Олимлар ёруғлик ёрдамида ҳужайра шаклини бошқаришни ўрганиб олди
Ушбу усул биомедицина учун янги имкониятлар эшигини очади. Келажакда у «дастурлаштириладиган» ҳужайраларни яратишда қўл келиши мумкин.

Фото: Naked Science
Массачусетс технология институти тадқиқотчилари ёруғлик таъсирида ҳужайралар шаклини ўзгартириш имконини берадиган усулни ишлаб чиқди. Денгиз юлдузи ҳужайралари устида ўтказилган тажрибалар давомида улар ҳужайраларни қисқариш, чўзилиш ва ҳатто квадрат шаклга келтиришга муваффақ бўлди. Тадқиқот натижалари Nature Physics журналида эълон қилинди.
Ушбу усулнинг асосини GEF деб номланган махсус фермент ташкил этиб, у ҳужайрани қисқариш ва ҳаракатланишга мажбур қилувчи реакциялар занжирини ишга туширади. Олимлар ушбу ферментнинг ёруғликка сезгир версиясини яратиб, уни денгиз юлдузи ҳужайраларига киритган. Сўнг, улар ҳужайраларнинг маълум жойларини ёритиш орқали ўзгараётган шаклни кузатган.
Тажриба шуни кўрсатганки, ёруғлик ёрдамида ҳужайралар ҳаракатини юқори аниқлик билан бошқариш мумкин. Масалан, олимлар ёритиш схемасига қараб кичик қисқаришлар ёки катта тўлқинсимон ҳаракатларни пайдо қила олади. Бундан ташқари, аниқланишича, ёруғликни битта нуқтага йўналтириш орқали занжирли реакцияларни ишга тушириш мумкин, бу эса ҳужайранинг шаклини қўшимча аралашувсиз ўзгартиришга сабаб бўлади.
Таъкидланишича, ушбу усул биомедицина учун янги имкониятлар эшигини очади. Келажакда у «дастурлаштириладиган» ҳужайраларни яратишда, масалан, ёруғлик таъсирида қисқариб, яраларнинг битишига ёрдам берадиган ҳужайрали «пластирлар» ўрнида қўлланиши мумкин. Шунингдек, ундан дориларни ташувчи ҳужайраларни ишлаб чиқишда фойдаланса бўлади — бундай ҳужайралар фақат маълум ёруғлик сигнали таъсирида ва керакли жойда дори моддаларни чиқаради.
Олимлар тадқиқотни янада чуқурлаштиришни ва шунга ўхшаш механизмларнинг бошқа ҳужайраларда, жумладан, инсон ҳужайраларида қандай ишлашини ўрганишни режалаштирмоқда. Тадқиқот раҳбари Никта Фаҳрининг сўзларига кўра, бу тирик организмларнинг қандай қилиб битта ҳужайрадан шаклланишини яхшироқ тушунишга, шунингдек, регенератив тиббиёт ва тўқима муҳандислигида янги ёндашувларни ишлаб чиқишга ёрдам беради.
Мавзуга оид

03:06
Олимлар саратон ва диабетни даволашда ген терапиясининг асосий тўсиғини бартараф этди

04:21 / 03.03.2025
Шикаст етган мияни даволашга ёрдам берадиган ҳужайраларнинг янги тури аниқланди

21:23 / 23.02.2025
Олимлар эрта инсултнинг сирли сабабини аниқлади

21:19 / 17.02.2025