Жаҳон | 16:30
1684
2 дақиқада ўқилади

Япония КХДРга яқин оролига узоқ масофага мўлжалланган ракеталарни жойлаштириши мумкин

Гап қарийб 1000 километр масофага учишга қодир «ер-кема» синфидаги «Тип-12» ракетасининг модернизация қилинган версияси ҳақида кетмоқда.

Фото: Kyodo

Япония ҳукумати узоқ масофага мўлжалланган ракеталарини Кюсю ороли жануби-ғарбига жойлаштириш имкониятини кўриб чиқмоқда, деб хабар беради Kyodo агентлиги.

Таъкидланишича, бу маҳаллий аҳолида потенциал рақиб нишонига айланиш мумкинлиги тўғрисида хавотир уйғотмоқда.

Гап қарийб 1000 километр масофага учишга қодир «ер-кема» синфидаги «Тип-12» ракетасининг модернизация қилинган версияси ҳақида кетмоқда. Бу фавқулодда ҳолат юз берганда душман ҳудудидаги нишонларни йўқ қилиш учун «жавоб зарбаси» воситаларини қуролли кучлар сафига қўшиш чораларининг бир қисми сифатида режалаштирилган. Ракеталар Кюсю оролига жойлаштирилса, улар КХДР ва Хитойнинг қирғоқбўйи ҳудудларини нишонга олиши мумкин.

Манбаларга кўра, ракеталарни жойлаштириш 2026 йил март ойидан бошланиши мумкин. Бу орқали жануби-ғарбда жойлашган Нансэй ороллари тизими хавфсизлигини мустаҳкамлаш мақсад қилинган. Ушбу ороллар Тайванга яқин жойлашгани сабабли Токио учун стратегик аҳамиятга эга.

Таъкидланишича, Юфа ҳудуди (Оита префектураси) ва Кумамото шаҳрига ҳам ракеталарни жойлаштириш имконияти кўриб чиқилмоқда. Кёдо агентлигига кўра, маҳаллий аҳоли қуролларнинг бу ерга жойлаштирилиши ушбу ҳудудларни потенциал рақиблар учун нишонга айлантириши мумкинлигидан хавотирда. Шу билан бирга, агентликнинг қайд этишича, Япония ҳукумати бу турдаги ракеталарни Хитойга яқинроқ Окинавага жойлаштирмайди, чунки бу Пекин билан муносабатлардаги кескинликни кучайтириши мумкин.

Мавзуга оид