Жамият | 12:04 / 24.03.2025
10491
3 дақиқада ўқилади

Эйфелни уйида қурган фурқатлик отахон ҳикояси

1998 йил. Миллионлар ўйинининг ашаддий мухлиси бўлган Комилжон ота Жўраев Францияда ўтказилаётган футбол бўйича жаҳон чемпионатига бориш учун астойдил ҳаракат қилади ва виза олишга эришади ҳам. Бироқ маълум сабабларга кўра, Францияга бора олмайди. Парижга бориш ва машҳур Эйфел минорасини кўриш иштиёқи унга тинчлик бермасди. Ниҳоят у миниб юрган машинасини сотиб 7 тоннадан ортиқ металл сотиб олади, 2004 йилда уйига 21 метрли “кичик Эйфел”ни қуриб битказади.

Комилжон ота Жўраев Франция армони-ю ўзи қурган машҳур минора ҳақида сўзлаб берди:

“1998 йилда Францияда жаҳон чемпионати ўтказилган. Футбол мусобақаларини томоша қилиш учун бораман деб мақсад қилиб юрардим. Маълум сабабларга кўра бора олмай қолдим. Ўйланиб юриб ундан кўра Францияни ўз уйимга олиб келаман деган ниятда “Эйфел минора”сини қуришга киришдим ва 2004 йилда минора битди.

Бошида қурилишдан аввал шамолда ағанаб кетишидан қўрққанман. Чунки Қўқонда шамол жуда кучли эсади-да. Шунинг учун 1.5 метрдан кўпроқ тупроқ қазиб мустаҳкам хандақ ҳам тайёрланган.

Уста келишидан аввал керакли жиҳозларнинг барчасини тайёрлаб қўйгандим. 3 та “сварка” аппаратида 40 кунда битказганмиз. Жами минорага 7 тоннадан ортиқ металл кетган. Ўшанда миниб юрган янги “Tico” автомобилимни ҳам 4 000 долларга сотиб юборганман металл сотиб олишга пул етмай қолганидан. Ўша пайтда 4 000 доллар жуда қадрли пул эди.

2008 йилда Франциянинг Ўзбекистондаги элчисининг рафиқаси юқори мартабали раҳбарлар билан бирга минорани кўргани келди. Туристлар ҳам тез-тез келиб “Эйфел”ни кўриб кетишади. Бундан бошим осмонга етади. Эйфел менга эсдалик бўлиб қолди-да энди.

Ёшим 74 да. Минорани қуриб армоним бир мунча ариди. Энди уйимда Эйфел бор. У билан ҳар куни биргаман. Ўғилларимдан бири Францияга 4 марта борди. Шу бугун ҳам у Францияда. Мен кўрмаган Парижни ўғлим бориб кўрди”, — дейди у.

Сарвар Зиёев,
Kun.uz
Оператор ва монтажчи – Сардор Мамиров.

Мавзуга оид