Ўзбекистон | 19:50 / 02.03.2025
10092
2 дақиқада ўқилади

Қозоғистонда ис газидан вафот этганларнинг фақат бир нафари ўзбекистонлик — ФВВ

ФВВнинг Kun.uz’га маълум қилишича, Манғистовда ис газидан заҳарланиб, вафот этган оиланинг фақат бир аъзоси — оила бошлиғи Ўзбекистон фуқароси бўлган.

Фото: Манғистов вилояти ҳокимлиги

Қозоғистоннинг Манғистов вилояти Басқудуқ қишлоғидаги уйда бир оиланинг етти аъзоси ис газидан заҳарланиб, вафот этгани тўғрисида хабар берилганди. Фавқулодда вазиятлар вазирлиги матбуот хизматининг Kun.uz’га фожиа қурбонлари тўғрисида қўшимча маълумот берди.

2 март куни Басқудуқ қишлоғида бир оиланинг ис газидан заҳарланиши билан боғлиқ ҳолат юз берди. Ҳодиса жойига етиб борган қутқарувчилар ва тез ёрдам хизмати бригадаси етти кишининг жасадига дуч келган бўлиб, уларнинг беш нафари вояга етмаган шахслардир.

ФВВга кўра, фақат оила бошлиғи Ўзбекистон фуқароси бўлиб, у қозоғистонлик аёл билан оила қурган — уларнинг беш нафар фарзанди бўлган. Эркак Қозоғистон ҳудудида яшаш гувоҳномаси орқали истиқомат қилиб келган.

Фавқулодда ҳолат сабабларини аниқлаш учун комиссия тузилган, унга Манғистов вилояти ҳокимининг ўринбосари раислик қилмоқда.

«Ҳалок бўлганларнинг қариндошларига ҳар томонлама, жумладан, уларни дафн этишда ёрдам кўрсатилади. Вазият вилоят ҳокимининг шахсан назорати остида», — дейилади хабарда.

Мавзуга оид