Ўзбекистон | 16:16
1096
2 дақиқада ўқилади

Андижон халқаро аэропортида аэродром реконструкциясининг биринчи босқичи якунланди

Биринчи босқич доирасида узунлиги 3300 метр ва эни 60 метр бўлган янги 4Э тоифали учиш-қўниш йўлаги, битта юриш йўлаги ва 3 та самолёт тўхташ жойига эга перрон қурилди.

Фото: Uzbekistan Airports

Андижон халқаро аэропорти аэродроми реконструкциясининг биринчи босқичи якунланди. 2025 йил 15 март куни аэропорт Uzbekistan Airways авиакомпаниясининг Тошкент-Андижон йўналиши бўйича биринчи техник рейсини қабул қилди. Бу ҳақда Uzbekistan Airports хабар берди.

Биринчи босқич доирасида узунлиги 3300 метр ва эни 60 метр бўлган янги 4Э тоифали учиш-қўниш йўлаги, битта юриш йўлаги ва 3 та самолёт тўхташ жойига эга перрон қурилиши якунланди.

Аэродром қопламасининг янги элементлари (учиш-қўниш йўлаги, юриш йўлаги ва перрон) бетондан қурилган. Бу аэропортга Boeing 787, 747, Airbus А330 каби кенг фюзеляжли самолётларни қабул қилиш имконини беради.

Аэродромда иккинчи юриш йўлаги ва 7 та самолёт тўхташ жойига эга перрон қурилиши давом эттирилиб, радар, метеорологик ва ёритиш ускуналарини ўрнатиш бўйича қурилиш-монтаж ишлари олиб борилмоқда. Бу бир вақтнинг ўзида 10 тагача самолётга перронда хизмат кўрсатиш ва тунги вақтда ҳамда ноқулай об-ҳаво шароитида самолётларни қабул қилиш имконини беради.

Андижон аэропорти аэродром мажмуасини тўлиқ реконструкция ва модернизация қилиш муносабати билан 2023 йил 1 апрель куни ёпилган эди. Таъкидланишича, аэропорт тез орада ишга туширилади.

Мавзуга оид