Ўзбекистон | 10:43 / 05.03.2025
2030
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон ва Германия ўртасида миграция соҳасида шериклик тўғрисидаги битим тасдиқланди

Келишув иш учун вақтинчалик миграцияни рағбатлантириш ва соддалаштириш, иш, касбий таълим ва малака ошириш мақсадида мамлакатда узоқ муддатли бўлишни рағбатлантиришга қаратилган.

Фото: Sputnik / Igor Zarembo

“Халқаро шартномани тасдиқлаш тўғрисида”ги президент қарори қабул қилинди.
 
Ўзбекистон ва Германия Федератив Республикаси ҳукуматлари ўртасида миграция ва мобиллик соҳасида кенг қамровли шериклик тўғрисидаги битим тасдиқланди.

Битим 2024 йил 15 сентябрда Самарқанд шаҳрида имзоланган.

Шартномани амалга ошириш учун, Миграция агентлиги ташқи меҳнат миграцияси қисми бўйича, Ички ишлар вазирлиги реадмиссия қисми бўйича масъул бўлган ваколатли органлар этиб белгиланди.

Вазирлар Маҳкамаси ҳамда тегишли вазирлик ва идораларнинг раҳбарлари ушбу халқаро шартнома кучга киргандан кейин белгиланган тартибда унинг қоидалари амалга оширилиши устидан назоратни таъминлайди.

Ўзбекистон ва Германия 2024 йил 15 сентябр куни Германия канцлери Олаф Шолц ташрифи чоғида миграция ва мобиллик соҳасида ҳар томонлама шериклик тўғрисидаги ҳукуматлараро битимни имзолади.

Ҳужжат 25 моддадан иборат бўлиб, малакали мутахассислар, жумладан, талабалар ва профессионал таълим олаётган шахслар, шунингдек, икки мамлакат ҳудудида ишлашга интилаётган журналистлар ва олимларнинг ҳаққоний мобиллигини рағбатлантиришни назарда тутади.

Бундан ташқари, келишув иш учун вақтинчалик миграцияни рағбатлантириш ва соддалаштириш, иш, касбий таълим ва малака ошириш мақсадида мамлакатда узоқ муддатли бўлишни рағбатлантиришга қаратилган.

Томонлар, шунингдек, ноқонуний миграция ва мигрантларни ноқонуний олиб киришнинг олдини олиш ва унга қарши курашиш, шунингдек, меҳнат эксплуатацияси, мажбурий меҳнат ва одам савдоси, жабрланувчиларни ҳимоя қилиш масалаларида ҳамкорлик қиладилар.

Бундан ташқари, келишувда яшаш ёки икки мамлакат ҳудудига кириш шартларини бажармаган фуқароларни қайтаришни соддалаштириш назарда тутилган.

Мавзуга оид