Reuters: АҚШ Россияга қарши санкцияларни юмшатиш режасини тайёрламоқда
Оқ уй АҚШ Давлат департаменти ва Молия вазирлигига Россияга нисбатан юмшатиш мумкин бўлган санкциялар рўйхатини тайёрлашни топширди. АҚШ вакиллари яқин келажакда Россия расмийлари билан ушбу рўйхатни муҳокама қилади.

Фото: REUTERS
АҚШ президенти Доналд Трамп маъмурияти Давлат департаменти ва Молия вазирлигига Россияга нисбатан юмшатилиши мумкин бўлган жорий санкциялар рўйхатини тайёрлашни топширди. Бу ҳақда 3 март, душанба куни манбаларга таяниб, Reuters агентлиги хабар берди.
Россия билан санкцияларни юмшатиш масаласи муҳокама қилинади
Reuters агентлиги Трампнинг Москва билан муносабатларни яхшилаш ва Украинадаги урушни тўхтатиш ниятлари фонида рўйхат лойиҳасини Россияга қарши «санкцияларни юмшатиш режаси» деб атади. Агентлик манбаларига кўра, АҚШ вакиллари яқин келажакда режалаштирилган музокаралар доирасида ушбу рўйхатни Россия расмийлари билан муҳокама қилади.
Айни пайтда АҚШ расмийлари Россиянинг алоҳида юридик ва жисмоний шахсларига, жумладан бир неча олигархларга нисбатан санкцияларни бекор қилиш бўйича таклифлар тайёрламоқда. Вашингтон санкцияларни юмшатиш эвазига айнан нимани талаб қилиши номаълумлигича қолмоқда, дея қайд этади Reuters. Агентликнинг қўшимча қилишича, айрим санкцияларни бекор қилиш фақат АҚШ Конгресси розилиги билан рўй бериши мумкин.
Россия ва АҚШ ўртасидаги музокаралар тикланиши
18 феврал куни Саудия Арабистони пойтахтида Россия Федерацияси ва АҚШ расмий делегациялари ўртасида узоқ вақтдан бери биринчи музокаралар бўлиб ўтди. Россия делегацияси таркибига ташқи ишлар вазири Сергей Лавров, президент ёрдамчиси Юрий Ушаков ва Россия тўғридан тўғри инвестициялар жамғармаси раҳбари Кирилл Дмитриев кирди. Америка томонида давлат котиби Марко Рубио, миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчи Майк Уолц ва Трампнинг Яқин Шарқ бўйича махсус вакили Стив Уиткофф бор эди. Учрашув мавзуларидан бири Украинадаги урушга барҳам бериш бўлди. Европа Иттифоқи ва Украина вакиллари музокараларда қатнашмади.
Ар-Риёддаги учрашувдан олдин 12 феврал куни Доналд Трамп ва Владимир Путин ўртасида телефон орқали мулоқот бўлиб ўтди. Шундан сўнг икки давлат раҳбарлари ўртасида алоқалар кузатилмади, деди Россия президенти матбуот котиби Дмитрий Песков 3 март куни журналистларга.
Мавзуга оид

00:10
Ҳиндистонда Россияга алоқадор навбатдаги «крипто қироли» ҳибсга олинди

22:24 / 12.03.2025
Кремль Путин ва Трамп учрашуви эҳтимолини муҳокама қилмоқда – ОАВ

20:25 / 12.03.2025
Россияда қарийб 54 минг қамоқхона нозири етишмаётгани маълум бўлди

18:24 / 12.03.2025