Ўзбекистон | 16:43 / 01.03.2025
4121
3 дақиқада ўқилади

Миллий статистика қўмитаси ташкил этилмоқда

Ўзбекистон президенти ҳузуридаги Статистика агентлиги Миллий статистика қўмитаси сифатида қайта ташкил этилади. Статистика соҳасига халқаро стандартлар ва сунъий интеллектни жорий этиш кўзда тутилмоқда. Микрофирма ва кичик корхоналар йиллик статистика ҳисоботини топшириш мажбуриятидан халос бўлади.

Статистика органи 2022 йил охиригача Давлат статистика қўмитаси деб атаб келинган, маъмурий ўзгаришлар вақтида Президент ҳузурига ўтказилиб, Статистика агентлиги сифатида қайта ташкил этилган эди. / Архив фото: Яндекс-хариталар

Ўзбекистон президенти ҳузуридаги Статистика агентлиги Миллий статистика қўмитаси сифатида қайта ташкил этилади. Бу ҳақда 24 феврал куни президент фармони қабул қилинган, дея хабар бермоқда Адлия вазирлиги.

Фармон билан, статистика ишлари самарадорлигини оширишнинг қуйидаги устувор йўналишлари белгиланган:

  • макроиқтисодиёт ва тармоқлар даражасида статистик кузатув ўтказиш тизимини ҳамда уларнинг методологиясини халқаро стандарт ва тавсияларга мувофиқ такомиллаштириб бориш;
  • интеграция жараёнларини кенгайтириш орқали статистик ҳисоботларни қисқартириш ва бизнесга ҳисобот топшириш юкини камайтириб бориш;
  • “маҳалладан – республикагача” тамойили бўйича статистик кўрсаткичларни шакллантириш тизимини яратиш орқали маълумотларнинг ишончлилигини таъминлаш.

2025 йил якунигача “Ҳудудлар статистикаси” ахборот тизими ишга туширилади.

2025 йил якуни бўйича ҳисобот давридан бошлаб ходимлар сони йиллик ўртача 5 кишидан кам бўлган ва йиллик тушуми БҲМнинг 2 000 баробари (ҳозирда 750 млн сўм)гача бўлган микрофирма ва кичик корхоналар учун йиллик статистика ҳисоботини топшириш мажбуриятини бекор қилиб, ҳар уч йилда бир маротаба статистик ҳисобот топширилиши белгиланди.

Статистика органларида сунъий интеллект технологияларидан фойдаланган ҳолда, 2026 йил 1 январдан қуйидаги интерактив хизмат турлари жорий этилади:

  • ҳисоботларни топширишда корхона ва ташкилотларга маслаҳат берувчи “Маслаҳатчи” сунъий интеллектга асосланган интерактив хизмати;
  • фойдаланувчиларга статистик маълумотларни тез излаб топишга кўмаклашувчи “Таҳлилчи” сунъий интеллектга асосланган консултатив хизмати;
  • статистик кузатувларни телефон ёрдамида ўтказиш имконини берувчи колл-марказ фаолияти.

Миллий статистика қўмитаси тузилмасида “Миллий статистика тизимини трансформация қилиш” офиси очилади. Трансформация офиси қуйидаги устувор йўналишларда янги механизмларни жорий қилишга масъул бўлади:

  • ички ва ташқи фойдаланувчилар учун зарур бўлган статистик маълумотларни, шу жумладан, аҳоли даромадлари ва уларнинг манбаларини баҳолаш услубиётини такомиллаштириш;
  • микро даражада кузатувларни амалга ошириш ва статистик кўрсаткичларни шакллантириш услубиётини ишлаб чиқиш;
  • статистика маълумотларидан фойдаланувчилар билан самарали қайта алоқани (мижозга йўналтирилганликни) жорий этиш.

2025/2026 ўқув йилидан Миллий статистика қўмитасида Тошкент давлат иқтисодиёт университетининг Иқтисодий статистика кафедраси филиали ташкил этилади.

Эслатиб ўтамиз, статистика органини салкам 8 йил бошқарган Баҳодир Бегалов 2025 йил январ ойида лавозимидан озод этилган, 24 феврал куни Статистика агентлиги директори лавозимига Беҳзод Ҳамроев тайинлангани маълум қилинган эди. Ҳамроев сўнгги беш йилда Марказий банк раиси ўринбосари бўлиб ишлаб келаётганди.

Мавзуга оид