Ўзбекистон | 10:58 / 19.03.2025
8786
2 дақиқада ўқилади

Мактаб директори ва ўринбосарлари ҳамда мактабгача таълим ташкилоти директорларининг ойлиги оширилади

2025 йил 1 сентябрдан бошлаб умумий ўрта таълим ташкилотлари директори лавозимининг базавий тариф ставкаси 20 фоизга, ўринбосари лавозимининг базавий тариф ставкаси 15 фоизга оширилади. 2026 йил 1 январдан умумий ўрта таълим ташкилотларининг директор жамғармаси маблағлари ҳисобидан директор ва унинг ўринбосарларига фаолият самарадорлиги кўрсаткичлари натижасига кўра базавий тариф ставкаларига нисбатан тегишлича 20 ва 10 фоиз миқдорида ҳар ойлик устамалар белгиланади.

Фото: Kun.uz

Президент мактабгача ва мактаб таълими соҳасида бошқарув тизими самарадорлигини ошириш бўйича янги фармон имзолади. Бу ҳақда Мактабгача ва мактаб таълими вазири Ҳилола Умарова хабар берди.

Фармонга билан мактаб директори ва унинг ўринбосарлари ҳамда мактабгача таълим ташкилоти директорлари иш ҳақи миқдорлари оширилмоқда.

Хусусан, 2025 йил 1 сентябрдан бошлаб умумий ўрта таълим ташкилотлари директори лавозимининг базавий тариф ставкаси 20 фоизга, ўринбосари лавозимининг базавий тариф ставкаси 15 фоизга оширилади. Боғчалар директорлари лавозимларининг базавий тариф ставкалари III ва IV гуруҳдаги умумий ўрта таълим ташкилоти директори ўринбосари лавозимининг базавий тариф ставкаларига тенглаштирилади.

Республикадаги 10 мингдан ортиқ мактаб директорлари, 7 мингга яқин боғча директорлари ҳамда 35 мингга яқин мактаб директор ўринбосарларининг иш ҳақи миқдорлари оширилишига эришилади.

2026 йил 1 январдан бошлаб эса умумий ўрта таълим ташкилотларининг директор жамғармаси маблағлари ҳисобидан директор ва унинг ўринбосарларига фаолият самарадорлиги кўрсаткичлари натижасига кўра базавий тариф ставкаларига нисбатан тегишлича 20 ва 10 фоиз миқдорида ҳар ойлик устамалар белгиланади.

Шунингдек, туман бўлимларида қўшимча штатлар ажратилмоқда ва бу ўқувчилар билимини баҳолашни мониторинг қилиш, ўқувчиларга хорижий тил ва касбга ўргатиш вазифаларини амалга ошириш учун тегишли лавозимларни жорий этиш имкониятини яратади.

Ҳудудий бўлинмалари ходимларининг кўп йиллик хизмати учун рағбатлантириш жорий этилмоқда. Жумладан, вазирлик тизимидаги қарийб 15 минг нафар бошқарув ходимларига кўп йиллик хизмати учун рағбатлантириш тизими йўлга қўйилади.

Бундан ташқари, мактаб ходимлари мукофот пули миқдори меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг 75 фоизигача (амалда 50 фоизгача) миқдорида этиб белгиланмоқда.

Яна бир муҳим ўзгариш – авваллари мактабларнинг бўш турган бинолари ижарасидан тушган маблағларнинг 40 фоизи ўша мактабда қоларди. Эндиликда ушбу маблағларнинг 75 фоизи ўша мактаб ривожига сарфланади.

Мавзуга оид