Электр ва газ учун ижтимоий лимит қайта кўриб чиқилиши керак
Ҳукумат совуқ кунлар билан бошланган март ойи учун ҳам табиий газ таъминотида ижтимоий меъёрни 500 метр куб миқдорида белгилади. Бунгача бу меъёр ёз ойларидагидек 100 метр куб эди. Хўш, бу бир марталик чорами ёки доимий чегарами?

Фото: Getty images
Ижтимоий лимит – фуқаролар ҳаққи ёки чеклов?
Ўзбекистонда электр энергияси ва табиий газ учун жорий этилган ижтимоий лимитлар кучга кирганидан буён қизғин муҳокамаларга сабаб бўлиб келмоқда.
Мамлакатда электр таъминотидаги барқарорлик ва энергия манбаларидан самарали фойдаланиш мақсадида 200 kWhʼгача бўлган электр лимити ва иситиш мавсумида 500 м³, қолган ойларда 100 м³ газ лимити жорий қилинган. Шу миқдоргача арзонлаштирилган нархда тўлов қилинади. Ундан ортиғига истеъмолга қараб нарх ошиб боради. Буни ҳамма билиб, ўрганиб, кўникиб бўлди.
Бироқ бу чекловлар айрим тоифа аҳоли учун қийинчиликлар туғдирмоқда. Мар ойида ҳам совуқлар чекинмаслиги, қорли ва минус даражали тунлар давом этиши муносабати билан президент томонидан март ойи учун ҳам газ лимитини узайтириш топшириғи берилгани, ҳукумат март ойида ҳам 500 м³лик лимит жорий этди. Бу албатта кўпчилик кутган хайрли қадам бўлди.
Ҳозирча бу фақат жорий йил учун амал қиладими ёки доимий бўладими, деган саволга аниқ жавоб йўқ. Бироқ бу фақат 2025 йил учун тааллуқли вақтинчалик чора эмас, келгуси йиллар учун ҳам амал қиладиган ечимга айланиши керак.
Электр энергиясидаги лимитлар
Айни пайтда Ўзбекистонда электр энергияси учун ойига 200 kWh ижтимоий лимит жорий қилинган. Агар истеъмол бу меъёрдан ошса, фуқаролар электр энергиясини қимматлашган тарифда тўлашади.
Бу, айниқса, табиий газ билан таъминланмаган ҳудудларда яшаётган фуқаролар учун адолатсиз ҳолатдир. Чунки республиканинг кўплаб ҳудудлари, айниқса узоқ қишлоқлар газлашмаган. Аҳолида иситиш ёки овқат тайёрлаш учун электрдан фойдаланишдан бошқа имконият йўқ.
Шунинг учун электр таъминотига боғлиқ ҳудудларда ёки ижтимоий лимит оширилиши керак, ёки тўловда 50 фоизлик чегирма жорий қилиниши лозим.
Газ лимити – куз-қиш мавсуми учун ечим бўлиши шарт
Табиий газ бўйича жорий йилда Хоразм ва Қорақалпоғистонда 1 октябрдан, қолган вилоятлар ва Тошкентда эса 1 ноябрдан 1 мартгача 500 м³ газ лимити берилиши белгиланган.
Ҳукуматнинг март ойи учун ҳам бу лимитни давом эттириш қарори тўғри ва ўринли бўлди.
Ўзи илгари иситиш мавсуми 15 октябрдан 15 апрелгача амал қилиб келган. База учун шу муддатга асосланиш адолатдан бўлар эди. Ҳеч ким ортиқча газни ёқиб юбормади, шундоқ ҳам иссиқ кунлар бўлса иқтисод қилади. Чунки аҳоли учун газнинг нархи 1 апрелдан бошлаб 1 м³ учун 1000 сўм бўлмоқда. Ҳамма бирдек иқтисод қилишга ўтади — бу аниқ.
Хоразм ва Қорақалпоғистондан бошқа ҳудудларда октябр ойида, барча ҳудудларда апрел ойида ҳеч бўлмаганда 250 м³ ли лимит жорий этилиши совуқ ва салқин кунларда газ таъминотидан ҳадиксиз фойдаланишга имкон яратган бўларди.
Қолаверса, совуқ кунларда одамлар лимитдан ортиқ қиммат газдан фойдаланиш (чунки 1 апрелдан бошлаб 100 м³ лимитдан ортган газ нархи 1000 м³ гача 1800 сўм қилиб белгиланмоқда) дан кўра кондиционер ёки электр иситгичларни қўшиб, электр энергиясидан фойдаланишни афзал кўришлари, бу эса электр таъминотига ортиқча юклама тушириши ҳам мумкин.
Лимит қолдиғи куйиб кетмаслиги керак
Ҳозирги амалиётга кўра, ой давомида ишлатилмаган ижтимоий лимит қолдиғи куяди. Айтайлик, 200 kWh лимит белгилангани ҳолда ойда 150 kWh ток ишлатсангиз, 50 kWh куяди ва кейинги ойга ўтмайди. Газда ҳам шу аҳвол.
Бу фойдаланувчиларни лимитдан максимал даражада фойдаланишга мажбур қилади ва энергияни тежашга имкон бермайди.
Агар фуқаро 100/500 м³ газ ёки 200 kWh электр лимитини тўлиқ ишлатмаган бўлса, унинг қолдиғи кейинги ойга ўтиши керак. Бу аҳоли учун ҳам, таъминотчилар учун ҳам фойдали бўлади.
Масалан, декабр ойида газ ва электрдан унчалик кўп фойдаланмаган инсонлар январь ойида лимитдан кўпроқ фойдаланиш имкониятига эга бўлиши мумкин. Бу тизим истеъмолчиларни тежамкорликка ҳам ундайди.
Бошқа давлатлар тажрибаси
Дунёда ижтимоий лимит тизими қатор давлатларда мавжуд, бироқ уларда Ўзбекистонникидан фарқли ёндашувлар қўлланади:
- Қозоғистон — аҳолининг ижтимоий ҳимояланган қатламлари учун электр ва газ нархлари давлат томонидан субсидия қилинади.
- Россия — баъзи ҳудудларда ижтимоий меъёр жорий қилинган бўлиб, кам таъминланган аҳолига белгиланган лимитгача арзон нарх таклиф қилинади.
- Германия — энергияни тежашга рағбатлантириш учун аҳоли учун ойлик меъёрлар белгиланган, лекин ишлатилмаган лимит кейинги ойга ўтади.
- Франция — ойлик лимит тизими йўқ, лекин маълум қатламлар учун давлат томонидан тўлов компенсациялари тақдим қилинади.
Кўриниб турибдики, Ўзбекистонда ҳам электр ва газ лимитларини камбағаллик ёки аҳолига қулайлик яратиш нуқтайи назаридан, сих ҳам кабоб ҳам куймадиган қилиб қайта кўриб чиқиш зарур.
Мухтасар қиладиган бўлсак, ҳукумат томонидан электр ва газ учун ижтимоий лимит жорий қилиниши, албатта, иқтисодий асосга эга. Бироқ бу чекловлар аҳолининг реал эҳтиёжларини ҳисобга олган ҳолда такомиллаштирилиши керак.
Қуйидаги чоралар амалга оширилса, бу тизим янада самарали бўлади:
- Электр таъминотида газ етиб бормаган ҳудудларда лимит 400 kWh этиб белгиланиши (кейинги чегаралари ҳам узайтирилиши) ёки тўловда 50 фоиз чегирма жорий қилиниши керак.
- Газ таъминотида лимит бутун мамлакатда 1 октябрдан 1 майгача жорий қилиниши лозим. Бунда, Қорақалпоғистон ва Хоразмдан бошқа ҳудудларда октябр ойида 250 м³лик ва апрел ойида барча ҳудудларда яна 250 м³лик ижтимоий лимит жорий қилинса, яхши бўларди.
- Ижтимоий лимит қолдиғи кейинги ойларга албатта ўтиши керак. Чунки тежамкор истеъмолчилар рағбатлантирилиши шарт.
Энергия ресурсларидан самарали фойдаланиш ва фуқаролар манфаатларини ҳимоя қилиш — давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири бўлиши зарур. Бундай ислоҳотлар газ ва электр таъминотидаги барқарорликни таъминлабгина қолмай, аҳоли учун ҳам қулайлик яратиши лозим.
Шуҳрат Шокиржонов
Мавзуга оид

23:55 / 08.04.2025
Ўзбекистонда 1 майдан электр энергияси учун янги тариф жорий этилади

14:32 / 06.04.2025
Кам таъминланган оилаларга электр ва газ бўйича компенсация берилади

19:11 / 31.03.2025
1 апрелдан табиий газнинг базавий меъёри 100 куб метрга туширилади

12:46 / 28.03.2025