Улар ниҳоят эркин, аммо улкан тўлов тўлашди — Асад ағдарилгандан сўнг Сурия қандай ҳаёт кечирмоқда?
2024 йил декабрида Сурияда Асадлар режимининг эллик йиллик ҳукмронлиги якун топди. Кўплаб сурияликлар эркинликдан баҳраманд бўлишда давом этмоқда, бироқ мамлакат барқарорликка эришди, деб бўлмайди. Сурия ҳануз чуқур инқироз ичида, мамлакатни ҳарбий тўқнашувлар ларзага солмоқда.
«Медуза» шарқшунос Руслан Сулаймоновнинг Дараа, Ҳалаб ва Дамашқ каби йирик шаҳарлардан тайёрлаган репортажини эълон қилди.
Дараа — инқилоб тонги
2011 йил 6 март куни эрталаб Сурия жанубида жойлашган кичик Дараа шаҳрида бир неча ўсмир мактаб ички ҳовлиси деворида шундай граффити чизади: «Сенинг навбатинг келди, доктор!»
Улар бу сўзлар билан мамлакат президенти, муттахассислиги бўйича офталмолог Башар Асадга мурожаат қилган эди. Ўша пайтга келиб бутун араб оламида аланга ёниб турган эди — Мисрда кўп йиллик ҳукмдор Ҳусний Муборак ва Тунисда Зайнулобиддин ибн Али ағдарилганди.

Полиция деярли дарҳол ўқувчиларни ҳибсга олади ва кейинги бир неча кун давомида қийноқларга солишади. Улар электрошокер билан тўқнашди, тирноқлари остига ниналар санчилди. Эҳтимол, ҳукумат эҳтимолий инқилобдан қўрқиб, ўсмирларни намойишкорона тарзда жазолашни мақсад қилган эди.
Бироқ натижа аксинча бўлди. Қийноқлар тўғрисидаги хабарлар бутун Дараани ларзага солди. Шаҳар аҳолиси уюшган ҳолда полиция бўлими олдида тўпланиб, болаларни озод қилишни талаб қила бошлади. Ҳокимият норозиликларни шафқатсизлик билан бостирди. Лекин бу маҳаллий аҳолини тўхтата олмади. Намойишлар энди фақат Дараада эмас, балки бутун Сурия бўйлаб авж олди.
Шундай қилиб, ўтмишда барқарор бўлган ва бутун араб олами учун намуна бўлиб келган мамлакатда кўп йиллик фуқаролик уруши бошланди. Бу уруш қарийб 14 йилга чўзилди, 400 мингдан зиёд инсон ҳаётига зомин бўлди, мамлакатдаги 20 млн кишининг ярмидан кўпи қочқинга айланди ва 2024 йил декабрида — Асадлар режими ағдарилиши билан якунланди. Ушбу режим Сурияда ярим асрдан зиёд ҳукмронлик қилган эди.
«Мен бахтлиманми? Йўқ, мутлақо йўқ. Мамлакатим вайронага айланди. Ўша пайтда ҳеч нарса ёзмаганимиз яхши эди», — дейди Абдураҳмон, ўша 2011 йилдаги граффитини ёзган ўсмирлардан бири. Ҳозирда Абдураҳмон камтарона ҳаёт кечирмоқда: қаерда пул топса, ўша ерда ишлайди — баъзан маҳаллий қурилишда, баъзан эса ўша мактабда посбон бўлиб.

14 йил ичида мактаб ҳовлиси деворлари бир неча марта қайта бўялган. Улардан бирида яқинда пайдо бўлган янги ёзув бор: «Доктор қочди». «Ҳа, биз ниҳоят эркинликка эришдик. Лекин биз бунинг учун жуда катта ҳақ тўладик», — деб тан олади Абдураҳмон.

Бугунги кунда Дараа — вайронадан бошқа нарса эмас, шаҳар маркази — фуқаролик уруши даврида энг кам жабрланган ҳудуд — бунинг истисносидир. Кўплаб вайроналар орасида ҳали ҳам одамлар яшайдиган нисбатан соғ бинолар бор. Буни харобалар орасида ўйнаётган болалар, шунингдек, янги ювилган кийимлар илинган кир дорлардан билиб олиш мумкин.
Шаҳардаги ягона янгилик — қабристонлар. Бу ерларга Асад режимига қарши курашда ҳалок бўлган маҳаллий аҳоли дафн этилган. Ҳар бир мақбара тошида «шаҳид» сўзи ёзилган. Марказий ҳокимият бир неча бор бу тошларни буздирган, шу боис уларнинг кўп қисми ёрилиб кетган ёки иккита бўлакка бўлинган.

Асад ағдарилгандан сўнг мамлакатда ҳокимият «Ҳайъат Таҳрир аш-Шом» гуруҳи қўлига ўтди. Бироқ Дараада тартибни Жанубий оператив штаб (SOR) назорат қилади.
2024 йил ноябр ойи охирида ҲТШ жангарилари Сурия шимолида тезкор ҳужум бошлаганида, уларга жанубдан айнан SOR кўмак берган. «2024 йил 8 декабр тонгида биз биринчи бўлиб Дамашққа кирдик. ҲТШ иттифоқчилари биздан кейин келди», — деб эслайди ҳозирда Дараада тартибни сақлаётган «жанубликлар» қуролли гуруҳларидан бири вакили Абу Имод.
Унинг сўзларига кўра, айнан SOR таркибидаги кучлар ағдарилган Сурия ҳукуматидаги бош вазир Муҳаммад Ғозий ал-Жалолийни ҳимояга олган. У ҳокимиятни ихтиёрий равишда исёнчиларга топширишга рози бўлганди.
Идлиб — муқобил Сурия
Сурия диктатори Москвага қочганидан икки кун ўтибоқ, ҲТШ Муҳаммад ал-Башир раҳбарлигида вақтинчалик ҳукумат тузилганини эълон қилди. Аслида бу Дамашққа ҲТШ назорати остидаги Сурия шимолида жойлашган кичик Идлиб вилоятида сўнгги йилларда амал қилган «Сурияни қутқариш ҳукумати»ни кўчириш эди.
Бу ерда тахминан 10 йил давомида ИШИД террорчи гуруҳининг Сурия бўлими таркибидан чиққан кишилар ўзига хос «муқобил Сурия»ни барпо этганди: коррупциядан холи ва баъзи жиҳатлар бўйича юқори ҳаёт даражасига эга жамият.
Масалан, Идлибда Туркия электр тармоқларига уланиши туфайли электр 24 соат узлуксиз бериларди. Бу Асад назоратидаги бошқа ҳудудлардагидан кескин фарқ қиларди: у ерларда электр кунига 3–5 соатгина берилган. Бундан ташқари, мобил алоқа ҳам яхши йўлга қўйилганди. Чунки маҳаллий маъмурият Люксембургнинг +352 телефон коди орқали ўз мобил тармоғини яратган.
«Туркия — халқаро майдонда, жумладан, чириган БМТ Хавфсизлик кенгашида ҳам бизга доимо ёрдам берган ягона давлат. Бу Кенгаш аллақачон „Йўқ қилиш кенгаши“га айланди. Бошқа халқаро ташкилотлар — БМТми ёки Халқаро судми — улар ишламайди. Биз адолатни ўзимиз тиклаяпмиз. Бироқ фақат қурол билан», — дейди Идлибни Ҳалаб билан боғловчи шоссе устидан назорат олиб борувчи ҲТШ жангариларидан бири.
Дарҳақиқат, Туркия ҳеч қачон суриялик исёнчиларга бўлган ҳамдардлигини яширмаган, уларни қўллаб-қувватлаб келган. Шунчаликки, бугунги кунда Идлиб ва қўшни Ҳалабда турк лиралари билан эркин ҳисоб-китоб қилиш мумкин. Сурия фунтлари эса ҳар жойда ҳам қабул қилинмайди.
Бундан ташқари, Идлибда сўнгги йилларда шариат қонунлари амал қиларди. Асаднинг дунёвий, аммо коррупцияга ботган адлиясига нисбатан кўплаб сурияликлар буни адолатли муқобиллик деб билишарди. Энди шундай тизимни Суриянинг қолган ҳудудларида ҳам жорий этишмоқчи.
Шу билан бирга, ҲТШ вакиллари исломнинг ўзларича қаттиқ талқинига амал қилган бўлсалар-да, Идлибдаги фуқаролик маъмурияти бошқа дин вакилларини намойишкорона ҳимоя қилар эди. Масалан, насронийлар ўз черковларида эркин ибодат қилар эди. Аммо бу уларга қарши айрим ҳолатлар, жумладан, фақат дини учун уйидан кўчириб юборишлар бўлмаган, дегани эмас.
Ҳалаб — жасадлар устидаги жаннат
Суриядаги фуқаролик урушининг энг оғир ва узоқ давом этган жанглари айнан Ҳалабда кечган. Шу сабабли шаҳарга «Сурия Сталингради» деган ном берилган. Асад қўшинлари Россия, Эрон ва Ливандаги «Ҳизбуллоҳ» жангарилари ёрдамида Суриянинг собиқ иқтисодий пойтахтини тўрт йил давомида мухолифат кучларидан тозалаш учун штурм қилган ва 2016 йил декабрида тўлиқ эгаллаганди. Бу воқеа Сурия урушидаги бурилиш нуқтаси сифатида кўрилган ва шундан сўнг Асад ўзини дахлсиз деб ҳисоблай бошлаган.
2024 йил охирида эса Ҳалаб фуқаролик урушида навбатдаги муҳим чорраҳага айланди. ҲТШ уни уч кун ичида ўз назоратига олди ва дарҳол электр ҳамда барқарор интернет таъминотини йўлга қўйди. «Биз жаннатда юрибмиз. Озодликнинг маст қилувчи таъмини биринчи бўлиб биз тотдик», — деб фахр билан сўзлайди 19 ёшли Мустафо. У шаҳар шарқидаги улкан университет шаҳарчасида жойлашган эски ётоқхонада иситиш тизимисиз кичик хонада яшайди.

Шаҳар аҳолисининг шодлиги акс этган кадрлар ҳамда электр таъминоти тиклангани ҳақидаги лавҳалар бутун мамлакатга тезлик билан тарқалди. Шу боис, Асад назоратидаги шаҳарларда ҲТШни босқинчи эмас, озод қилувчи сифатида кутаётганлар кам эмас эди. «Бутун Сурия бизга ҳавас қилди ва биз билан бирга бўлишни хоҳлади», — дейди Мустафо.

Ҳозирги Ҳалаб — ярим вайронага айланган шаҳар. Кўплаб харобалар орасида, маҳаллий аҳоли таърифича, ҳануз кўмилмаган жасадлар бўлиши мумкин. «Бу Россиянинг иши. У Асад режимининг қулашини фақат кечиктириб берди, холос. Бу барибир содир бўларди», — дейди шаҳар марказидаги қандолатчилик дўконига эгалик қиладиган қария Фейсал.
Унинг фикрича, Россия ҳам, Эрон ҳам Сурияни тиклашда иштирок этиши шарт. «Фақат тарихий ёдгорликларни эмас, уйларимизни, кўчаларимизни ҳам тиклашда россияликлар иштирок этиши керак», — деб таъкидлайди у.
Кўплаб жанглар вақтида XII асрда қурилган, ЮНЕСКОнинг Бутунжаҳон мероси рўйхатига киритилган Ҳалаб қалъаси ҳам жиддий зарар кўрган. 4 декабр куни ҲТШ етакчиси Абу Муҳаммад ал-Жўланий қалъанинг чиқиш қисмидаги зинапоялардан қувончли омма қуршовида юриб ўтган лавҳалар бутун Сурияда, жумладан, Дамашқ аҳолисида ҳам катта таассурот қолдирганди. Кўпчилик айнан шу пайтда Асаднинг кунлари саноқли қолганини англаб етган.

Бугун қалъа олдидаги майдонда мусиқа янграйди, қўшни вилоятлардан келган сурияликлар қалъа ва ўқ излари тешиклари фонда суратга тушишади, дайди болалар садақа сўрашади. Бир пайтнинг ўзида бир неча ҲТШ жангариси тартибга риоя этилишини назорат қилади.

Дамашқ — қатағонлар ва инқироз
Сурия пойтахти кўчалари деворларида «Бошингни тик тут! Энди сен эркинсан, суриялик!» деган ёзувлар ва плакатлар илинган. Ёнидаги деворда эса шундай сўзлар битилган: «2024 йил 8 декабр, соат 06:18 — Сурия ўз эркинлигига эришди».
Ўтган йил декабрида Асадлар режимининг тезкор қулаши сурияликлар томонидан айнан озодлик сифатида қабул қилинди. «Диктатура шароитида сайловлар мутлақо маъносиз. Асадга берилган миллионлаб овозлар — сохта эди», — дейди Дамашқнинг марказий «Ал-Ҳамидия» бозорида антиквариат савдоси билан шуғулланувчи 42 ёшли тадбиркор Солиҳ.
«Уни фақат элита — қасрлар, қиммат машина ва валюта омборларига ёпишиб олганларгина қўллаб-қувватларди, — дея қўшимча қилади суриялик, мамлакатнинг келажаги ҳозирча жуда мавҳум эканини ҳам таъкидлар экан. — Биз ҳозир муаллақ турган ҳолатда яшаяпмиз», — дейди у.
2024 йил 8 декабрида Дамашқда ҳокимиятни қўлга киритганидан сўнг ҲТШ етакчиси ал-Жўланий 1 мартгача мамлакатда барча этник ва диний озчиликлар иштирокида инклюзив ҳукумат тузилишини ваъда қилганди. Аммо ҳануз бу амалга ошгани йўқ. Айни пайтда пойтахтда фақат Идлибдан кўчириб келинган ҳукумат фаолият олиб бормоқда.

Шунингдек, ал-Жўланий ўзининг катта акаси Моҳирни — у аввал Россияда ишлаган — соғлиқни сақлаш вазири этиб тайинлади. Моҳирнинг божаси Марвон эса Дамашқнинг янги губернатори бўлди. Бу тайинловлар Башар Асаднинг оилавий бошқарув усулларини эслатади.
2025 йил 24–25 феврал кунлари Дамашқда Миллий мулоқот конференцияси бўлиб ўтди. Унинг якунлари бўйича Суриянинг янги конституциясини ишлаб чиқиш бўйича қўмита ташкил этилди. Унга етти киши киритилди, шундан беш нафари ҲТШ билан бевосита боғлиқ. Ҳукумат таркибида бўлганидек, ушбу қўмитада ҳам суриялик озчиликлар — алавийлар, друзлар ёки насронийлардан бирор вакилга ҳам ўрин берилмади.
Аниқки, йиллар давомида Сурияда ҳокимият учун кураш олиб борган ҲТШ уни бошқалар билан бўлишишга ошиқмаяпти. Бироқ барибир шундай қилишга тўғри келади — чунки Сурия расмийларига нисбатан 1970-йиллар охиридан бери жорий қилиб келинаётган кўплаб санкцияларни бекор қилиш учун айнан шундай очиқлик талаб этилади. Европа Иттифоқи аллақачон санкциялар босқичма-босқич бекор бўлишини маълум қилди ва бу жараён мамлакатда амалга ошириладиган ислоҳотлар билан боғлиқ бўлади.
Айнан шу масала мамлакатдаги янги режимнинг тирик қолишига жиддий таъсир кўрсатади. Айни пайтда Сурия аҳолисининг тахминан 90 фоизи қашшоқлик чегарасидан пастда ҳаёт кечирмоқда ва Асаднинг ағдарилиши ортидан келган эйфориядан аста-секин ҳушига келмоқда.
Энг асосий муаммолардан бири — бу пул, аниқроғи, унинг қўлда мавжудлиги. Илгари мамлакатда долларда амалга оширилган ҳар қандай операция таъқибга олинган бўлса, бугун «кўкат»лар очиқдан очиқ муомалада. Ҳозирги кунда долларнинг сурия фунтига нисбатан курсининг 1:10 000 бўлиши (урушгача курс 1:50 эди) барча сурияликларни пулни қўлда ҳисоблашга мослаштирган. Катта дўконлар ва супермаркетларда эса пул ҳисоблаш қурилмалари ўрнатилган — бу кассирларга қулайлик яратиш учун.
Бироқ Асад даврида миллий валюта Россияда чоп этилар ва у ердан Сурияга етказилар эди. Эндиликда бу қандай амалга оширилиши — номаълум. Агар муаммо ечимини топмаса, яқин ҳафталарда Сурия Араб Республикаси нақд пул етишмовчилигига дуч келиши мумкин. Шундай бўлса-да, сўнгги уч ойда миллий валюта курси бироз мустаҳкамлангани кузатилди.
Янги ҳокимият учун яна бир жиддий синов — бу ёқилғи инқирозидир. Асад даврида Эрондан Ироқ орқали Сурияга кунига 70 минг баррел нефт келтирилар эди. Бугун эса бундай имконият мавжуд эмас: Сурия–Ироқ чегараси ёпилган.
Ҳозирги кунда автотранспорт эгалари АЁҚШларда эмас, балки хусусий сотувчилардан сифати паст бўлган аралаш бензин харид қилмоқда. Бу эса машиналар тезда бузилишига олиб келмоқда. Агар бу ҳолат давом этса, кўплаб сурияликлар Дамашқга олиб борувчи ва у ердан чиқувчи асосий йўлларни тўсиб қўйиш билан таҳдид қилмоқда.
«Тарихдаги энг эркин давр» — ҳозирча
Аш-Шаръа янги суриялик ҳокимлар халқаро жамият талабларини бажаришдан бош тортган ва Ғарб банкларидаги активларни музлатишни бекор қилиш учун ҳеч қандай ҳаракат қилмаётган «Толибон» йўлидан бормаслигини ваъда қилмоқда. Аксинча, сурияликлар халқаро ҳамжамият билан мулоқот қилиш ниятида эканини билдиришмоқда, бу орада Афғонистонда аёлларга нисбатан янги тақиқлар жорий этилмоқда.
Бироқ охирги ойларда Суриянинг ғарбидаги алавийлар жамоаси ва ҲТШ жангарилари ўртасида тўқнашувлар содир бўлди. Тинч аҳоли орасида ҳам қурбонлар бор. Оддий аҳоли вакилларига таъсир қилган бундай тўқнашувлар, одатда, Асад армиясида хизмат қилган генерал ва офицерлар яширинган алавий қишлоқларига ҲТШ томонидан уюштирилган рейдлар натижасида юзага келган. Лондонда жойлашган Сурия инсон ҳуқуқлари кузатув маркази маълумотига кўра, бундай рейдлар вақтида камида тинч фуқаролардан 973 нафари ҳалок бўлган.
Шу билан бирга, Суриянинг Дамашқ ва бошқа йирик шаҳарларида одамлар озодликни ҳис қилишмоқда — бу ҳақда деярли ҳар ким гапирмоқда. Маҳаллий аҳоли мамлакатдаги сиёсий ўзгаришларни фаол муҳокама қилмоқда, жумладан, янги раҳбарларни ҳам танқид қилмоқда.
«Ҳа, у камуфляждан пиджак ва галстукка ўтди. Лекин биз жуда яхши эслаймиз: у ўз фаолиятини бутун Сурия бўйлаб портлашлар ва террорчилик ҳужумларини уюштиришдан бошлаганди», — дейди Драматик санъат институти талабаси 21 ёшли Рима Аш-Шаръа ҳақида.
Сурияда анъанавий тарзда катта аҳамиятга эга бўлган маданият ходимлари касаба уюшмаларида жиддий хавотирлар ҳукм суряпти. Кўпчилик ҳокимият тепасига келган исломчилар мамлакатда кино ва мусиқани мутлақо тақиқлаб, касаба уюшмаларини ҳам ёпишидан чўчимоқда.
Бу хавотирлар асоссиз эмас. Масалан, Рамазон ойи муносабати билан март ойида бутун мамлакат бўйлаб кундузги пайтда кафе ва ресторанлар фаолияти, жамоат жойларида сигарета чекиш тақиқланган.
«Сиз бизнинг юртга тарихдаги энг эркин даврида келдингиз, — дейди Рима. — Лекин биз қаттиққўлликсиз яшай олмаймиз. Бу эркинлик сархушлиги тез орада тугайди, шунда сиз яна Сурияни танимай қоласиз».
Мавзуга оид

13:46
Сурияда интернет бутунлай узилиб қолди

18:34 / 22.03.2025
Суриянинг янги расмийлари Россиядан Башар Асадни топширишни сўради

12:43 / 22.03.2025
Россия Суриянинг янги маъмуриятига илк бор нефт етказиб берди

09:42 / 18.03.2025