Ўзбекистон | 11:56 / 24.03.2025
8837
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонлик ҳарбийлар «Camp Shelby» ҳарбий базасида АҚШ Миллий гвардияси Махсус бўлинмалари билан куч синашди

17-20 март кунлари Миссисипи штати «Camp Shelby» ҳарбий-ўқув базасида ўтказилган «Энг илғор жангчи–2025» мусобақасида ўзбекистонлик ҳарбийлар АҚШ Миллий гвардияси Махсус бўлинмалари ҳарбий хизматчилари билан куч синашди. Ҳарбийлар жисмоний ва руҳий зўриқиш йўлагидан ўтиш, оғир юк билан 20 километр масофага марш югуриш, иншо ёзиш, АҚШ намунасидаги ўқотар қуролларни қисмларга ёйиш ҳамда улардан турли шароитларда ўқ отиш каби шартларни бажарган.

Фото: Мудофаа вазирлиги

Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги ҳарбий хизматчилари кичик сержант Алишох Абдуллаев ва III-даражали сержант Шоҳрух Жовқашев 17–20 март кунлари Миссисипи штати «Camp Shelby» ҳарбий-ўқув базасида бўлиб ўтган «Энг илғор жангчи–2025» мусобақасида иштирок этди.

Мудофаа вазирлиги матбуот хизматининг Kun.uz'га маълум қилишича, халқаро ҳарбий ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлаш ва махсус бўлинмаларда хизмат қилиш нуфузини ошириш каби мақсадларда ташкил этилган мусобақада ўзбекистонлик ҳарбийлар АҚШ Миллий гвардияси Махсус бўлинмалари ҳарбий хизматчилари билан куч синашган.

«Мусобақа давомида ҳарбий хизматчиларимиз якка таркибда жисмоний тайёргарлик синовлари (6 та машқни ўз ичига олган Фитнес тест), жисмоний ва руҳий зўриқиш йўлагидан ўтиш, тунда 15 километр масофага ориентрлаш, 15 килограмм юк билан 20 километр масофага марш югуриш, жанговар ва умумий тайёргарлик бўйича тест синовлари, иншо ёзиш (ҳарбий ҳамкорлик мавзусида 500 тадан кам бўлмаган сўз), артиллерия оловини бошқариш, АҚШ намунасидаги ўқотар қуролларни нотўлиқ қисмларга ёйиш, йиғиш ва жанговар ҳолатга келтириш, шунингдек, улардан турли усул ва шароитларда ўқ отиш, тиббий тайёргарлик, оммавий қирғин қуролларидан ҳимояланиш, кутилмаган (сюрприз) машқлар каби шартларни муваффақиятли бажарди», — дейилади вазирлик ахборотида.

Жумладан, ўзбекистонлик ҳарбийлар жамоавий баҳс — 15 килограмм юк билан 20 километр масофага марш югуриш шартини 1 соат 50 дақиқа ичида бажарди. Шунингдек, якка тартибдаги баҳсларда III-даражали сержант Жовқашев Шоҳрух 3 километр 219 метр масофани 11 минут 18 сонияда босиб ўтган бўлса, кичик сержант Абдуллаев Алишох 250 метр масофага югуриш давомида мажмуавий машқларни 1 дақиқа 18 сонияда бажариб, 5 килограмм оғирликдаги коптокни 12,3 метр масофага улоқтирди. Вазирликка кўра, мазкур шартларнинг барчасида ҳарбий хизматчилар мусобақа рекордини янгилаган.

Якунда ўзбекистонлик ҳарбий хизматчилар мусобақанинг махсус соврини билан тақдирланди. 

Мавзуга оид