Иқтисодиёт | 17:22 / 05.03.2025
6470
4 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон январда энг кўп олтин сотиб олган давлатга айланди

Ўзбекистон Марказий банки 2025 йил январ ойида 8 тонна соф олтин харид қилиб, ўз олтин захираларини 391 тоннага етказди, дея маълум қилди Жаҳон олтин кенгаши.

Фото: Getty images

2025 йилнинг илк ойида Ўзбекистон энг йирик олтин харидорига айланди, дея хабар бермоқда Жаҳон олтин кенгаши (WGC).

Январда марказий банкларнинг соф олтин харидлари 18 тоннага етди. Бунда ривожланаётган мамлакатларнинг марказий банклари етакчилик қилмоқда. Ўзбекистон, Хитой ва Қозоғистон энг йирик харидорлар сифатида ажралиб турди.

Ўзбекистон Марказий банки 8 тонна олтин сотиб олиб, умумий олтин захираларини 391 тоннага етказди. Натижада қимматбаҳо металлнинг мамлакат халқаро захираларидаги улуши 82 фоизга етди.

Хитой Халқ банкининг олтинга бўлган қизиқиши юқорилигича қолмоқда. ХХБ кетма-кет учинчи ойда ҳам соф харид амалга ошириб, январ ойида 5 тонна олтин сотиб олди. Шу тариқа, ой охирига келиб, ХХРнинг олтин захиралари 2 285 тоннага етди, бу – мамлакат умумий халқаро захираларининг 6 фоизини ташкил этди.

Қозоғистон ҳам олтин захираларини оширди. Қозоғистон Миллий банки 4 тонна олтин сотиб олди. 2025 йил 17 январ куни матбуот анжуманида ҚМБ раиси Тимур Сулейменов банк “олтин харидларида пул-кредит нейтраллигига ўтиш” масаласини муҳокама қилаётганини таъкидлаб, бунда асосий мақсад халқаро захираларни ошириш ва иқтисодиётни ташқи зарбалардан ҳимоя қилиш эканини билдирди. Шунингдек, ҚМБ олтин харидларига боғлиқ бўлган “акс таъсир операциялари” доирасида АҚШ долларини сотишни бошлаганини эълон қилди. Қозоғистоннинг умумий олтин захиралари 288 тоннага етди, бу эса мамлакат халқаро захираларининг 55 фоизига тенг.

Шунингдек, Полша Марказий банки (3 тонна), Ҳиндистон Резерв банки (3 тонна), Чехия Миллий банки (2 тонна) ва Қатар Марказий банки (1 тонна) 2025 йил январ ойида соф харидларини давом эттирди.

Ой давомида Россия ва Иордания марказий банклари ҳар бири 3 тоннадан, Қирғизистон Миллий банки эса 2 тонна олтин сотгани қайд этилди.

Жаҳон олтин кенгаши таҳлилларига кўра, ҳарбий можаролардан иқтисодий кескинликларга ўтиш жараёни айниқса 2022 йилдан буён марказий банкларнинг олтин харидларини ошириш тенденциясини мустаҳкамлади. Кўплаб марказий банклар олтин нархининг вақтинчалик пасайишларидан унумли фойдаланган ҳолда стратегик харидлар амалга оширди. Аксинча, олтин нархи кескин ошган пайтларда сотувлар чекланган ва асосан тактик характерга эга бўлган.

“Марказий банкларнинг олтинга бўлган барқарор қизиқиши унинг ривожланаётган геосиёсий хатарлар шароитида стратегик аҳамиятга эга актив эканини яна бир бор тасдиқлайди”, – дейилади WGC таҳлилида.

Ўзбекистон Марказий банки маълумотига кўра, январда Ўзбекистоннинг халқаро захиралари 1,7 млрд долларга ошиб, 42,9 млрд долларга етган. Захираларнинг олтин қисми 3 млрд долларга ошиб, 35 млрд долларни ташкил қилган.

Захиралар умумий қийматининг ўсиши олтин қимматлашаётгани билан боғлиқ: “молиявий ёстиқча”нинг олтин қисми 32 млрд доллардан 35 млрд долларга етган. Олтиннинг соф физик ҳажми эса бирозгина ошган: декабрда 12,30 млн троя унцияни ташкил қилган бўлса, январда 12,56 млн троя унцияга етган.

Мавзуга оид