Жаҳон | 19:45 / 24.03.2025
1574
2 дақиқада ўқилади

ҲАМАСнинг юқори мартабали аъзоси Исроил авиазарбаси оқибатида ўлдирилди

ҲАМАС сиёсий бюроси аъзоси ва фаластинлик депутат Салоҳ ал-Бардавил ҳамда унинг рафиқаси Исроил томонидан уюштирилган ҳужум оқибатида ҳалок бўлди.

Фото: AP

ҲАМАС сиёсий бюроси аъзоси ва фаластинлик депутат Салоҳ ал-Бардавил 23 март куни Исроил томонидан Ғазо сектори жанубидаги Хон-Юнусга уюштирилган ҳужум оқибатида рафиқаси билан ҳалок бўлди, деб хабар беради Reuters. Уларнинг жасади Насер шифохонаси моргига етказилган.

ҲАМАС баёнотига кўра, Бардавил «Ал-Мавоси ҳудудидаги чодирида кечки ибодат қилаётган вақтда амалга оширилган зарба» натижасида ўлдирилган.

ҲАМАС буни «қўрқоқ ционистик ҳужум» деб атаб, Исроилни Ғазо секторида «оммавий қирғин уюштириш доирасида ҳарбий жиноятлар содир этишда» айблади.

Ундан икки кун олдин ЦАҲАЛ уюштирган ҳужум оқибатида ҲАМАС ҳарбий разведкаси бошлиғи Усама Табаш ўлдирилган эди. Ушбу операция Исроилнинг «Шабак» махсус хизмати билан ҳамкорликда ўтказилган.

19 январдан бери Исроил ва ҲАМАС ўртасида ўт очишни тўхтатиш режими амалда эди. Аммо орадан икки ой ўтиб, 18 март куни жанговар ҳаракатлар қайта тикланди. Исроил Мудофаа армияси (ЦАҲАЛ) ҲАМАС объектларига ҳужумларни амалга оширишни бошлади.

Исроил бош вазири ва мудофаа вазири Тел-Авивнинг мазкур қарорини «ҲАМАС бир неча бор гаровдаги исроилликларни озод этишдан бош тортгани ва барча таклифларни рад этгани» билан изоҳлади. Исроил ҳукумати ҳозирги ҳарбий операция кенгайтирилишини маълум қилди. Ўз навбатида ҲАМАС ҳам бунга жавоб ҳужумларини уюштирмоқда, хусусан, 20 март куни гуруҳ Тел-Авивга ракеталар учирди.

Эслатиб ўтамиз, ўтган йили ҲАМАСнинг бир қатор етакчилари ва қўмондонлари Исроилга қарши жангларда ҳалок бўлганди — улар орасида август ойида ўлдирилган ҲАМАС сиёсий бюроси раҳбари Исроил Ҳания ҳам бор. Октябрда эса Исроил мудофаа кучлари Ҳания ўрнига тайинланган ҲАМАС етакчиси Яҳё Синвар Ғазода ўлдирилганини тасдиқлаган эди.

Мавзуга оид