Ўзбекистон | 22:08 / 28.02.2025
4475
2 дақиқада ўқилади

Шавкат Мирзиёев Рамазон ойи кириб келиши муносабати билан Ўзбекистон халқига табрик йўллади

Президент пок ниятлар ижобат бўладиган ушбу қутлуғ ойда жаҳоннинг турли минтақаларидаги уруш-жанжаллар, низо ва адоватлар барҳам топиб, бутун дунёда тинчлик, ўзаро ҳурмат, бағрикенглик ва ҳамкорлик барқарор бўлишини чин дилдан сўраб, дуолар қилишни тилади.

Давлат раҳбари ҳозирги вақтда барча соҳа ва тармоқлардаги ислоҳотлар муқаддас ислом динининг одамийлик моҳиятига уйғун бўлган «Инсон қадри учун, инсон бахти учун» деган эзгу ғоя асосида амалга оширилаётганини кўплаб мисолларда кўриш мумкинлигини таъкидлади.

Жумладан, ижтимоий ҳимоя тизими самарасини юксалтириш, беморлар, ногиронлиги бўлган, кекса ва ёрдамга муҳтож инсонларни, ёшлар ва хотин-қизларни, чет эллардаги фуқароларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, фарзандларнинг таълим-тарбиясига эътиборни кучайтириш, муқаддас қадамжо ва зиёратгоҳларни обод қилишга қаратилган саъй-ҳаракатлар тобора кенгайиб бораётгани қайд этилди.

«Бу борада бошлаган ишларимизни изчил давом эттириш, юртимиздаги тинч ва фаровон ҳаётни, миллатлар ва динлараро ҳамжиҳатлик муҳитини кўз қорачиғидек асраб-авайлаш бундан буён ҳам доимо эътиборимиз марказида бўлади.

Пок ниятлар ижобат бўладиган ушбу қутлуғ ойда жаҳоннинг турли минтақаларидаги уруш-жанжаллар, низо ва адоватлар барҳам топиб, бутун дунёда тинчлик, ўзаро ҳурмат, бағрикенглик ва ҳамкорлик барқарор бўлишини чин дилдан сўраб, дуолар қиламиз», — дейилади табрикда.

Шавкат Мирзиёев Ер юзидаги барча мўмин-мусулмон биродарларни, дўст ва ҳамкорларни Рамазон ойининг бошланиши билан самимий қутлаб, уларнинг мамлакатлари ва халқларига осойишталик, равнақ ва фаровонлик тилади.

«Азиз ватандошлар!

Рамазони шарифни оила ва яқинлар даврасида катта хурсандчилик билан кутиб олаётган сиз муҳтарам юртдошларимни яна бир бор табриклаб, барчангизга сиҳат-саломатлик, бахту саодат, хонадонларингизга файзу барака тилайман.

Ушбу муқаддас ойда қилинадиган ибодат ва дуолар, эҳсон ва амалларни Парвардигори олам ўз даргоҳида қабул этсин! Халқимизнинг эзгу орзу-интилишлари рўёбга чиқсин! Рамазон ойи барчамизга муборак бўлсин», — дейди президент.

Мавзуга оид