатилиши мумкин бўлган маълумотларни тарқатишга мажбурлашга уриниш ҳолатлари тез-тез учраб туради», – деб ёзади журналист ўз мақоласида.

Шундай бўлса-да, у Signal’га қўшилиш сўровини қабул қилади, у бу Украина, Эрон ёки бошқа муҳим мавзуларни муҳокама қилмоқчи бўлган ҳақиқий Уолц бўлиши мумкинлигини ҳам истисно қилмайди.

Икки кундан сўнг унга ҳусийчилар муаммосини муҳокама қилиш учун чекланган миқдордаги иштирокчилар билан чатга қўшилгани ҳақида хабарнома келди.

«Кейинги 72 соат ичида ҳусийчиларга қарши ҳаракатларни мувофиқлаштириш учун раҳбарлар қўмитаси гуруҳини тузмоқдамиз», – дейилади «Майкл Уолц» деб кўрсатилган аккаунт хабарида.

«Раҳбарлар қўмитаси» атамаси одатда миллий хавфсизликнинг энг юқори мансабдор шахслари, шу жумладан мудофаа вазири ўринбосарлари, АҚШ Давлат департаменти ва ғазначилик, шунингдек, Марказий разведка бошқармаси директоридан иборат гуруҳга нисбатан қўлланади.

«Ўз-ўзидан равшанки – лекин мен барибир айтаман – мени ҳеч қачон Оқ уй раҳбарлар қўмитаси йиғилишига таклиф қилишмаган ва мен кўп йиллар давомида миллий хавфсизлик масалалари бўйича репортажлар қилганимда, у ҳеч қачон тижорий илова орқали ўтказилганини эшитмаганман», – дейди Голдберг.

«Мен ҳеч қачон бундай қонунбузарликни кўрмаганман»

Голдбергнинг сўзларига кўра, кейинги бир неча кун мобайнида у АҚШ қуролларидан тортиб, Вашингтоннинг Яқин Шарқдаги тактик қадамларигача бўлган ўта махфий маълумотларни ўз ичига олган ёзишмаларни кузатган.

Хабарлар турли фойдаланувчилардан, жумладан, Вэнс ва Ҳегсетдан (АҚШ вице-президенти ва Пентагон раҳбари, агар улар ҳақиқий аккаунтлар бўлса) келган.

Аммо кўп ўтмай, турли белгиларга кўра, журналист мулоқот ҳақиқий экани ва у қандайдир ақл бовар қилмайдиган тарзда ўта махфий давлат режаларига бағишланганини тушунади.

Воқеалар реаллигининг сўнгги тасдиғи Яман ҳудудига берилган зарбалар бўлиб, улар ёзишмаларда батафсил муҳокама қилинган.

«Улар мен бу гуруҳга киритилганимни билишармиди? Мен атайлаб киритилдимми? Бўлмаса, улар мени ким деб ўйлашди? Мени гуруҳга қўшишганда ёки гуруҳдан чиқиб кетганимда кимдир мен кимлигимни тушундими? Трамп маъмуриятининг юқори мартабали мулозимлари нозик муҳокамалар учун Signal’дан мунтазам фойдаланадими? Расмийлар бундай каналдан фойдаланиш Америка контингентини хавф остига қўйиши мумкин деб ҳисоблайдими?» – деб эслайди Голдберг ўша кунларда нималарни мулоҳаза қилганини.

Унинг сўзларига кўра, агар шунга ўхшаш чатга бошқа биров уланган бўлса, Қўшма Штатларга қанчалик катта зарар етказилиши мумкинлигини англаб етган.

Жеффри Голдберг чатни мувофиқлаштирган Майк Уолц давлат манфаатларини ҳимоя қилишнинг бир нечта қоидаларини бузганига ишончи комил.

«Мен ҳеч қачон бундай қонунбузарликни кўрмаганман. Миллий хавфсизлик ходимлари учун Signal орқали мулоқот қилиш учраб турадиган ҳолат. Аммо илова бўлажак ҳарбий ҳаракатларни батафсил ва қатъий махфий муҳокама қилиш учун эмас, балки учрашувлар ва бошқа логистика масалаларини режалаштириш учун ишлатилади. Ва, албатта, журналистни бундай муҳокамага таклиф қилишгани ҳақида ҳеч қачон эшитмаганман», – деб ёзади Atlantic журналисти.

Миллий хавфсизлик мутахассисларининг таъкидлашича, ҳарбий операциялар Signal орқали муҳокама қилингани Шпионаж тўғрисидаги қонунга ва давлат ҳужжатларини сақлаш тартибига зид бўлиши мумкин. Чунки расмийлар фақат ҳимояланган, махсус давлат каналлари орқали мулоқот қилиши шарт.

Шунингдек, нашрга кўра, гуруҳ иштирокчилари маълумотларни махфийлигини бекор қилиш ҳуқуқига эга бўлса-да, Signal бундай маълумотларни тарқатиш учун рухсат этилган платформа эмас. Автоматик хабар жўнатиш функциясининг мавжудлиги эса давлат архивларини сақлаш қонунлари бузилган бўлиши мумкинлигини кўрсатади.

Экспертлар АҚШ маъмурияти махфий маълумотлар муҳокамасида ушбу иловага мурожаат қилганини танқид остига олиб, уни ақлсизлик деб атамоқда.

Энди ҳарбий операцияларни мувофиқлаштириш учун Signal хабарларидан фойдаланиш жосуслик тўғрисидаги қонун ва бошқа федерал қонунларни қанчалик бузиш ҳисобланишига аниқлик киритиш керак.

Мавзуга оид