Фото: Британия шаҳзодаси танкда Россия чегараси яқинига борди
Шаҳзода Уилям Эстониянинг Тапа шаҳридаги НАТО кучлари ҳарбий базасига ташриф буюрди ва Challenger 2 танкида саёҳат қилди. Эстония базасида Британия ҳарбийлари жойлаштирилган бўлиб, уларнинг вазифаси Болтиқбўйи минтақасида Россиянинг эҳтимолий тажовузини тийиб туришдан иборат. Тапа Россия билан чегарадан тахминан 120 километр масофада жойлашган. 1991 йилгача бу ерда СССР ҳарбий базаси бўлиб, унда, шу жумладан, советларнинг МиГ русумли самолётлари жойлаштирилган эди.

Фото: Suzanne Plunkett / Reuters / Scanpix / LETA
Шаҳзода Уилям Эстонияга, Буюк Британия армиясининг хорижий миссиясига ташриф буюрди. У Болтиқбўйи давлатини Россиядан келаётган эҳтимолий таҳдидлардан ҳимоя қилишга қаратилган тадбирларида иштирок этган британиялик қўшинлар билан учрашди, деб хабар берди BBC.
Нашр шаҳзоданинг ҳарбий кийимда, Challenger 2 танкида, шунингдек, зирҳли жанговар транспорт воситасида олинган суратларини эълон қилди. Бу суратлар Россия чегараси яқинида олинган.

«Агар қироллик хонадони аъзоларининг ташрифларига рамзий сигнал сифатида қаралса, Уэлс шаҳзодасининг Эстонияга қилган сафари ва Россия чегараси яқинида ҳарбий либосда танк миниб суратга тушиши энг тўғридан тўғри сигналлардан бири бўлди дейиш мумкин», деб ёзади BBC’нинг қироллик оиласи бўйича мухбири Шон Каглэн.
Эстонияга икки кунлик ташрифи доирасида шаҳзода Уилям минтақада жойлашган Британиянинг 900 нафар ҳарбийдан иборат контингенти, жумладан, ўзи фахрий бош полковник бўлган Мерсиан полки аскарлари билан учрашди.
Унинг шарафига ҳарбий машғулотлар ўтилаётган Тапа лагерида ҳарбий полигон бўйлаб экскурсия уюштирилди. Эстониянинг ушбу шаҳридаги база – НАТОнинг Болтиқбўйи минтақасида «коллектив хавфсизлик ва мудофаа»ни таъминлашга қўшган ҳиссаси ҳисобланадиган «Кабрит» амалиётининг бир қисмидир.
Енгида НАТО белгиси бўлган шаҳзодага ушбу жанговар гуруҳнинг дала машғулотлари намойиш этилган. Бундан ташқари, у эстониялик ва француз ҳарбий хизматчилари билан ҳам гаплашган.
У аскарлардан «Россия чегараси яқинида» хизмат қилиш қандай бўлиши ҳақида сўраган ва бу тажриба олдинги машғулотлар билан қанчалик фарқ қилишига қизиққан.

Россияни тийиб туриш амалда шундай кўринишда – ва бу база кучлар мувозанати қанчалик ўзгариши мумкинлигини кўрсатади. Эстония 1991 йилда мустақилликка эришгунга қадар бу ерда совет ҳаво мудофааси базаси жойлашган бўлиб, у ерда МиГ қирувчи самолётлари Ғарб билан тўқнашишга шай турарди.
Шундан бери барчаси ўзгариб кетган: энди бу ҳудудда Россиянинг эҳтимолий босқинига йўл қўймаслик учун Эстония қўшинлари ва НАТО бўйича иттифоқчилар жойлаштирилган.
Ушбу стратегик аҳамиятга эга ҳарбий база кенгайишда давом этмоқда ва унинг музлаган кўчалари НАТО ҳарбий техникалари билан тўлдирилган.
Шаҳзода Challenger 2 танкида юришдан ташқари, Warrior пиёдалар жанговар машинаси (БМП), французларнинг Griffon русумли жанговар машинаси, баравар ўт очиш реактив тизими, Trojan муҳандислик машинаси, шунингдек, Archer мобил артиллерия қурилмасини бошқарган.
Украинадаги уруш жанговар технологияларни ҳам ўзгартирмоқда, хусусан 20 март куни шаҳзода Таллинда водород ёқилғисида ишлайдиган дрон билан танишган.
Тапа ҳарбий базасида у аскарлардан замонавий армиялар дуч келаётган янги «дронлар таҳдиди» ва бунинг учун зарур бўлган «тактикадаги ўзгаришлар» ҳақида сўраган.
База атрофида «Дронларни кўрганда хабар беринг» деган огоҳлантирувчи белгилар бор.
Пайшанба куни Таллинда маҳаллий аҳоли вакиллари шаҳзоданинг қўлини сиқиш ёки у билан селфи тушиш учун совуқда панжаралар бўйлаб саф тортиб, уни кутиб туришган. У ўз иттифоқчиларига тобора кўпроқ умид боғлаётган, технологик жиҳатдан ривожланган бу кичик мамлакатда илиқ кутиб олинди.
Эстония Украинани фаол қўллаб-қувватламоқда, чунки у Россия билан умумий чегарага эга ва илгари советлар иттифоқи ҳукмронлиги остида бўлган. Таллин бўйлаб Эстониянинг кўк-қора-оқ триколори ёнида Украина байроқлари ҳилпираб турибди.
Кўплаб украиналик оилалар Эстонияда бошпана топган. Шаҳзода Уилям Таллиндаги украиналик қочқин болалар мактабига ташрифи чоғида Украинанинг қудратига юқори баҳо берди.
«Украина матонати – ҳамма нарсада, – деди шаҳзода Уилям ўқувчиларга. – Сизларнинг руҳингиз жуда кучли, кўнглингиз тоза – бу жуда муҳим».