Ўзбекистон | 19:50 / 28.02.2025
3610
2 дақиқада ўқилади

Шавкат Мирзиёев Россия бош вазири ўринбосарини қабул қилди

Учрашув давомида қурилиш тармоғи ва ҳудудларни ривожлантириш соҳасини кенгайтириш масалалари кўриб чиқилди.

Шавкат Мирзиёев 28 феврал куни Россия Федерацияси ҳукумати раисининг ўринбосари Марат Хуснуллин бошчилигидаги делегацияни қабул қилди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.

Қайд этилишича, учрашув аввалида юқори мартабали меҳмон давлат раҳбарига Россия президенти Владимир Путин ва ҳукумат раиси Михаил Мишустиннинг саломи ва энг эзгу тилакларини етказган.

Россия етакчисининг ўтган йил май ойидаги Ўзбекистонга давлат ташрифи давомида эришилган келишувларни амалга ошириш доирасида ўзаро манфаатли амалий ҳамкорлик, шу жумладан, қурилиш тармоғи ва ҳудудларни ривожлантириш соҳасини кенгайтириш масалалари кўриб чиқилган.

«Қурилиш соҳасида кенг кўламли кооперацияни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилди. Икки мамлакат ташкилотлари ва компаниялари иштирокида ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурлари доирасида инфратузилма объектларини лойиҳалаштириш ва қуриш, қурилиш материаллари ва ускуналар етказиб бериш шундай лойиҳалар жумласидан», — дейилади хабарда.

Таъкидланишича, улушли қурилиш, лойиҳалаштириш, экспертиза, рақамлаштириш ва давлат харидларини амалга ошириш бўйича тажриба алмашишни давом эттириш муҳимлиги таъкидланган.

Эслатиб ўтамиз, Шавкат Мирзиёев 11 феврал куни Россия Федерацияси президенти администрацияси раҳбари ўринбосари Максим Орешкин бошчилигидаги делегацияни қабул қилганди.

Мавзуга оид