Жаҳон | 20:43 / 09.03.2025
2033
2 дақиқада ўқилади

Африканинг 15 та давлати 2024 йилда интернетни блоклаш бўйича рекорд ўрнатди

Хусусан, ўтган йили Нигерия, Кения, Танзания, Сенегал, Экваториал Гвинеяда интернет блокланган. Буларнинг баъзиларига исёнчи гуруҳларнинг ҳам алоқаси бор.

Фото: Sopa Images/Shutterstock

2024 йилда Африканинг 15 та давлатида интернет 21 маротаба блокланган — бу рекорд кўрсаткич. 2020 ва 2021 йилларда ушбу минтақада интернет 19 маротаба блокланган эди. Бу ҳақда рақамли маконда ҳуқуқларни ҳимоя қилиш билан шуғулланувчи Access Now нотижорий ташкилоти ҳисоботида сўз боради.

Ҳисобот муаллифларининг қайд этишича, аксарият ҳолатларда интернет ҳукумат томонидан блокланган, баъзида эса бунга бошқа сиёсий кучлар, жумладан, исёнчи гуруҳлар ҳам аралашган. Хусусан, ўтган йили Нигерия, Кения, Танзания, Сенегал, Экваториал Гвинеяда интернет блокланган.

Умуман олганда 2024 йилда дунёнинг 54 та давлатида интернет 296 маротаба блокланган, бу — 2023 йилга нисбатан қарийб 5 фоизга кўп. Блоклашлар бўйича етакчилик Мянмага насиб этган (85 марта), унинг ортидан Ҳиндистон ўрин олган (84).

«2016 йилдан бери қайд этилган 1754 та блоклаш билан боғлиқ ҳар бир ҳолатнинг ортида — асосан сиёсий ваҳималар, тартибсизликлар, зўравонлик ҳамда уруш вақтида бир-биридан ва дунёдан узиб қўйилган одамлар ва жамият тарихи ётади», — дейилади хабарда.

Access Now вакили Фелиция Антонионинг сўзларига кўра, 2024 йилда Африка ва дунёнинг бошқа минтақаларида интернетнинг блокланиш ҳолатлари ортишига сайловлар ўтказилгани ҳам сабаб бўлган.

Мавзуга оид