Ўзбекистон | 19:50 / 05.03.2025
1848
2 дақиқада ўқилади

Президент ШҲТ бош котиби билан Хитойдаги саммитга тайёргарлик кўриш масаласини муҳокама қилди

Шавкат Мирзиёев Шанхай ҳамкорлик ташкилоти бош котиби Нурлан Ермекбаевни қабул қилди. Учрашувда, хусусан, умумий хавф ва хатарларга қарши курашишда амалий саъй-ҳаракатларни кенгайтириш масаласига эътибор қаратилди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Шавкат Мирзиёев 5 март куни Ўзбекистонда ташриф билан бўлиб турган Шанхай ҳамкорлик ташкилоти бош котиби Нурлан Ермекбаевни қабул қилди, деб хабар беради президент матбуот хизмати.

Қайд этилишича, учрашувда барқарорлик ва хавфсизликка таҳдид солаётган умумий хавф ва хатарларга қарши курашишда амалий саъй-ҳаракатларни кенгайтириш, яхши қўшничилик, ишонч ва шериклик тамойиллари асосида ҳамкорликни янада чуқурлаштириш муҳим экани таъкидланган.

Самарқанд саммитида бошланган ШҲТ фаолиятини модернизация қилиш жараёнини давом эттириш, жумладан, ташкилотнинг барча тузилмалари фаолияти самарадорлигини оширишга алоҳида эътибор қаратилган.

«Янги иқтисодий мулоқот»ни ривожлантириш концепцияси ва мамлакатнинг бошқа қатор ташаббусларини амалга ошириш зарурлиги қайд этилган. «Булар савдони соддалаштириш тўғрисидаги битим, электрон тижорат дастури, инвестицияларни рағбатлантириш комплекси, логистикада рақамлаштириш режаси, «ШҲТ келажак технологиялари» дастури, Озиқ-овқат хавфсизлиги атласи ва бошқаларни қабул қилишдир», — дейилади хабарда.

Шунингдек, Хитойнинг Тянцзин шаҳрида бўлажак ШҲТ саммитига тайёргарлик кўриш масалалари муҳокама қилинган.

Мавзуга оид