Жаҳон | 20:59 / 28.02.2025
5305
2 дақиқада ўқилади

Россиянинг Вологда вилоятида мигрантларга қурилишда ишлаш тақиқланди

Мигрантлар учун тақиқланган меҳнат соҳалари сони кўпайди.

Фото: Sergey Dzyuba

Россиянинг Вологда вилояти маъмурияти хорижликларнинг шуғулланиши тақиқланган фаолият турлари рўйхатини кенгайтирди. Вилоят раҳбари Георгий Филимонов қарорига кўра, энди мигрантлар қурилиш майдонларида ишлаши мумкин эмас.

Мигрантлар учун тақиқланган меҳнат соҳаларининг янги рўйхатига биноларни қуриш ва бузиш, саноат ускуналарини ўрнатиш, қурилиш майдончаларини тайёрлаш, шунингдек, пардозлаш ва том ёпиш ишлари киради. Тегишли қарор аллақачон кучга кирган.

Металлургия соҳасидаги энг йирик компаниялардан бири «Северсталь» бош қароргоҳи Вологда вилоятининг Череповец шаҳрида жойлашган. Февраль ойи бошида «Северсталь» ўз қурилиш майдончаларига қўшимча 6 минг нафар хорижлик мутахассисни жалб этиши ҳақида хабар берилган эди, бироқ кейинчалик компания бу рақам ҳақиқатга тўғри келмаслигини маълум қилди. Матбуот хизмати 2024 йилда «Северстал» қурилиш объектларида 4,5 минг мигрант ишлагани, 2027 йилгача эса 2 мингга яқин хорижлик қурилиш объектларида ишлашини маълум қилди. Энди уларнинг ўрнини ким эгаллаши номаълум. Янги тақиқ минтақадаги уй-жой қурилишига ҳам таъсир қилади.

Аввалроқ худди шундай тақиқ Краснодар ўлкасида ҳам киритилган эди. Декабрь ойидан буён мигрантлар у ердаги қурилиш майдончаларида ишлай олмаяпти.

Мавзуга оид