Жамият | 16:08 / 04.03.2025
3698
2 дақиқада ўқилади

Тошкентда 9 ёшли қизга шилқимлик қилган эркак 5 суткага қамалди

24 ёшли эркак рассомчилик тўгарагида ўқитувчи бўлиб ишлаган. У тўгарак пайтида ўқувчи қизга шилқимлик қилган. Болалар омбудсмани Тошкент шаҳар прокуратурасига суд қарори устидан апелляция тартибида протест киритиш ҳақидаги илтимоснома жўнатган.

Фото: Дарья Пона / 74.RU

Тошкент шаҳридаги 9 ёшли ўқувчига шилқимлик қилган 24 ёшли эркак маъмурий жазога тортилди. Kun.uz суд қарори билан танишди.

Суд ҳужжатида келтирилишича, ҳолат 2025 йил 16 феврал куни соат 13:30 да Яккасарой туманидаги рассомчилик тўгараги мактабида содир бўлган. Тўгарак ўқитувчиси Д.М. вояга етмаган қизнинг елкаларини ушлаб, уқалаб, қўлларини ушлаган ҳолда қучоқлаган ҳамда унга шаҳвоний шилқимлик қилган.

Суд мажлисида Д.М. айбига тўлиқ иқрорлик билдирган. У ўқувчисини топшириқларни бажариб, яхши натижа кўрсатгани учун қучоқлаганини айтган ҳамда бу каби ҳолат бошқа такрорланмаслигини билдириб, суддан ўзига нисбатан енгиллик беришни сўраган.

Жабрланувчининг қонуний вакили Т.Б. судда 16 феврал куни қизи уйга келиб, ўқитувчиси Д.М. дарс вақтида шилқимлик қилганини ҳамда уни қучоқлаб олганини айтган. Шундан сўнг Т.Б. ИИБга ариза билан мурожаат қилиб, Д.М.га нисбатан қонуний чора кўришни сўраган.

Суд Д.М. Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 41−1-моддаси 1-қисмида назарда тутилган (шаҳвоний шилқимлик) ҳуқуқбузарликни содир қилган деб топди. Унга нисбатан 5 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланган.

Болалар омбудсманининг Kun.uz’га билдиришича, мазкур ҳолатда қабул қилинган суд қарори бола ҳуқуқларини таъминлаш нуқтаи назаридан ўрганилган. Айни пайтда мазкур қарор боланинг манфаатига мувофиқ эмаслиги юзасидан Тошкент шаҳар прокуратурасига суд қарори устидан апелляция тартибида протест киритиш ҳақидаги илтимоснома юборилган.

Мавзуга оид