Жаҳон | 15:32
1569
2 дақиқада ўқилади

Бундесвер ўзининг биринчи ҳудудий мудофаа бўлинмасини ташкил қилди

Бундесвер инфратузилмани ҳимоя қилиш ва табиий офат оқибатларини бартараф этиш учун биринчи ҳудудий мудофаа бўлинмасини 6000 нафар ходим билан таъминлади.

Фото: IMAGO/BREUEL-BILD

ГФР Қуролли кучлари — Бундесвер — биринчи ҳудудий мудофаа дивизиясини (Heimatschutzdivision) тузди ва таркибини шакллантирди. Бу ҳақда 14 март, жума куни Берлиндаги Юлий Лебер казармасида ўтказилган тантанали парадда Бундесвер қуруқликдаги қўшинлари қўмондони генерал-лейтенант Алфонс Майс маълум қилди.

Ушбу бўлинманинг шахсий таркиби 6000 кишини ташкил қилади. Унинг вазифаларига муҳим инфратузилмани (портлар, темирйўл иншоотлари, қувурлар, йўллар, кўприклар ва бошқалар) ҳимоя қилиш, шунингдек, қўшинлар ҳаракатини осонлаштириш ва фавқулодда вазиятларда ёрдам кўрсатиш киради.

Ҳаммаси бўлиб, ГФРдаги ҳудудий мудофаа кучлари бешта полкни (Heimatschutzregiment) ўз ичига олади. Улар фақат Германиянинг маълум минтақаларида қўмондонлик остидаги захирадаги аскарлардан иборат.

2025 йил 1 апрелдан бошлаб ҳудудий мудофаа кучлари бевосита қуруқликдаги қўшинларга бўйсунади. Ҳозирги вақтда улар учта бўлинмадан иборат: иккита танк бўлинмаси ва тезкор реакция кучлари бўлинмаси. Ҳар бирида 20 мингга яқин аскар ва офицер хизмат қилади.

Dpa ахборот агентлиги хабарига кўра, ҳудудий мудофаа бўлинмасини яратиш режаси, шунингдек, Германия қуруқликдаги кучларининг яна учта бўлинмаси ҳарбий тажовузни тўхтатиш ёки қайтариш учун НАТОнинг шарқий қанотига, масалан, Полша, Литва ёки Эстонияга ўтказилиши мумкин деган тахминга асосланади. 

Мавзуга оид