Жамият | 14:50 / 23.03.2025
6611
2 дақиқада ўқилади

Саудия Арабистонида ҳибсга олинган Ўзбекистон фуқаролари ватанга қайтарилди

12-14 март кунлари 19 нафар Ўзбекистон фуқароси, жумладан, Саудия Арабистони ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан илгари ҳибсга олинган аёллар ватанга қайтарилди.

Фото: "Дунё" АА

Қайд этилишича, Ўзбекистон элчихонаси томонидан Саудия Арабистонининг ваколатли органлари билан олиб борилган музокаралар натижасида барча ҳибсга олинганлар ўз оиласига қайтарилган.

Ўзбекистон фуқаролари Саудия Арабистонига туристик визалар билан борган, бироқ зарур рухсатномаларни олмасдан ишга жойлашиш мақсадида мамлакатда қолган. Ҳибсга олинганлар орасида 20 ёшга тўлмаган ватандошлар ҳам бор.

Элчихона хорижга чиқишни режалаштираётган барча фуқароларга қабул қилувчи давлат қонунчилигини олдиндан ўрганишни, маҳаллий анъана ва меъёрларни ҳурмат қилишни, шунингдек, қонуний бўлиш ва ишга жойлашиш учун барча зарур ҳужжатларни тайёрлашни сўрайди.

«Бундан ташқари, турли вазиятларда мулоқот қилиш учун мезбон давлат тилининг асосларини ўрганиш тавсия қиламиз. Саудия Арабистонида қийин вазиятларга дуч келсангиз Ар-Риёз шаҳридаги элчихона ёки Жиддадаги Бош консулхонага мурожаат қилишингиз мумкин», — дейилади хабарда.

Аввалроқ Қатарда туҳмат сабаб жавобгарликка тортилган Ўзбекистон фуқароси ватанга қайтарилгани тўғрисида хабар берилганди. Аниқланишича, иш берувчи ушбу фуқаро устидан ёлғон ариза берган. Натижада у Қатар қонунчилигини бузганликда айбдор деб топилиб, ҳибсга олинган.

 

Мавзуга оид