Жамият | 13:54 / 02.03.2025
2765
2 дақиқада ўқилади

Ҳудудларда энергия ресурсларидан ноқонуний фойдаланиб келган фуқаролар ва корхоналар аниқланди

Аниқланган ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.

Фото: Бош прокуратура ҳузуридаги департамен

Андижон, Навоий ва Тошкент вилоятларида ҳамда Қорақалпоғистонда энергия ресурсларидан ноқонуний фойдаланганлик ҳолатлари фош этилган. Бу ҳақда Бош прокуратура ҳузуридаги департамент хабар бермоқда.

Маълум қилинишича, департаментнинг Асака ва Андижон тумани бўлимлари ва ИИБ ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирларда фуқаро А.Э. ва “T.D.” оилавий корхонаси масъул шахслари яшаш хонадони ва корхонага қарашли ошхонада умумий фойдаланишдаги электр тармоғига ўзбошимчалик билан уланиб, жами 418,2 млн сўмлик электр энергиясидан ноқонуний фойдалангани аниқланган.

Шу каби, департаментнинг Қибрай тумани бўлими ва ДХХ ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда К.Т. “Обод” МФЙ ҳудудидаги иссиқхонасида умумий фойдаланишдаги табиий газ тармоғига ер ости орқали яширинча уланиб, 240,9 сўмлик табиий газдан ноқонуний фойдалангани аниқланган.

Департаментнинг Навбаҳор ва Балиқчи тумани бўлимлари томонидан ўтказилган терговга қадар текширувларда фуқаролар М.Д. ва И.О. ўзларининг хонадонларида ўзбошимчалик билан газ тармоғига тўғридан-тўғри уланиб, 275,1 млн сўмлик табиий газдан ноқонуний фойдалангани аниқланган

Департаментнинг Амударё тумани бўлими томонидан ўтказилган терговга қадар текширувда фуқаро Ф.А. хонадонида ўзбошимчалик билан электр тармоғига уланиб, 106,4 млн сўмлик электр энергиясидан ноқонуний фойдаланиб келгани аниқланган.

Қайд этилишича, мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.

Мавзуга оид