Ўзбекистон | 10:57
3969
4 дақиқада ўқилади

“Ўзбекистоннинг сейсмик ҳудудларида зилзилага шароит етилган” – мутахассис

12 март куни эрталаб Тошкентда кучсиз зилзила содир бўлди. Марказий Осиё, жумладан, Ўзбекистонда ҳам охирги йилларда зилзилалар камайиб кетган. Бу яқин йиллар ичида сейсмик ҳудудлар кучли зилзилага тайёрланаётганини англатиши мумкин, дейди Сейсмология институти лаборатория мудири Улфат Нурматов Kun.uz’га берган интервюсида.

Бугун, 12 март куни эрталаб соат 6:16 да Тошкент вилоятида 3,6 магнитудали зилзила содир бўлди. Зилзила ўчоғи Тошкент вилоятининг Тошкент тумани бўлган. Зилзила такрорланиши мумкинми, Ўзбекистон ҳудуди ҳозир қандай сейсмик ҳолатда? Бу саволларга Сеесмология институти сейсмогеодинамика лабораторияси мудири Улфат Нурматов жавоб берди.

Нурматовнинг маълумот беришича, 12 март куни Тошкент вилоятида содир бўлган зилзила узоқ муддатли прогнозларда акс этган.

“Бунақа фаолланишлар охирги марта 2008 йилда содир бўлган эди. Ўшандан кейин мана 2025 йилда бўлди. Бунақа зилзилалар бизнинг зона учун одатий ҳол. Бундай зилзилалар кўп бўлиб тургани маъқул. Чунки ер остида тўпланган энергия тез-тез сарф бўлиб туради. Йиғилиб қолмайди”, – деб тушунтирди у.

Олим 12 март кунги зилзила ўчоғи Тошкент-Писком сейсмик зонасида жойлашгани ва бу ҳудуд вақти-вақти билан фаоллашиб туришини, тарихда Тошкент шаҳри ва унинг атрофида 7-8 та сезиларли зилзила бўлгани ва бу зонанинг потенциали 6,5 магнитудали зилзилани келтириб чиқаришга қодир эканини ҳам қўшимча қилди.

“Тошкент ўчоғида ҳам зилзилага шароит етилиб келяпти, яқин кунларда фаолланиш бўлиб қолиши мумкин деб айтганмиз. Мана ўша бу ўртача статистикага тўғри келди. Бундан кучлироқ ҳам бўлиши мумкин. Чунки бу зонанинг потенциали юқори. Одатда зилзила битта билан тугамайди, кейин майдалари ҳам бўлиши мумкин”, – деди у.

Шунингдек, у Ўзбекистоннинг сейсмик зоналарида кучли зилзилалар юз берганига анча вақт бўлгани ва ўртача такрорланиш даврига нисбатан ҳисобланса, кейинги фаолланишга шароит етилганини ҳам маълум қилди.

“Аниқ кун, ҳафтасини айтиш қийин, яқин келажакда 1-2 йил ичида фаолланиши мумкин деган хулосаларни берамиз. Булар нисбатан ўзини оқлаяпти”, – деди институт лабораторияси мудири.

Олимга кўра, қадимда зилзила содир бўлган ўчоқлар ҳозир сейсмик сокинликда турибди. Масалан, Андижон зилзиласи 1902 йилда содир бўлган, 1937 йилда эса Пискентда бўлган ва ундан кейин бу ҳудудларда кучли зилзила кузатилмаган. “Энди келажакда унга яқин ҳудудларда кучли зилзилалар содир бўлиши мумкин”, – деди Нурматов.

Мутахассис маълумотига кўра, ўтган йиллар ёки ундан олдинги йилларда Марказий Осиёда ўртача ҳар ҳафтада магнитудаси 4 дан баланд бўлган, 5-10 тагача зилзила содир бўлиб турган бўлса, ҳозир улар сони 3-4 тага тушиб қолган.

“Ҳозир Ўзбекистон ҳудудида ҳам зилзилалар сони камайиб кетган. Мана энди Қирғизистонда ҳам 4,6 магнитудали зилзила содир бўлди. Бутун Марказий Осиё ҳудуди аста-секин фаолланиш ҳолатига кириб келиши мумкин. Бунинг санасини аниқ айтиш қийин, тўғри биз оператив прогнозлар билан ҳам шуғулланамиз, бизда яқин келажакда қаерда зилзила бўлиши мумкинлиги бўйича хариталар ҳам ишлаб чиқилган”, – деди институт мутахассиси.

Зуҳра Абдуҳалимова тайёрлади.

Мавзуга оид