Жаҳон | 23:22 / 19.03.2025
1256
2 дақиқада ўқилади

Исроил Мудофаа армияси Ғазо секторида янги ер усти операцияси бошланганини эълон қилди

ЦАХАЛ операциясининг мақсади хавфсизлик ҳудудини кенгайтириш ва Ғазо сектори шимоли ҳамда жануби ўртасида қисман буфер яратишдан иборат.

Фото: Reuters

Исроил Мудофаа армияси (ЦАХАЛ) Ғазо сектори марказий ва жанубий қисмларида «аниқ мақсадли ер усти ҳаракатлари»ни бошлаганини маълум қилди.

Ер усти ҳаракатлари доирасида исроиллик ҳарбийлар Ғазо секторидаги Нецарим коридори марказигача бўлган назоратини кенгайтирди. Ушбу коридор Исроилнинг жанубидаги Беэри ҳудудидан то денгиз соҳилигача бориб, анклавнинг шимолий қисмини жанубидан ажратиб туради.

ЦАХАЛ операциясининг мақсади хавфсизлик ҳудудини кенгайтириш ва Ғазо сектори шимоли ҳамда жануби ўртасида қисман буфер яратишдан иборат. 2023 йил 7 октябрда ҲАМАС ҳужумининг ортидан Ғазо секторида бошланган ер усти операциясида фаол иштирок этган «Голани» бригадаси Жанубий қўмондонлик ҳудудига жойлаштирилади ва Ғазо секторидаги операцияларга тайёр ҳолатда қолади.

Январь ўрталарида Исроил ва ҲАМАС вақтинчалик сулҳба эришган эди — унинг доирасида 33 нафар гаровдаги исроиллик қарийб 2 минг фаластинлик маҳбус эвазига озод этилди. Исроил ҳарбийларининг Нецарим коридоридан олиб чиқиб кетилиши келишув шартларидан бири эди. Сулҳнинг 42 кун давом этган биринчи босқичи 1 март куни якунланди. Шундан кейин уни узайтириш бўйича келишувга эришилмади. ҲАМАС қўлида ҳозирда 59 нафар исроиллик гаровда қолмоқда. Исроил Мудофаа армияси маълумотларига кўра, уларнинг камида 35 нафари вафот этган. 18 мартга ўтар кечаси Исроил Ғазо секторида икки ойлик сулҳдан кейин жанговар ҳаракатларни қайта бошлади.

Ўз навбатида Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу ҳукумат «уруш мақсадларига эришиш ва Ғазо ҳудуди таҳдид туғдирмаслигини таъминлаш учун кураш олиб боришини» маълум қилди. Унинг сўзларига кўра, Исроилнинг Ғазо секторига зарбалари «фақат бошланиши» бўлиб, улар «гаровга олинганларни озод қилиш учун зарур».

Мавзуга оид