Маск туфайли Tesla деярли ярим қийматини йўқотди
Европада электромобиллар савдоси пасаймоқда, АҚШда эса улар мунтазам ёқиб юборилмоқда. Хўш, компания банкротлик остонасидами?

Gina M Randazzo / ZUMA Press Wire / Scanpix / LETA
Йил бошидан буён Tesla акцияларининг қиймати деярли икки баробарга камайди. Агар 2024 йил охирида компаниянинг капитализацияси қарийб 1,4 трлн долларни ташкил этган бўлса, ҳозир бу рақам атиги 750 млрд атрофида. Журналистлар ва инвесторлар Teslaʼдаги муаммоларни компания эгаси — Илон Маск билан бевосита боғлашмоқда. Аниқроғи, у давлат бошқаруви самарадорлиги бўйича янги департамент (DOGE) раҳбари сифатида амалга ошираётган ҳаракатлари ҳамда деярли ҳар қандай мавзу бўйича билдирган баҳсли баёнотлари билан боғлиқ ҳолда.
«Медуза» нашри Tesla билан нима юз бераётгани ва ҳақиқатан ҳам компания банкротлик ёқасида турибдими, деган саволга жавоб излаб кўрди.
* * *
Tesla ўз тарихдаги энг юқори капитализациясига — 1,42 трлн долларга яқинда, 2024 йил декабри ўрталарида эришган эди. Компания акциялари Доналд Трамп иккинчи муддатга президент этиб сайланганидан сўнг дарҳол ўсишни бошлаганди. Илон Маск республикачилар номзодининг сайловолди кампаниясидаги энг йирик ҳомийлардан бири бўлган. Трамп ғалабасидан сўнг эса у унинг энг яқин ҳамкорларидан бирига айланди. Журналистлар Tesla ва Маскка тегишли бошқа компаниялар акциялари ўсишини айнан шу билан боғлаган эди.
Бироқ ўшандаёқ молиявий таҳлилчилар инвесторлар оптимизми компания бизнесининг асосий кўрсаткичлари билан тасдиқланмаётганини таъкидлашганди. Акциялар ўсиши, аввало, бозорда Маскнинг Трамп атрофидаги яқинлар доирасига кира олганидан келиб чиққан ҳаяжон билан боғлиқ эди. Демак, назарий жиҳатдан Tesla бевосита рақобатчиларига нисбатан қўшимча имтиёзлар ва афзалликларга эга бўлиши мумкин эди. Шу билан бирга, компаниянинг ўзига хос бизнеси айниқса жадал ўсмаётгани аниқ эди — бу эса акцияларнинг мавжуд нархига мутаносиб келмасди. Мутахассислар бу ҳолат узоққа чўзилмаслиги, яқин вақт ичида пасайиш бошланишини башорат қилишганди.
Худди шундай бўлиб чиқди ҳам. Tesla акциялари қиймати 2025 йил январ ойининг иккинчи ярмидан — тахминан Доналд Трамп Давлат бошқаруви самарадорлиги департаменти (DOGE)ни расман ташкил этиб, Илон Маскни унинг раҳбари этиб тайинлаган пайтдан бошлаб барқарор пастлай бошлади. Бир ойга етмас вақт ичида акциялар 20 фоиздан кўпроққа арзонлашди. Forbes нашри журналистлари бозорда бизнесмен ўзининг барча компанияларини тўлиқ бошқара оладими-йўқми, деган хавотир кучайиб бораётганини қайд этди.
Айнан ўша вақтда Маск бошчилигидаги инвесторлар консорциуми OpenAIʼни назорат қилувчи нотижорат тузилмани 97,4 миллиард долларга сотиб олиш таклифини берди. Компания кузатув кенгаши ушбу келишувдан бош тортганига қарамай, фонд бозорида миллиардер ўз зиммасига имкон доирасидан ташқари лойиҳаларни юкланмоқда, деган хавотир юзага келди.
Охир-оқибат буни Илон Маскнинг ўзи ҳам тан олишга мажбур бўлди. Март ойи бошида у бизнесмен сифатидаги фаолиятини DOGEʼдаги иши билан бир вақтда олиб бориш «жуда катта қийинчилик» билан кечаётганини айтди.
Business Insider нашри журналистлари эса Маск компанияларининг яқиндаги бир қатор омадсизликларини — жумладан, Starship ракета учиришининг муваффақиятсиз тугаши ва X ижтимоий тармоғида глобал носозлик ҳолатини — мазкур сўзлар тасдиғи сифатида келтиришди. Бироқ бу каби муаммолар аввал ҳам кузатилган ва Маскнинг SpaceX ёки Xʼдаги ишга янада жиддий жалб этилиши бундай муаммоларнинг олдини олишга ёрдам берган бўлармиди — бу қийин савол.
«Унинг [DOGEʼдаги] иштироки умуман олганда узоққа чўзилмаслиги ва у ўз бизнесига янада кўпроқ вақт ажрата олишига умид қиламан», — деди Tesla инвесторларидан бири Кристофер Цай The Guardian нашрига берган интервюсида.
Компаниянинг яна бир инвестори, Росс Гербер эса шундай фикрда: Маск қарор қабул қилиши керак — ё у тўлиқ равишда бош директор вазифаларига қайтиши керак ёки ўзига ўринбосар топиб, давлат хизматига тўлиқ эътибор қаратиши лозим.
АҚШ ва Европада Илон Маскка қарши норозилик намойишлари
Сўнгги ойларда Tesla компанияси бошидан кечираётган муваффақиятсизликлар маълум даражада Илoн Маскнинг Давлат бошқаруви самарадорлиги департаменти (DOGE) раҳбари сифатидаги фаолияти билан боғлиқ. Бироқ вақт танқислиги бу ерда ягона омил эмас. DOGE раҳбари сифатидаги оммавий норозиликка сабаб бўлаётган қарорлари ва сиёсий мавзулардаги зиддиятли чиқишлари билан Tesla бош директори ўз компанияси нуфузига жиддий зарар етказмоқда.

David Ryder / Blooomberg / Getty Images

David Ryder / Blooomberg / Getty Images
SSRS тадқиқот компанияси томонидан ўтказилган сўровнома натижаларига кўра, америкаликларнинг ярмидан кўпида (53 фоиз) Маск ҳақида «салбий фикр» шаклланиб бўлган. Унинг ҳаракатларини сўровда қатнашганларнинг 35 фоизи қўллаб-қувватламоқда. Журналистлар ва мутахассислар Трамп Маскка ҳаддан ташқари кўп ҳокимият бергани ва у бу юкни кўтара олмаётганини таъкидлашмоқда. Маск нафақат АҚШ, балки бутун дунё миқёсида шунчаки миллиардер эмас, балки демократик тизим учун таҳдид сифатида кўрила бошлаган.
Маскнинг айрим ҳаракатлари, масалан, Германиядаги ўта ўнг партия «Германия учун муқобил»ни қўллаб-қувватлаши ёки Европанинг айрим сиёсатчилари билан очиқ тортишувларга кириши Tesla брендининг АҚШ ташқарисидаги обрўсига салбий таъсир кўрсатмоқда.
Business Insider маълумотларига кўра, компаниянинг Германиядаги сотувлари 2025 йил феврал ойида ўтган йилнинг худди шу даврига нисбатан 76 фоизга камайган. Шу билан бирга, мамлакатда электромобиллар умумий сотуви 31 фоизга ўсган. Сотувдаги пасайиш Норвегия, Дания, Швеция, Франция, Австралия ва Хитойда ҳам қайд этилган.
Миллиардернинг ислоҳотлари ва баёнотларидан кўнгли тўлмаганлар TeslaTakedown деб номланган ҳаракатни ташкил этди. Унга аъзо бўлганлар нафақат АҚШда, балки Европа давлатларида ҳам компаниянинг автосалонлари олдида мунтазам пикетлар ўтказишмоқда. Улар ўз тарафдорларини Tesla автомобиллари ва акцияларини сотишга даъват этиб, компанияга моддий ва имиж йўқотиш келтиришга интилишмоқда.
Баъзан норозилик очиқ вандализм шаклини олади — ижтимоий тармоқларда граффити билан безатилган автомобиллар ёки қувватлаш станцияларининг сурат ва видеоларини кўплаб топиш мумкин. Бундан ташқари, АҚШда Tesla машиналари дилерлик марказлари ёнида ёки автотураргоҳларда ёқиб юборилиши ҳолатлари кўпаймоқда.
«Мен учун сўл қанот вакиллари томонидан бундай даражадаги нафрат ва зўравонлик мавжуд эканини билиш ҳақиқий шок бўлди», — деди Маск бу воқеаларни изоҳлар экан.

Ethan Miller / Getty Images / AFP / Scanpix / LETA

Ethan Miller / Getty Images North America / Getty Images / AFP / Scanpix / LETA

The Canadian Press / Scanpix / LETA
Аммо миллиардерга нисбатан норозилик унга сайловда Трампни қўллаб-қувватлаган пайтдаёқ бошланганди. 2024 йил ноябр ойи охирида The Guardian нашри хабар беришича, Tesla эгалари ўз танловларини оқлаш мақсадида турли стикерларни фаол равишда харид қилишни бошлашган. Масалан, «Буни Илoн Маск ақлдан озишидан аввал сотиб олганман» деган ёзувли стикерлар кенг тарқалган.

Sergei Gapon / AFP / Scanpix / LETA
Натижада, сўнгги ойларда Tesla бренди технологик инновациялар ва экологик ёндашув орқали эришилган илғор имижидан тобора рад этилувчи (токсик) брендга айланмоқда. Ушбу автомобилларнинг эгалари, уларнинг шахсий қарашларига қарамасдан, автоматик равишда Маск ва унинг яхши қабул қилинмаган қарорларини қўллаб-қувватловчи қатламга мансуб деб баҳоланмоқда.
Яқинда 404 Media нашри журналистлари Dogequest номли веб-сайтни аниқлашди (мақола эълон қилинган пайтда сайт аллақачон ёпилганди), унда АҚШ харитасига Tesla’нинг дилерлик марказлари манзиллари, қувватлаш станцияларининг тахминий жойлашуви, шунингдек, айрим автомобил эгалари (улар орасида DOGE ходимлари ҳам бор) ҳақидаги шахсий маълумотлар — жумладан, манзил ва телефон рақамлари жойлаштирилганди. Бу маълумотлар қаердан олингани ва уларнинг ҳақиқийлиги номаълум. Аммо журналистлар таъкидлашича, сайтда кўрсатилган айрим шахслар ҳақиқатан ҳам Tesla автомобилларига эгалик қилади ва кўрсатилган дилерлик марказлари манзиллари реал экани аниқланган.
Сайтдаги курсор Молотов коктейли кўринишида бўлган. Тавсифда эса шундай дейилган: «Агар сиз ўзингиздаги ижодий салоҳиятни бўёқли баллон орқали намоён этиш учун Tesla овини бошламоқчи бўлсангиз, кўчага чиқинг — харита керак эмас!» Сайт яратувчилари маълумотлари кўрсатилган шахслар автомобилларини сотганини исботласа, маълумотни ўчиришларини айтган. Журналистлар фикрича, мазкур сайтнинг асосий мақсади — Tesla эгаларини қўрқитишдан иборат.
Tesla’га эҳтимолий банкротлик таҳдид солмаяпти
Ижтимоий тармоқларда кўплаб фойдаланувчилар Tesla акциялари қулашига очиқчасига хурсанд бўлаётгани ва компания банкрот бўлади, деб умид қилаётгани ҳақидаги хабарларни кўриш мумкин. Айримлар бундай ҳолда Маск X ижтимоий тармоғидан (собиқ Twitter) воз кечишга мажбур бўлишини, чунки қарзларини тўлаш учун унинг мулки мусодара қилинишини кутмоқда. Гап шундаки, Twitter’ни харид қилиш учун сармоянинг бир қисми Маск томонидан Tesla акциялари гаровга қўйиб олинган кредитлар ҳисобидан таъминланганди.
Шу билан бирга, X’нинг эгаси алмашиши эҳтимоли унчалик юқори эмас — айниқса, Маск кредит олган пайтда компания акцияларининг қиймати ҳозирги даражада бўлганини ҳисобга олсак. Умуман олганда, Tesla банкрот бўлиши ҳақида гапириш жуда эрта — аслида компания акцияларининг 2024 йил охиридаги кескин ўсиши ноодатий ҳол бўлган, ҳозирги пасайиши эса ўринли кўринади.
Шу билан бирга, Илoн Маск ўзининг энг муҳим брендларидан бири бошига келган бу ҳолатдан очиқчасига норози. Яқинда у ҳатто ёрдам учун Доналд Трампни чақирди. Март ойи бошида АҚШ президенти Оқ уй ёнида Tesla автомобиллари иштирокида намойишкорона «тақдимот» ўтказди. Президент миллиардер ва унинг автомобилларини мақтади, шунингдек, шоурумларга ҳужум қилаётган намойишчиларни «америкача катта компанияга зарар етказаётганлар» деб атади. Трамп улар «дўзахга тушиши»ни ваъда қилди.
Шу билан бирга, Трамп азалдан электромобилларга мутлақ қарши бўлган ва яқиндаги ташаббусларидан келиб чиқиб қараганда, уларни ҳали ҳам хуш кўрмаслиги аён.
Шундай баёнотларга қарамасдан, Tesla муваффақиятсизликлари учун маълум даражада айб Трампнинг ўзида ҳам бор. Унинг ноаниқ савдо сиёсати, эҳтиётсиз баёнотлари ва қўшни давлатлар, жумладан, Канада билан мунтазам тўқнашувлари АҚШ фонд бозорига жиддий салбий таъсир кўрсатмоқда.
Трампнинг ҳаракатлари фақатгина Tesla’га эмас, балки Американинг бошқа йирик компанияларига ҳам зарар етказмоқда. Лекин президентни бу нарсалар унчалик қизиқтирмайди. «Мен фонд бозорига ҳатто қарамайман», — деганди Трамп март ойи бошида.
Мавзуга оид

17:47
Илон Маскнинг Grok нейротармоғи Telegram'га интеграция қилинди

12:52 / 25.03.2025
АҚШда Маск департаменти текширувидан сўнг 7 млн киши вафот этган деб топилди

21:22 / 23.03.2025
NYT: SpaceX Трамп маъмуриятидан миллиардлаб долларлик шартномалар олади

15:17 / 23.03.2025