Axios: АҚШ гаровдагиларни озод этиш бўйича ҲАМАС билан тўғридан-тўғри музокаралар ўтказди
АҚШ ҲАМАС билан музокараларини Исроил билан келишмаган. Маълумотларга кўра, Исроил томони бундан «бошқа каналлар орқали» хабар топган.

Фото: Getty Images
Доналд Трамп маъмурияти гаровдагиларни озод этиш ва Ғазо секторида урушни тўхтатиш бўйича «каттароқ» келишувга эришиш мақсадида ҲАМАС билан тўғридан-тўғри музокаралар ўтказмоқда. Бу ҳақда Axios музокаралар жараёнидан хабардор манбаларига таяниб хабар берди.
Қайд этилишича, музокараларни АҚШ президентининг гаровдагилар бўйича махсус вакили Адам Белер олиб борган. У ҲАМАС вакиллари билан «охирги ҳафталарда» Доҳада учрашган.
Нашр суҳбатдошларининг сўзларига кўра, музокаралар гаровга олинган америкаликларни озод этишга, шунингдек, «узоқ муддатли тинчликка эришишга» қаратилган.
Axios ушбу музокараларни «мисли кўрилмаган ҳодиса» деб атади, чунки олдинлари АҚШ ҲАМАС билан тўғридан-тўғри ҳамкорлик олиб бормаган — 1997 йилда Вашингтон ушбу ташкилотни террорчилик гуруҳи дея эълон қилган.
АҚШ президентининг Яқин Шарқ бўйича махсус вакили Стив Уиткофф ҳам жорий ҳафта Доҳага боришни режалаштирганди, аммо ҲАМАС позицияси сабаб музокаралар олдинга сижиётганини кўрмагани учун ташрифни бекор қилган.
Axios’нинг ёзишича, АҚШ ҲАМАС билан музокараларини Исроил билан келишмаган. Нашр маълумотларига кўра, Исроил бундан «бошқа каналлар орқали» хабар топган.
Ҳозирда 59 киши ҲАМАС қўлида гаровда қолмоқда. Исроил Мудофаа армиясининг қайд этишича, уларнинг 35 нафари вафот этган. Исроил разведкасининг ҳисоблашича, гаровдагиларнинг 22 нафари ҳамон тирик, икки нафарининг тақдири эса номаълум. Гаровга олинганлар орасида беш нафар америкалик ҳам бор. Уларнинг фақат бир нафари тирик экани тахмин қилинмоқда.
Январ ўрталарида Исроил ва ҲАМАС ўт очишни тўхтатиш ва 33 нафар исроилликни озод этиш бўйича келишувга эришганди. Битимнинг биринчи босқичи 42 кун давом давом этиб, 1 март куни якунланди. Иккинчи босқичда қолган гаровдагиларни озод этиш режалаштирилган, Исроил эса Ғазо секторидан қўшинларини бутунлай олиб чиқиб кетиши керак.
Мавзуга оид

08:30
АҚШ Украинага ёрдам тақдим этишни тиклади

18:09 / 11.03.2025
Трампни қўллаб-қувватлаган бизнес элита миллиардлаб доллар йўқотди

17:26 / 11.03.2025
АҚШ маъмурияти мигрантларни «ўз-ўзини депортация қилувчи» иловани ишга туширди

17:23 / 11.03.2025