Ўзбекистон | 09:30
1269
2 дақиқада ўқилади

Юқори рейтингдаги фермерларга ер солиғи 3 баробар камайтирилиши мумкин

Ўзбекистонда юқори рейтингли фермерларга ер солиғи 3 баробар, фермерлар кенгашига тўланадиган бадал 2 карра камайиши кутилмоқда. 

Ўзбекистонда энди юқори рейтингдаги фермерларга ер солиғи 3 баробар, фермерлар кенгашига тўланадиган бадал 2 карра камайтирилади. Бу ҳақда Шавкат Мирзиёев 17 март куни ичимлик суви ва иссиқлик таъминоти, маҳаллалар ободлиги ва қишлоқ хўжалиги билан боғлиқ масалалар бўйича видеоселектор йиғилишида маълум қилди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Ҳозирда 93 мингдан зиёд фермерлар фаолияти тадбиркорлик рейтинги орқали баҳоланяпти. Энди бу рейтинг ҳосилдорлик, ишчи сони, маҳсулот ҳажми каби мезонлар бўйича алоҳида бўлиши маълум қилинди.

Юқори рейтингдаги фермерларга кредитни қайтмаслик хавфини суғурталаш талаби бекор бўлади. Ер солиғи 3 баробар, фермерлар кенгашига тўланадиган бадал 2 карра камайтирилади. Пахта ва ғаллада меъёрдан кўп ҳосил олганларга 25 фоизгача ерида чорва озуқаси, сабзавот, дуккакли ва бошқа экинларни алмашлаб экишга рухсат берилади.

Президент фармойиши билан эълон қилинган долзарб бир ойлик доирасида маҳаллаларда олиб борилаётган деҳқончилик ва ободонлаштириш ишлари ҳақида ахборот берилди.

Баҳорда 125 миллион туп кўчат экилиши мўлжалланган. Бунда экин жойларини тўғри танлаш, суғоришни яхшилаш муҳим экани таъкидланди. Жумладан, сув таъминоти оғир маҳаллаларда геомембрана қопламали ҳовузлар барпо этилади.

Ўтган йили тажриба тарзида 208 та маҳаллада “маҳалла-сервис” компаниялари ташкил қилиниб, аҳолига 23 турдаги хизматлар кўрсатиш йўлга қўйилган эди. Энди бу тизим кенгайтирилиб, яна мингта шундай компания тузилади. Хизматлар тури ҳам камида 30 тага етказилади. Хитой тажрибаси асосида 5 минг киши маҳаллага хизмат кўрсатиш бўйича ўқитилади ва 15 минг аҳолининг бандлиги таъминланади.

Бу йилдан 208 та туман ва шаҳар ободонлаштириш бўлимлари таркибида ички йўлларни сақлаш участкалари ташкил қилинди. Уларга қўшимча 5 турдаги махсус техника сотиб олиш учун 700 миллиард сўм ажратилди. Мутасаддиларга ички йўлларни таъмирлаш, маҳаллаларда энергия таъминотини яхшилаш бўйича топшириқлар берилди.

Мавзуга оид