Ўзбекистон | 16:30
2346
3 дақиқада ўқилади

Тошкентга трамвайни қайтариш бўйича яна бир “йўл харитаси” имзоланди

Париждаги маросимда ҳужжатни Тошкент шаҳар ҳокими ўринбосари ва Франция ташқи савдо вазири имзолаган. Икки мамлакат вакиллари ушбу йўналишдаги “йўл харитаси”ни 2022 йилда ҳам тузишган эди.

Alstom Citadis X05 трамвайи. Франциянинг Витри-сюр-Сен шаҳри / Фото: Alstom

Ўзбекистон президентининг Францияга давлат ташрифи доирасида, Тошкент шаҳрида трамвай қатновини йўлга қўйиш бўйича “йўл харитаси” имзоланди.

Журналист Азиза Қурбонованинг хабар беришича, “йўл харитаси”ни Тошкент шаҳар ҳокими ўринбосари Шароф Раҳмонов ва Франция ташқи савдо ва хориждаги фуқаролар бўйича вазир-делегат Лоран Сен-Мартен имзолаган.

Видеодан кадр / Азиза Қурбонова

12 март куни Франция Ташқи ишлар вазирлигида бўлиб ўтган тадбирда эълон қилинган бу янгилик ҳақида Ўзбекистон Транспорт вазирлиги ва пойтахт ҳокимлиги бир кун ўтган бўлса-да, хабар берганича йўқ – қўшимча тафсилотлар ҳозирча маълум эмас.

Франциянинг Alstom компанияси Тошкентда трамвай линиясини қуриши ҳақида илк марта Шавкат Мирзиёевнинг Францияга 2022 йил ноябр ойидаги ташрифи вақтида хабар қилинган эди.

Ўшанда ҳам бу лойиҳага оид “йўл харитаси” имзолаган, имзоловчилар – Ўзбекистон бош вазир ўринбосари Жамшид Хўжаев ва Франция ташқи савдо вазири ва хориждаги фуқаролар бўйича вазир-делегат Оливье Бешт бўлганди.

Alstom Тошкентда 9,1 км узунликдаги трамвай линиясини қуриши, линияда йўловчи ташиш ҳажми кунига 78 минг кишини ташкил этиши режа қилинганди. Қурилиш бошланиши 2024 йилнинг 2-чорагига мўлжал қилинган эди. Лойиҳа қиймати 167,4 млн еврога баҳоланган.

2024 йилда Alstom вице-президенти Саша Парне Тошкентда ўтган инвестиция форумида қатнашиб, трамвайни Янги Тошкентда қуриш ўзбек расмийлари томонидан устувор масала сифатида кўрилаётганини айтганди. У Ўзбекистон пойтахтига трамвайни қайтариш учун транспорт тадқиқоти ўтказиш кераклигини таъкидлаган, шунингдек, эски трамвай йўналишларини тиклаш масаласини “яхши ғоя” деб атаганди.

2023 йилда намойиш этилган Янги Тошкент шаҳрининг лойиҳа-эскизида метро ва трамвайнинг ўзаро уйғун тизимини яратиш кўзда тутилган.

2025 йилги давлат дастури лойиҳасида, сентябр ойигача Тошкент шаҳрида трамвай линиясини қуриш лойиҳаси бўйича техник-иқтисодий асосларни ишлаб чиқиш кўзда тутилган эди. Бироқ дастурнинг президент фармони билан тасдиқланган якуний версиясидан бу банд ўрин олмади.

Маълумот учун, Тошкент шаҳрида 1901 йилдан бошлаб отли трамвайлар, 1912 йилдан бошлаб эса электр трамвай ҳаракатлана бошлаган, 2016 йил май ойига келиб шаҳарда трамвайлар фаолиятига бутунлай нуқта қўйилган.

Ўша вақтгача пойтахтда фойдаланиб келинган трамвайлар ҳисобига, 2017 йилдан бошлаб Самарқандда трамвай қатнови йўлга қўйилган. Аввалроқ Самарқанд трамвайининг учинчи йўналиши очилиши мумкинлиги хабар қилинганди.

Мавзуга оид