Ўзбекистон | 13:36 / 21.03.2025
1636
1 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон Евросиё тараққиёт банкини таъсис этиш ҳақидаги битимга қўшилмоқда

Сенатнинг бешинчи ялпи мажлисида “Ўзбекистоннинг Евросиё тараққиёт банкини таъсис этиш ҳақидаги битимга (Остона, 2006 йил 12 январ) қўшилиши тўғрисида”ги қонун кўриб чиқилди.

Фото: Сенат ахборот хизмати

Битимнинг асосий мақсади – инвестиция фаолияти орқали унга қўшилган иштирокчи давлатларнинг иқтисодий ўсишига ва улар ўртасидаги савдо-иқтисодий алоқаларни кенгайтиришга кўмаклашиш.

Мазкур ҳужжатга кўра, ушбу банк ўз фаолиятини халқаро шартномалар, халқаро ҳуқуқ, умумэътироф этилган банк фаолияти тамойиллари ва меъёрларига мувофиқ амалга ошириши, шунингдек, банк низоми ушбу битимга илова қилинган ҳолда тасдиқланиши назарда тутилган.

Шунингдек, банк низомида Евросиё тараққиёт банки фаолияти, мақсад ва вазифалари, функциялари, имтиёзлари, устав капитали ва унга обуна бўлиш шартлари ҳамда банк бошқарувига оид тартиб-қоидалар белгиланган.

Бундан ташқари, Евросиё тараққиёт банки иштирокчи давлатларнинг иқтисодиёти ва молиявий бозорлари ҳолати, уларнинг инвестиция имкониятлари, пул-кредит ва валюта муносабатлари, банк ва валютани тартибга солиш соҳасидаги қонунчилик нормалари тўғрисидаги маълумотларни тўплаши, тизимлаштириши ва таҳлил қилиши белгиланмоқда.

Муҳокама якунида сенаторлар томонидан қонун маъқулланди.

Мавзуга оид