Жамият | 18:35 / 18.03.2025
2999
3 дақиқада ўқилади

Олмаотада «Лазги. Муҳаббат ва қалб рақси» ўзбек балети намойиш этилди

Спектакл намойиши Абай номидаги Қозоғистон миллий опера ва балет театрида бўлиб ўтди. Бунга қадар ушбу балет Лондон, Дубай, Истанбул, Дортмунд, Париж каби шаҳарларда ҳам намойиш этилган.

Фото: Telegram/Saida Mirziyoyeva

17 март куни Абай номидаги Қозоғистон миллий опера ва балет театри саҳнасида «Лазги. Муҳаббат ва қалб рақси» балети намойиш этилди. Бу ҳақда президент ёрдамчиси Саида Мирзиёева ўзининг Telegram канали орқали маълум қилди.

«Қозоғистонга қилган аввалги сафаримиз чоғида «Лазги. Муҳаббат ва қалб рақси» балети шу қардош юртда ҳам намойиш этилса, деб ният қилгандик. Эзгу ниятимиз ижобат бўлди — 17 март куни Абай номидаги Қозоғистон миллий опера ва балет театри саҳнасида қадимий рақсимиз лазги жонланди», — деб ёзади Саида Мирзиёева.

Қайд этилишича, бундай маданий тадбирлар гўзал ўзбек санъатини намоён этибгина қолмай, қардош миллатлар ўртасидаги дўстлик, биродарлик ришталарини янада мустаҳкамлашга, ўзаро муносабатларни янги босқичга кўтаришга ёрдам беради.

«Биз, президентимиз томонидан бошлаб берилган яхши қўшничилик анъаналарига содиқ қолган ҳолда, Марказий Осиё давлатлари билан иқтисодий, сиёсий ва албатта, маданий соҳаларда ҳамкорликни кучайтиришга ўз ҳиссамизни қўшишни мақсад қилганмиз. Халқларимиз ўртасида тотувлик, аҳиллик ҳукм сурса, ушбу минтақа қудратли ҳамжиҳатлик марказига айланиши шубҳасиз», — дея таъкидлайди президент ёрдамчиси.

Маълум қилинишича, 27 март куни ушбу рақс спектакли Astana Opera саҳнасида яна жонланиб, томошабинларга унутилмас таассуротлар туҳфа этади.

«Лазги. Муҳаббат ва қалб рақси» биринчи марта Dubai Opera саҳнасида намойиш этилган ва кейинчалик Истанбул, Дортмунд, Париж, Санкт-Петербург, Москва ва Лондонда саҳна юзини кўрган.

Шунингдек, бугун, 18 март куни президент ёрдамчиси Саида Мирзиёева Қозоғистон давлат маслаҳатчиси Ерлан Карин билан учрашув ўтказди. Суҳбат чоғида апрел ойида бўлиб ўтадиган «Марказий Осиё–Европа Иттифоқи» саммити ва Орол маданият саммитига тайёргарлик кўриш ва уларни ўтказиш юзасидан фикр алмашилган.

«Ўзбекистон ва Қозоғистон муҳим халқаро тадбирлар доирасида қўшма ташаббусларни илгари суришда фаол ҳамкорлик қилаётгани мамнуният билан қайд этилди. Ижтимоий платформаларни тартибга солиш соҳасида мувофиқлаштириш ва тажриба алмашиш муҳимлигига алоҳида эътибор қаратилди», — дейилади хабарда.

Мавзуга оид