Ўзбекистон | 00:58
2580
2 дақиқада ўқилади

«Ташаббусли бюджет» лойиҳаларига овоз бериш бошланди

«Ташаббусли бюджет»нинг 2025 йилги 1-мавсуми доирасида овоз бериш жараёнлари 20 март соат 23:59 га қадар давом этади.

Фото: Kun.uz

Иқтисодий ва молия вазирлиги «Ташаббусли бюджет»нинг 2025 йилги 1-мавсуми доирасида овоз бериш босқичи бошланганини эълон қилди.

Овоз бериш жараёнлари 20 март соат 23:59 га қадар давом этади.

Фуқаролар ўзларига қулай бўлган усуллардан бири орқали, жумладан:

  • «Очиқ бюджет» порталининг веб-саҳифаси;
  • порталнинг мобил иловаси (Android ва iOS);
  • Telegramʼ даги расмий бот ёрдамида овоз бериши мумкин.

«Ташаббусли бюджет»нинг 2025 йилги 1-мавсуми учун лойиҳалар 1-20 феврал кунлари давомида киритилди. Саралашдан ўтган лойиҳаларга 11-20 март кунлари овоз йиғилади. Ғолиблар 21 март — Наврўз байрами куни эълон қилинади.

Аввалроқ Сенат Кенгашининг қарори билан, «Ташаббусли бюджет» жараёнини ўтказиш бўйича амалдаги тартибга тегишли ўзгартиришлар киритилганди. Қарорга кўра, ҳар йили туман ва шаҳар бюджетидан 10 тадан кам бўлмаган, кўпи билан 30 та лойиҳа учун етарли маблағ ажратилиши белгиланган. Бунда, 10 тадан ортиқ лойиҳа учун маблағлар туман ёки шаҳар аҳолисининг тегишли ҳудуддаги улушидан келиб чиқиб тақсимланади.

Мавзуга оид