Жаҳон | 20:52 / 22.03.2025
8836
5 дақиқада ўқилади

Кўп қутбли дунё тартиботи: бу Ўзбекистон учун имкониятми ёки таҳдид?

Дунё сиёсати Совуқ уруш вақтида икки қутбли, ундан кейин бир қутбли эди, охирги йилларда эса кўп қутбли дунё тартиботи шаклланиши ортга қайтмас жараёнга айланди. Бу – кичик ва ўрта давлатлар, хусусан Марказий Осиё олдига қандай вазифаларни қўяди?

1945 йилда Иккинчи жаҳон уруши тугагач, дунёда икки қутблилик даври бошланди. Совуқ уруш даврида икки глобал қутб, икки қудрат, икки лагер бутун дунёдаги ишларни биргаликда ёки рақобатда бошқариб келди. Дунёнинг қаерида зиддиятлар, тирашувлар, урушлар бўлса, мана шу икки давлатнинг қўли аниқ бўлар эди. Бу – СССР ва АҚШ эди.

Собиқ СССР қулагач, дунёда бир қутблилик даври бошланди. АҚШ совуқ урушнинг ғолиби эди.

Лекин мана, собиқ социалистик лагер қулаганидан 34 йил ўтиб, дунёда ғалати бир вазият шаклланди. Бугунги ҳолат на бир қутбли, на кўп қутбли ҳисобланади. Бир қутблилик тугаб, кўп қутблилик шаклланиш жараёнининг бошидамиз. Кейинги 20-25 йил ичида АҚШ кўплаб хатолар қилди, натижада унинг репутацияси ва ресурслари камайиши тезлашди. 2001 йил 11 сентябрдан кейин АҚШ Афғонистон ва Ироққа кириб келди, ва беҳуда урушлар олиб борди.

Бу вақтда Хитой Халқ Республикаси, Россия Федерацияси ва глобал жануб ўсишда давом этди. Бугун ХХР – АҚШ учун энг кучли глобал рақиб. Агар АҚШнинг дунё иқтисодиётидаги улуши 15 фоизни ташкил қилса, ХХРнинг улуши 18 фоизни ташкил қилади. Хитой – дунё тартиботини ўзгартиришдан манфаатдор, ревизионист давлатлардан. Хитой 19-20 асрларни ўзи учун “таҳқирланган асрлар” деб билади. Яъни, “биз ғарб давлатлари томонидан таҳқирландик, энди ўзимизнинг муносиб мақомимизни эгаллашимиз керак” дейди.

Путин бошчилигидаги Россия Федерацияси ҳам глобал тартибот ўзгаришидан манфаатдор давлатлардан. Россия Совуқ уруш натижаларини ревизия қилишни истайди. Совуқ уруш натижасида СССРнинг парчаланиши ва Россия мақомининг пастлашини Путин “асрнинг энг катта фожиаси” деб билади. Путин учун тарихий ориентир – 1945 йилдаги СССР триумфи, Ялта келишувлари ва дунёнинг бўлиб олиниши ҳисобланади.

Дунёда кўп қутблиликнинг шаклланиши – объектив жараён. Бу жараённи тўхтатиш имконсиз. Бу яқин ўн йилликларда АҚШ энг қудратли давлат бўлиб қолаверади, лекин дунё ишларидаги АҚШнинг монополияси 1990-йиллардаги каби, Клинтон давридаги каби бўлмайди. Ҳатто коллектив ғарб ичида ҳам турфа хиллик кучайиб боради. Қолаверса, АҚШнинг ўзи дунё ишларидан толиққандек. Ҳокимиятда – изоляционист Трамп ва унинг маъмурияти. Трамп кейинги 80 йиллик АҚШ тарихида янги сиёсий эксперимент бошлади. У АҚШнинг ички ва ташқи сиёсатдаги масъулиятларини, мажбуриятларини оптималлаштирмоқчи. Бу, айни пайтда, АҚШнинг глобал қудратига ҳам соя солиши аниқ.

Кўп қутблилик ҳақида гап кетганда, икки давлатнинг тақдири эсга келади. Биринчиси Фаластин. Фаластин ҳалига қадар мавжуд эмас, сабаби Исроилни тийиб турувчи давлат топилмади. Исроилнинг қудрати ва бузғунчилигининг асосий ҳомийси – АҚШ. АҚШ ҳар доим, ҳар қандай холатда Исроилни ҳимоя қилади, ҳаттоки, Исроилнинг бош вазири ёки бошқа сиёсатчиларини ёқтирмаганида ҳам. Исроилнинг бузғунчиликларини олдини олиш учун эса, кўп қутблилик керак.

Украина мисолида эса, кўп қутблиликнинг биз учун, пост-совет мамлакатлари ва Марказий Осиё давлатлари учун хавотирли қирраси намоён бўлади. Чунки Украинани ютишни, устидан тарихий назоратни қўлга киритишни истаётган давлат – ревизионист Россия Федерацияси. Яъни кўпқутблилик пайдо бўлиши – Россия, Хитой каби давлатларнинг халқаро майдондаги таъсири, қудрати янада ошишини англатади.

Шу ўринда, Ўзбекистон учун, Марказий Осиё тақдири учун, “кўпқутблилик қанчалик хавфсиз?” деган савол пайдо бўлади.

Ҳар бир катта феномен жараёнларда шаклланади. Келажакдаги кўпқутблиликнинг табиати қандай бўлиши кўплаб кичик ва ўрта давлатлар учун уларнинг иттифоқларига, алянсларига боғлиқ бўлади.

Кўп қутблилик тажовузкор бўлмаслиги учун, қудратли давлатлар ўрта ва кичик давлатларга тажовузкорона муносабатда бўлмаслиги учун, давлатлар бир томондан кўп қутблиликнинг тўғри томонларини қўллаб-қувватлаши, иккинчи томондан, янги ўйин қоидаларининг шаклланишида ўз фаолликлари билан иштирок этиши керак.

Ўрта ва кичик давлатлар ички сиёсатда демократик бўлишга, халқи катта ва жўшқин куч бўлишига, халқ ва жамият бирлигига эриша олиши керак бўлади. Ташқи сиёсатда эса иттифоқлар, алянслар, интеграциялар – қудрат шакллантиришнинг асосий услуби бўлиб қолаверади.

Ўзбекистон учун, Марказий Осиё бирлиги ва туркий дунё интеграцияси – янги дунёдаги яшовчанликни белгилаб берувчи асосий ташқи омил ҳисобланади.

Камолиддин Раббимов,
сиёсатшунос

Мавзуга оид