Спорт | 23:06 / 25.03.2025
35952
3 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон Эрон билан ўйинда муҳим очкони қўлга киритди

Энди гуруҳдаги вазият КХДРга боғлиқ бўлиб қолмоқда, агар шимолий кореяликлар БААни мағлуб этолса, Ўзбекистон бугуннинг ўзида мундиал йўлланмасини қўлга киритади. Агар амирликлар бугун очко қўлга киритса ҳам, кейинги турда Кападзе шогирдларини ўзаро ўйинда дуранг қониқтиради.

ЖЧ-2026 саралаши. 8-тур
Эрон – Ўзбекистон – 2:2
Голлар
: Меҳди Торемий 51, 83 – Ҳожимат Эркинов 16, Аббосбек Файзуллаев 53.
Эрон: 1.Алиризо Бейронванд, 2.Солеҳ Ҳардани, 4.Шожаи Халилзода, 5.Милод Муҳаммадий, 6.Саид Иззатуллоҳий, 7.Алиризо Жаҳонбаҳш, 9.Меҳди Торемий, 10.Меҳди Ғойеди, 13.Ҳусайн Каъноний, 14.Саман Қуддус, 20.Сардор Озмун.
Ўзбекистон: 1.Ўткир Юсупов, 3.Ҳожиакбар Алижонов, 2.Абдуқодир Ҳусанов, 15.Умар Эшмуродов, 5.Рустам Ашурматов, 4.Фаррух Сайфиев, 9.Одил Ҳамробеков (17.Абдурауф Бўриев, 85), 7.Отабек Шукуров, 22.Аббосбек Файзуллаев, 20.Ҳожимат Эркинов (11.Русланбек Жиянов, 65), 14.Элдор Шомуродов.

ЖЧ-2026 ҳал қилувчи саралаш босқич 8-тури доирасидаги марказий ўйинда Ўзбекистон миллий жамоаси Эронда икки марта ҳисобда олдинда бориб, ғалабани сақлай олмади.

Теҳрондаги «Озодий» стадионида ўтган учрашувнинг 16-дақиқасида Ҳожимат Эркинов Фаррух Сайфиевнинг узатмасидан кейин ҳисобни очди – 1:0.

Аммо иккинчи бўлимни ҳужумкор бошлаган мезбонлар 51-дақиқада Меҳди Торимийнинг кучли зарбаси билан ҳисобни тенглаштиришди – 1:1.

Бир дақиқа ўтиб Аббосбек Файзуллаев қанотдан жарима майдонига оширган тўп ҳеч кимга тегмасдан дарвоза тўрига бориб тушди – 2:1.

Аммо ғалабали ҳисобни сақлаб қолишнинг имкони бўлмади. 83-дақиқада Торимий ҳимоядаги палапартишликдан фойдаланиб, дублга эришиб, Эрон учун муҳим бўлган гол муаллифига айланди – 2:2.

Шу тариқа, форслар ўзига керак бўлган дуранг эвазига очколари сонини 20 тага етказиб, муддатдан аввал ЖЧ-2026 йўлланмасини қўлга киритди.

Ўзбекистон эса 17 очко билан 2-ўринда бормоқда.

Гуруҳда 8-турнинг учинчи учрашуви энди бошланади, унда Саудия Арабистонидаги бетараф майдонда КХДР БААни қабул қилади.

Агар бу ўйинда шимолий кореяликлар ғалаба қозонса бу Ўзбекистон миллий жамоасини автоматик равишда кейинги босқичга олиб чиқади, бу ҳолда амирликлар жамоаси кейинги икки ўйинда 100 фоизлик натижа қайд этган тақдирда ҳам гуруҳ жадвалида фақат 16 очко билан Ўзбекистондан кейин жойлашади.

Бу ўйин дуранг ҳисоб билан якунланиши ҳам Ўзбекистоннинг фойдасига хизмат қилади. Лекин БАА бу ўйинда уч очко оладиган бўлса, кейинги турда Темур Кападзе жамоаси ушбу рақибга қарши очко учун майдонга тушиши талаб этилади.

Мавзуга оид