Буюк Британия 2022 йилдан бери Россиянинг 25 млрд фунтлик активларини музлатди
Мутахассисларга кўра, санкциялар оқибатида етказилган зарар 400 млрд доллардан ошади, бу эса Россиянинг тўртта ҳарбий бюджетига тенг.

Фото: Reuters
Британия ҳукумати Украинага қарши уруш бошланганидан бери Россиянинг 25 миллиард фунт стерлингдан ортиқ активларини музлатиб қўйди. Бу ҳақда Молия санкцияларини қўллаш бошқармасининг (OFSI) йиллик ҳисоботда сўз боради.
Қайд этилишича, Британия ва унинг иттифоқчилари томонидан РФга қарши жорий этилган санкциялар 2022 йил февралдан бери Россияни 400 миллиард доллардан ортиқ маблағдан маҳрум қилган.
«2022 йил февралдан 2024 йил декабрга қадар OFSI’га Россия алоқадор 25,03 миллиард фунтлик активлар музлатилгани тўғрисида хабар келиб тушган», — дейилади Британия ҳукумати сайтига жойлаштирилган ҳисоботда.
Ҳужжат матнида таъкидланишича, йил давомида музлатилган активларнинг умумий қиймати баҳолаш вақтига кўра кўрсатилган. «OFSI музлатилган активларнинг умумий қийматини фақат музлатиш пайтида қайд этади ва кейинги ўзгаришларни аниқламайди ҳамда қайд этмайди», — дейилади унда.
Ҳисоботда, шунингдек, 2022 йил февралидан буён Буюк Британия ва унинг иттифоқчилари томонидан Россияга қўйилган санкциялар сабабли юзага келган умумий молиявий йўқотишлар баҳоси ҳам келтирилган. Мутахассислар зарарни 400 миллиард долларга баҳолаб, бу суммани Россиянинг тўртта ҳарбий бюджети билан таққослаган. «Россиянинг умумий молиявий аҳволи ёмонлашди ва федерал бюджет дефицити камида 2026 йилгача сақланиб қолиши кутилмоқда», — дея таъкидлайди экспертлар.
2022 йил 24 февралдан бери Буюк Британия Россияга алоқадор 1,9 мингдан ортиқ жисмоний ва юридик шахсларга қарши санкциялар жорий этди. Хусусан, январ бошида Лондон «Газпром нефт» ва «Сургутнефтгаз»га қарши санкциялар эълон қилди. Британия бош вазири Кир Стармер феврал ойида Брюсселга ташрифи давомида европалик ҳамкасбларини Россия энергетика компанияларига қарши чекловларни кучайтиришга чақирган эди.
Мавзуга оид

21:20 / 21.03.2025
Британия шаҳзодаси танкда Россия чегарасига борди

22:06 / 20.03.2025
Британия разведкаси: Россия армиясининг Украинадаги йўқотишлари 900 минг кишига етди

10:05 / 20.03.2025
Буюк Британияда идеал даражада думалоқ тухум аукционда сотилди

19:50 / 19.03.2025