Жаҳон | 01:48
661
2 дақиқада ўқилади

Трамп Яман ҳусийларига қарши ҳарбий амалиёт бошлашни буюрди

Ҳусийлар Америка ва бошқа давлатларнинг кемалари, самолётлари ва дронларига қарши қароқчилик, зўравонлик ва терроризмнинг тинимсиз кампаниясини олиб бормоқда, деди АҚШ президенти.

Фото: EPA

АҚШ армиясига Ямандаги ҳусийларга қарши ҳарбий ҳаракатлар бошлаш буйруғи берилди, деди АҚШ президенти Доналд Трамп.

«Бугун мен Америка Қўшма Штатлари ҳарбийларига Ямандаги ҳусий террорчиларга қарши қатъий ва кучли ҳарбий чора кўришни буюрдим. Улар Америка ва бошқа давлатларнинг кемалари, самолётлари ва дронларига қарши қароқчилик, зўравонлик ва терроризмнинг тинимсиз кампаниясини олиб бормоқда», деб ёзди у Truth Social саҳифасида.

The New York Times газетасининг икки юқори мартабали америкалик мулозимга таяниб хабар беришича, Қўшма Штатлар Яман ҳусийлари назоратидаги ўнлаб объектларга кенг кўламли ҳарбий зарбалар беришни бошлаган.

Ҳусийлар – яманлик шиа жангари ҳаракати бўлиб, расман «Ансоруллоҳ» номи билан танилган. Улар Яман ҳукуматига қарши, шунингдек, Саудия Арабистони ва унинг иттифоқчиларига фаол қуролли қаршилик кўрсатади.

Ҳаракат 1990-йилларда Ҳусайн Ал-Хусий таъсирида пайдо бўлган ва унинг номи билан аталган.

Ҳусийлар 2014 йилдан бери Саудия Арабистони ва Ғарб давлатлари томонидан қўллаб-қувватланадиган Яман ҳукуматига қарши фуқаролар уруши олиб бормоқда. Улар Эрон томонидан қўллаб-қувватланади ва бу уларни Эрон ва Саудия Арабистони ўртасидаги кенгроқ минтақавий қарама-қаршиликнинг бир қисмига айлантиради.

2024–2025 йилларда ҳусийлар Қизил денгиздаги кемаларга ҳужум қилиб, буни Исроилнинг Ғазодаги ҳаракатлари учун ўч деб даъво қилишмоқда.

Мавзуга оид