Ўзбекистон | 17:15 / 05.03.2025
4329
2 дақиқада ўқилади

Фуқароларни меҳнат шартномаси тузмасдан ишга олганлар йирик миқдорда жаримага тортилиши мумкин

Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга шу мазмундаги модда киритилмоқда.

Фото: Getty images

«Фуқаролар билан меҳнат шартномаларини расмийлаштирмаган иш берувчиларга нисбатан қонунчиликда белгиланган жавобгарлик чораларини янада кучайтиришга қаратилган Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартиш ва қўшимча киритиш ҳақида»ги қонун лойиҳаси жамоатчилик муҳокамасига қўйилди.

Лойиҳада меҳнат шартномаси тузмасдан фуқароларни ишга жалб қилиш ҳолатларини камайтириш ҳамда меҳнат ҳуқуқлари ва меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисидаги қонунчилик бузилишини олдини олиш мақсадида Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш таклиф қилинмоқда.

Жумладан, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс 49-5-модда билан тўлдирилмоқда. Унга кўра, фуқаролар билан меҳнат шартномасини қонунчиликда белгиланган тартибда расмийлаштирмаслик ёхуд меҳнат шартномаси тузмасдан ишга жалб қилиш фуқароларга БҲМ 10 баравари (3,75 млн сўм) миқдорида, мансабдор шахсларга эса — 30 баравари (11,25 млн сўм) миқдорида жарима солинишига сабаб бўлиши белгиланмоқда.

Худди шундай ҳуқуқбузарлик мансабдор шахс томонидан маъмурий жазо чораси қўлланганидан кейин бир йил давомида такрор содир этилган бўлса, БҲМ 200 баравари (75 млн сўм) миқдорида жарима солишга сабаб бўлиши назарда тутилган.

Лойиҳа бўйича таклиф ва мулоҳазалар 19 мартгача қабул қилинади.

Мавзуга оид