Ўзбекистон | 16:33
6018
7 дақиқада ўқилади

Сурхондарёда боласини сотмоқчи бўлган аёл 3 йилга қамалди: 6 бола ва ногирон эр қаровсиз қолди

Жарқўрғон туманида 36 ёшли аёл 7 кунлик чақалоғини сотмоқчи бўлганида тезкор тадбирда ушланган. 6 нафар фарзанди бўлган, турмуш ўртоғи ногирон аёл оилавий шароити оғирлиги, яшаш уйи йўқлиги сабабли шу ишга мажбур бўлганини айтган. Суд унга 3 йилга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинлади. Апелляция суди ҳукмни ўзгаришсиз қолдирган. Олдинроқ шу каби ишда апелляция суди судланувчига шартли жазо қўллаб, унинг моддий аҳволини яхшилаш бўйича маҳаллий ҳокимликка хусусий ажрим киритганди.

Фото: Видеодан кадр

Суд залидан қамоққа...

Kun.uz ўрганган суд ҳужжатида келтирилишича, 1989 йилда туғилган Матлуба Каримова 2024 йил 6 ноябр куни туғилган ўғил фарзандини 62 млн сўмга сотмоқчи бўлган. У 2024 йил 13 ноябр куни Сурхондарё вилояти Транспортда ХТБ ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда мижоз сифатида жалб қилинган шахсдан 62 млн сўмни олганда ушланган.

Жиноят ишлари бўйича Жарқўрғон туман судининг 2025 йил 14 январдаги ҳукми билан Матлуба Каримова Жиноят кодексининг 135-моддаси (одам савдоси) 3-қисми “а” бандида назарда тутилган жиноятни содир қилишда айбли деб топилган. Унга Жиноят кодексининг 57-моддасини қўллаган ҳолда 3 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган. Жазони умумий тартибли колонияда ўташ белгиланган.

Апелляцияда ўзгармаган ҳукм

Матлуба Каримова суд ҳукмидан норози бўлиб, апелляция шикояти киритган. У апелляция шикоятида айбига иқрор ва пушаймонлигини, қарамоғида 6 фарзанди борлигини, оилавий аҳволи оғирлигини айтиб, ўзига нисбатан озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган енгилроқ жазо тайинлашни сўраган. Бироқ Сурхондарё вилояти суди жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати апелляция инстанциясининг 2025 йил 18 февралдаги ажрими билан дастлабки суд ҳукми ўзгаришсиз қолдирилган.

Уйимиз йўқ, эрим ногирон”

Аёл суддаги кўрсатмасида бу ишни уй олиш учун қилишга мажбур бўлганини таъкидлаган.

6 нафар фарзандим бор. Турмуш ўртоғим 2-гуруҳ ногирони. Мен ва турмуш ўртоғим ҳеч қаерда ишламаймиз. Оилавий шароитимиз оғир. Яшаш уйимиз йўқлиги сабабли ижарада турамиз. Уй сотиб олиш мақсадида пул керак бўлгани учун фарзандимни сотишга урингандим. Қилган ишимдан чин кўнгилдан пушаймонман. Қарамоғимда вояга етмаган фарзандларим бор. Оилавий шароитим оғирлигини инобатга олиб енгиллик беришингизни сўрайман”, деган у кўрсатмасида.

Суд ҳайъати Матлуба Каримованинг муқаддам судланмагани, аёллиги, оилавий шароити оғирлиги, қилмишидан пушаймонлигини жазони енгиллаштирувчи, жиноятни “ғаразли-паст ниятларда содир қилгани”ни эса жазони оғирлаштирувчи ҳолатлар деб ҳисоблаган.

Ўхшаш ишлар

Шунга ўхшаш ҳолат олдинроқ Тошкент вилоятининг Қибрай туманида ҳам содир бўлганди. 35 ёшли Зулхумор Абдураҳимова 10 ёшли қизини сотганликда айбланиб, суд ҳукми билан 8 йил муддатга озодликдан маҳрум қилинганди.

Зулхумор ҳам оилада ёлғиз боқувчи, қолаверса ўғли ногирон бўлган. У суд мажлисида фарзандини сотиш нияти бўлмаганини, уни боқиш учун ўзига тўқ оилага бериш нияти бўлганини айтган.

Kun.uz суриштирувидан сўнг апелляция инстанция суди ажрими билан дастлабки суд ҳукми ўзгартирилганди. Яъни аёлга қўлланган 8 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси 5 йил муддатга туширилган ва жазо шартли ҳисобланиб, 2 йил синов муддати белгилан ҳамда аёл суд залида қамоқдан озод қилинган эди.

Фоҳишалик учун одам сотганлар очиқда

Самарқанд шаҳрида яшовчи 41 ёшли Л.Р. (эркак) 2024 йил июл ойида таниши З.Ш.ни фоҳишалик билан шуғулланиш учун Дубай шаҳрига юбормоқчи бўлади. У аёлга Дубайда яхши иш ҳақи тўланиши, барча шароитлар мавжудлиги тўғрисида ёлғон ваъдалар берган.

Л.Р. бу орқали моддий манфаат кўришни мақсад қилган: “Диля” ва “Алсу” исмли шахслардан таниши З.Ш.ни топиб бераётгани ва кўндиргани эвазига 3 минг АҚШ доллари сўраган. У 2024 йил 1 август куни соат 22:00 да Самарқанд шаҳрида ўтказилган тезкор тадбирда 3 минг долларни олган вақтида ушланган.

Суд Л.Р.ни Жиноят кодекси 135-моддаси 1-қисми билан айбли деб топган ҳамда унга 4 йил муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинлаган.

Фарғона шаҳрида яшовчи, 1994 йилда туғилган М.А. (аёл) эса Ғаллаорол туманида яшовчи Н.Ж.ни фоҳишалик қилиши учун Москва шаҳрига олиб кетаётганида Самарқанд халқаро аэропортида ушланган. Жиноят ишлари бўйича Зомин туман судининг 2025 йил 15 январдаги ҳуми билан аёлга 3 йил муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинланган.

Ногирон эр ва 6 болага ким қарайди?

Зулхумор Абдураҳимова ишида апелляция инстанция суди ажрими билан 8 йилга озодликдан маҳрум қилиш жазоси 5 йил муддатга туширилган, шунингдек, жазо шартли ҳисобланган ҳолда 2 йил синов муддати белгиланиб, аёл суд залида қамоқдан озод қилинганди. Бундан ташқари, суд Зулхумор Абдураҳимованинг моддий аҳволини яхшилаш бўйича Қибрай туман ҳокимлигига хусусий ажрим киритган.

Демак, бу ҳуқуқий томондан мумкин. Аммо Матлуба Каримова ишида апелляция суди аёлнинг 6 фарзанди бўлса-да, қолаверса, турмуш ўртоғи ногирон эканини билган ҳолда 3 йиллик озодликдан маҳрум қилиш жазосини ўзгартирмаган.

Тўғри, аёл адашган, уни ҳеч қанақасига оқлаб бўлмайди. Бироқ у бу ишга оилавий аҳволидан келиб чиқиб, мажбурликдан қўл ургани кўриниб турибди. Буни ўзи ҳам судда бир неча бор такрорлаган, қилмишидан пушаймондалигини айтган, енгиллик сўраган. Бундай вазиятда онани 6 боласидан узоқлаштириб, ўзи қийин аҳволдаги уйсиз оилани бутунлай оғир вазиятга тушириб қўйиш қанчалик адолатли қарор? Аёл қамоқда: энди ногирон эр ва 6 болага ким қарайди?

Резултат”ни одамгарчилик орқали қилса бўлмайдими?

Жарқўрғондаги бу жиноят ўз ўзидан содир бўлмаган. Буни ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган – Транспортда хавфсизликни таъминлаш бошқармаси атай уюштирган. Чунки суд ҳукмида ёзилишича, боланинг харидори “тадбирга мижоз сифатида жалб қилинган”. Шунинг ўзи ҳам бу “резултат” учун ясалган жиноят эканига ишора эмасми? Бинобарин, она боласини сотаётгани ҳақида хабар топган ички ишлар органи профилактик суҳбат йўли билан бу ҳолатнинг олдини олиши ҳам мумкин эди.

Оиланинг аҳволини кўра-била туриб, шу жазони танлаган судя Тохир Бекпўлатов ҳамда бу жазони “тўғри” деган судя О.Эргашев, ҳайъат судялари А.Шомуродов ва Ж.Худойбердиевнинг таърифига тил ожиз.

Руслан Сабуров
Kun.uz

Мавзуга оид