Жаҳон | 23:38 / 18.03.2025
3062
2 дақиқада ўқилади

ЕИ давлатлари «Озодлик радиоси» учун муқобил молиялаштириш манбаларини қидиради

Қўшма баёнотда таъкидланишича, «Озодлик радиоси» «Европа хавфсизлиги учун ўз ҳиссасини қўшмоқда» ва унинг ёпилиши «Европанинг рақибларига совға бўлади».

Фото: EPA

Европа Иттифоқининг 10 та давлати «Озодлик радиоси»ни молиялаштириш учун муқобил манбаларни излашга тайёрлик ҳақида қўшма баёнотни имзолади.

Қайд этилишича, баёнотга Австрия, Белия, Чехия, Эстноя, Германия, Латвия, Литва, Нидерландия, Словения ва Швеция имзо чеккан. Унда айтилишича, «Озодлик радиоси» «айниқса, матбуот эркинлиги таҳдид остида бўлган ҳудудлар фуқароларига мустақил, холис ва фактларга асосланган маълумот етказишда муҳим рол ўйнаган». «Совуқ уруш даврида у «темир парда» ортидаги аудитория учун энг муҳим ишончли ахборот манбаи бўлиб хизмат қилган ва кўплаб мамлакатларимиз тарихида муҳим рол ўйнаган», — дейилади ҳужжатда.

Баёнот муаллифларининг таъкидлашича, «Озодлик радиоси» «Европа хавфсизлиги учун ўз ҳиссасини қўшмоқда» ва унинг ёпилиши «Европанинг рақибларига совға бўлади».

«Озодлик радиоси»ни қўллаб-қувватлаш ташаббусини Чехия илгари сурди. Politico маълумотларига кўра, айнан Прага 17 март куни Брюсселда ўтказилган ЕИ ташқи ишлар вазирлари ушрашувида ушбу масалани кўтарган. Ташаббусни бошқа давлатлар ҳам қўллаб-қувватлаган.

Европа дипломацияси раҳбари Кая Каллас ЕИга «АҚШ қолдириб кетаётган бўшлиқни тўлдириш» осон бўлмаслигини, чунки Евроиттифоқда «шу каби илтимослар билан мурожаат қилаётган ташкилотлар кўплигини» таъкидлаган.

14 март куни Доналд Трамп еттита федерал агентликни, жумладан, «Америка овози» ва «Озодлик радиоси»ни назорат қилувчи Глобал Медиа агентлигини қисқартиришга оид фармонни имзолади. Шундан кейин «Америка овози» ўз фаолияти тўхтатилаётганини маълум қилди, унинг ходимларига эса ишдан бўшаш тўғрисида расмий хабарномалар жўнатиш бошланган.

Мавзуга оид