Ўзбекистон | 17:00 / 06.03.2025
5286
3 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда алюминий банка ишлаб чиқариш соҳасида янги лойиҳа бошланди

Алюминий банка ишлаб чиқариш Ўзбекистонда илк бор йўлга қўйилаётган янги кенг кўламли бизнес йўналишидир. “East Can Solutions” ҚК МЧЖнинг Тошкент шаҳри, Янгиҳаёт туманидаги “Янги авлод” махсус саноат зонасида амалга ошираётган лойиҳаси 21 гектар майдонни эгаллаган бўлиб, ишлаб чиқариш майдонлари 100 минг м² ни ташкил этади.

Лойиҳага йўналтирилган инвестицияларнинг умумий ҳажми 90 миллион долларга тенг. Шу билан бирга Халқаро молия корпорацияси (IFC) томонидан 18 миллион доллар миқдоридаги маблағ ажратилган. Заводда 500 тагача янги иш ўринлари яратилиши мақсад қилинган бўлиб, ишлаб чиқариш 2025 йилнинг июн ойида йўлга қўйилиши режалаштирилган. Келгусида маҳсулотнинг 30 фоиздан ортиғини экспортга йўналтириш кўзда тутилмоқда.

Ишлаб чиқариш мажмуаси икки асосий йўналишни ўз ичига олган вертикал- интеграциялашган модель бўйича ишлайди:

 1. Алюминий банкалар ишлаб чиқариш заводининг йиллик қуввати 2,2 млрд. донани ташкил этади. Биринчи босқичда йилига 1,1 млрд. дона ишлаб чиқариш режалаштирилмоқда.

 2. Яхна ичимликларни идишларга қуйиш (алюминий банкалар ва ПЭТ-қадоқларда – йилига 650,9 млн донагача).

Ўзбекистонда алюминий банкалар ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш орқали айни пайтда 100 фоизни ташкил этувчи импорт ўрнини босишга тўлиқ эришиш мумкин. Бундан ташқари, мамлакатимизнинг қулай географик жойлашуви маҳсулотларни Марказий Осиё ва Кавказорти давлатларига экспорт қилиш имконини беради ва бу, ўз навбатида, компаниянинг минтақадаги мавқеини мустаҳкамлашга хизмат қилади.

“Мазкур лойиҳанинг амалга оширилиши ички бозор эҳтиёжларини қондириш, юқори қўшимча қийматли маҳсулотлар яратиш ва маҳаллий бизнес учун янги имкониятлар демакдир. МИЗ доирасидаги имтиёзли солиқ шартлари ва тайёр ишлаб чиқариш инфратузилмаси, маҳаллий ишлаб чиқаришни ривожлантириш учун қулай шарт-шароитлар яратиб берди”, -дейди завод директори Александр Пашкеев.

“East Can Solutions” тўлиқ қувват билан ишга тушгач, йилига 2,2 миллиард банка ва 650,9 миллион донагача ичимликлар ишлаб чиқариш имкониятига эга бўлади. Ушбу ишлаб чиқаришнинг умумий қиймати 300 миллион АҚШ долларидан юқори бўлиши кутилмоқда.

Автоматлаштиришнинг сифатли даражаси, АҚШ ва Европанинг замонавий ускуналари ҳамда таннархни пасайтиришга қаратилган технологик ечимлар ишлаб чиқаришнинг рақобатбардошлигини таъминлайди.

Лойиҳанинг экологик таркибий қисмига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Маълумки, алюминий идишлар – қадоқлашнинг экологик соф турларидан бири саналади, чунки уларни чексиз равишда қайта ишлаш мумкин.

Ишлаб чиқаришнинг йўлга қўйилиши нафақат Ўзбекистон бозорини сифатли маҳсулот билан таъминлайди, балки халқаро брендлар учун янги истиқболларни ҳам очади. Улар мамлакатимизда маҳаллий ишлаб чиқаришни ташкил этишлари ёки ўз маҳсулотларини қадоқлаш учун “East Can Solutions” МЧЖ ХК қувватларидан фойдаланишлари мумкин.

Ишлаб чиқарилаётган маҳсулотнинг 30 фоиздан ортиғини Россия, Қозоғистонга ва МДҲнинг бошқа мамлакатларига экспорт қилиш режалаштирилмоқда.

Компания яқин йиллар ичида йиллик экспорт салоҳиятини 50 миллион АҚШ долларидан оширишни режалаштирмоқда. Бу эса Ўзбекистонни минтақадаги ушбу йўналишда фаолият юритувчи муҳим иштирокчилардан бирига айлантиради.