Жаҳон | 17:36 / 01.03.2025
3683
1 дақиқада ўқилади

Курдистон ишчилар партияси Туркия билан ўт очишни тўхтатишга рози бўлди

Ушбу партия ўзини тарқатиб юбориш учун қурултой чақиришга тайёр.

Фото: AFP

Курдистон ишчилар партияси (КИП) ижро қўмитаси Туркия билан ўт очишни тўхтатишини эълон қилди, деб хабар берди Туркиянинг AHaber телеканали.

Аввалроқ, бу ташкилотнинг қамоқдаги етакчиси Абдулла Ўжалан сафдошларини қуролларини ташлаб, партияни тарқатиб юборишга чақирган эди.

Қайд этилишича, КИП ўзини тарқатиб юбориш учун қурултой чақиришга тайёр.

КИП узоқ вақт давомида Туркия ҳудудида мустақил курд давлатини яратиш учун қуролли кураш олиб борди. Ўз давлатига эга бўлмаган энг йирик халқлардан бири бўлган курдлар нафақат Туркияда, балки қўшни Сурия, Ироқ ва Эронда ҳам яшайди. КИП ўнлаб мамлакатларда террорчи ташкилот сифатида рўйхатга олинган.

КИП собиқ раҳбари Ўжалан 1999 йилдан бери қамоқда. Аввалига у ўлимга ҳукм қилинган, аммо кейинчалик унинг жазоси умрбод қамоқ жазосига ўзгартирилган. Унинг чақириғи ортидан Туркия КИП дала қўмондонларидан ўз тузилмаларини тарқатиб юборишини эълон қилишини кутмоқда.

Мавзуга оид